Баъзи ҳажга бориб келган ҳожи акаларни гуноҳ ишларни қилиб юрганларини кўрамиз. Баъзилари эса бировлардан пул олиб, вақтида қайтармай фирибгарлик қиладилар. Бизга диндан, ҳадисдан гапириб, насиҳат қилаётган кишиларнинг турли гуноҳ ишларини қилиб юрганларини кўрамиз. Ислом дини ҳақ дин. Инсонларни тўғри йўлга бошловчи дин. Буни эътироф этамиз. Лекин нима учун ҳозирги кунда баъзи мусумонларда бу каби ҳолатлар учрамоқда?

Чоп этилди Aprel 15, 2019 Баъзи ҳажга бориб келган ҳожи акаларни гуноҳ ишларни қилиб юрганларини кўрамиз. Баъзилари эса бировлардан пул олиб, вақтида қайтармай фирибгарлик қиладилар. Бизга диндан, ҳадисдан гапириб, насиҳат қилаётган кишиларнинг турли гуноҳ ишларини қилиб юрганларини кўрамиз. Ислом дини ҳақ дин. Инсонларни тўғри йўлга бошловчи дин. Буни эътироф этамиз. Лекин нима учун ҳозирги кунда баъзи мусумонларда бу каби ҳолатлар учрамоқда?da fikr bildirishni o'chirish

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Аввало Ислом дини ва унга эътиқод қилувчи мусулмон шахс ўртасидаги алоқани яхши билиб олиш керак. Мусулмоннинг хато ва гуноҳ ишлари сабабли Ислом динини қоралаш катта хатодир!
Аслида Ислом динининг моҳияти ва мусулмон шахси бошқа-бошқа масалалардир. Ислом дини мукаммал дин бўлса, мусулмон шахсиёти худди бошқа одамлар каби хато қилиши табиий бўлган оддий инсон. Унинг қилган айбу хатолари Исломнинг ноқислигидан эмас! Шу сабабли Аллоҳ таоло бизга ким мутлақ ўрнак бўла олишини баён қилади.

لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا

“(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир”.
Демак, бизга Пайғамбаримиз алайҳиссалом мутлақ ўрнак бўладиган инсондирлар. У зот қилган табиий, инсоний одатларга алоқаси бўлмаган барча ишлар – диндир. Ислом қандай дин эканини билмоқчи бўлганлар у зотнинг ҳаётларини ўргансин. Ваҳолангки, ҳеч бир доҳийнинг ҳаёти у зотнинг ҳаётларичалик ўрганилмаган.
Аллоҳ таоло Ислом дини орқали ўзининг адолат мезонини ўрнатиб қўйган. Қиёмат кунида ҳар бир инсон, у ким бўлишидан қатъий назар, барча амаллари учун ана шу мезон асосида жавоб беради. У амаллар куфр, зино, одам ўлдириш ва бировларни молини ноҳақ ейиш каби катта гуноҳлар бўладими, ёки улардан бошқа кичик гуноҳлар бўладими ҳисоб кунида жавобсиз қолмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

فَمَنْ يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَهُ وَمَنْ يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ شَرًّا يَرَهُ

«Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар» (Залзала сураси, 7-8 оят).
Дунёда баъзи бир инсонлар қилмишларининг жазосидан қутилиб қолишлари мумкин. Аммо Қиёмат куни ҳеч бир ҳақ зое бўлмайди. Бунда фақат одамлар орасидаги ҳақ-ҳуқуқларгина эмас, балки барча махлуқотлар орасидаги ҳақ-ҳуқуқлар ҳам адолат билан ўз эгасини топади.

وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَتُؤَدَّنَّ الْحُقُوقُ إِلَى أَهْلِهَا يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُقَادَ لِلشَّاةِ الْجَلْحَاءِ مِنَ الشَّاةِ الْقَرْنَاءِ» (رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, қиёмат куни ҳақларни ўз аҳлига адо қилурсиз. Ҳаттоки шохсиз қўйга шохли қўйдан ўч олинади” деганлар” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).
Шунинг учун мусулмон киши доимо ўзини тергаб туриши, назорат қилиб, айб ва камчиликларини тўғирлашга ҳаракат қилиш лозим бўлади.
Сиз саволда сўраган ҳолатларнинг учраб туриши бугунги кунда биз мусулмонлар руҳий тарбияга, қалб касалликларини даволашга қай дарада муҳтож эканимизни кўрсатмоқда! Албатта, қалб танадаги барча аъзоларнинг подшоҳи ва йўлбошчисидир.
Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«أَلاَ وَإِنَّ فِي الجَسَدِ مُضْغَةً : إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الجَسَدُكُلُّهُ، وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الجَسَدُ كُلُّهُ، أَلاَ وَهِيَ القَلْبُ» (رَوَاهُ البُخَارِيُّ).

“Огоҳ бўлинглар, жасадда бир парча гўшт бор. У ислоҳ бўлса, жасаднинг бошқа аъзолари ҳам ислоҳ бўлади. Агар у бузилса, тананинг бошқа аъзолари ҳам бузилади. Огоҳ бўлингларки, ўша бир парча гўшт –қалбдир” (Имом Бухорий ривояти).

Қолаверса, беайб Парвардигор. Ҳеч ким мен айб қилмайман, дея олмайди. Бандада хато-камчилик бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек «Ҳар бир Одам боласи хатокордир. Хатокорларнинг энг яхшиси тавба қилувчилардир”. Мусулмон киши одамларнинг қилганига қараб эмас, ўз динининг кўрсатмасига биноан амал қилади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar