Аёл киши ҳайздаги одатини қандай аниқлайди? Ҳомиладор бўлишдан аввал олти кун ҳайз кўрган. Нифоси тугагач, ўн кундан ортиқ ҳайз кўрса, одатини олти кун ҳисоблайдими ёки ўн кун ҳайз ҳисоблаб, қолгани истиҳозами?

Чоп этилди Mart 12, 2019 Аёл киши ҳайздаги одатини қандай аниқлайди? Ҳомиладор бўлишдан аввал олти кун ҳайз кўрган. Нифоси тугагач, ўн кундан ортиқ ҳайз кўрса, одатини олти кун ҳисоблайдими ёки ўн кун ҳайз ҳисоблаб, қолгани истиҳозами?da fikr bildirishni o'chirish

Ҳайзнинг энг ками уч кечаю уч кундуз, энг кўпи ўн кечаю ўн кундуздир. Мана шу муддат ичида икки қон ўртасидаги поклик ҳам ҳайз ҳисобланади, яъни, ҳайз муддати ичида тўхтовсиз қон келиши шарт қилинмайди. Икки ҳайз ўртасидаги поклик ўн беш кундан кам бўлмаслик керак.
Демак, биринчи марта ҳайз кўраётган аёл уч кундан ортиқ, ўн кундан кам қон кўрса, бу унинг одатига айланади. Агар ўн кундан ортиқ қон кўрса, ўн куни ҳайз, ундан ортгани истиҳоза, деб аталади. Иккинчи марта ҳайз муддати биринчисидан ортиқ ёки кам бўлса, одати шунга ўзгарган бўлади.

Нифосдан олдин олти кун ҳайз кўрган аёл, нифосдан кейин ўн кундан ортиқ қон кўрса, олти кунини ҳайз, ортиғини эса истеҳоза қони деб ҳисоблайди. Ўн кунгача қон кўриб тургани учун намоз ўқимай туради, ўн кундан ўтиб кетгач, олти кундан ортиғи истиҳоза экани маълум бўлади ва олти кундан кейинги намозларнинг қазосини ўқийди. Агар олти кундан кам ёки кўп ҳайз кўрса, масалан, беш кун ёки саккиз кун ҳайз кўрса, одати шунга ўзгарган бўлади. Ҳайз ва нифосдаги одат – Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг сўзига кўра бир мартада ўзгаради ва шу сўзга фатво берилган.

Имом Сарахсий “Ал-Мабсут” китобида бундай дейдилар:

إذَا انْقَطَعَ دَمُ الْمَرْأَةِ دُونَ عَادَتِهَا الْمَعْرُوفَةِ فِي حَيْضٍ أَوْ نِفَاسٍ اغْتَسَلَتْ حِينَ تَخَافُ فَوْتَ الصَّلَاةِ ، وَصَلَّتْ وَتَجَنَّبَهَا زَوْجُهَا احْتِيَاطًا حَتَّى تَأْتِيَ عَلَى عَادَتِهَا ؛ لِأَنَّ حَيْضَ الْمَرْأَةِ لَا يَبْقَى عَلَى صِفَةٍ وَاحِدَةٍ فِي جَمِيعِ عُمُرِهَا بَلْ يَزْدَادُ تَارَةً وَيَنْقُصُ أُخْرَى

Яъни: “Аёл киши ҳайз ва нифосдаги одатидан кам муддатда покланса, намоз вақти ўтиб кетишидан хавф қилган вақтда ғусл қилади ва намоз ўқийди. Одат кунлари келгунча, эҳтиётан, эри жинсий алоқадан тийилиб туради. Чунки аёлнинг одати доим бир хил турмайди, кўпайиб камайиб туради”. (Манбалар: “Фатҳу бобил иноя”, “Фатовои ҳиндия” ва “Ҳидоя” китоблари) Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar