Бир жойда Имом Дорақутний ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимда ким қабристондан ўтаётиб Ихлос сурасини ўн бир марта ўқиб, савобини қабристонда ётган ўликларга бағишласа, савоби уларнинг ҳаммасига етиб, ўқиган кишига ҳам қабристондаги ўликлар ададича (сонича) савоб берилади», деган ҳадисни ўқиб қолдим. Шундай ҳадис борми? Унинг ишончлилиги қай даражада?

Чоп этилди Mart 12, 2019 Бир жойда Имом Дорақутний ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимда ким қабристондан ўтаётиб Ихлос сурасини ўн бир марта ўқиб, савобини қабристонда ётган ўликларга бағишласа, савоби уларнинг ҳаммасига етиб, ўқиган кишига ҳам қабристондаги ўликлар ададича (сонича) савоб берилади», деган ҳадисни ўқиб қолдим. Шундай ҳадис борми? Унинг ишончлилиги қай даражада?da fikr bildirishni o'chirish

Сиз келтирган таржимада бироз камчиликлар мавжуд. Унинг асл матни ва санади ҳамда унинг ишончлилик даражаси билан қуйида қисқача танишиб чиқамиз.

حَدَّثَنَا أَحْمَدُ بْنُ إِبْرَاهِيمَ بْنِ شَاذَانَ ، حَدَّثنا عَبْدُ اللَّهِ بْنُ عَامِرٍ الطَّائِيُّ ، حَدَّثَنِي أَبِي ، حَدَّثنا عَلِيُّ بْنُ مُوسَى ، عَنْ أَبِيهِ ، مُوسَى ، عَنْ أَبِيهِ ، جَعْفَرٍ ، عَنْ أَبِيهِ ، مُحَمَّدٍ ، عَنْ أَبِيهِ ، عَلِيٍّ ، عَنْ أَبِيهِ الْحُسَيْنِ ، عَنْ أَبِيهِ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : » مَنْ مَرَّ عَلَى الْمَقَابِرِ وَقَرَأَ قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ إِحْدَى عَشْرَةَ مَرَّةً ثُمَّ وَهَبَ أَجْرَهُ لِلأَمْوَاتِ أُعْطِيَ مِنَ الأَجْرِ بِعَدَدِ الأَمْوَاتِ «.

Аҳмад Ибн Иброҳим ибн Шозон Абдуллоҳ ибн Омир Тоийдан ҳадис ривоят қилади. У эса отасидан, у Али ибн Мусодан, у отаси Мусодан, у отаси Жаъфардан, у отаси Муҳаммаддан, у отаси Алидан, у отаси Ҳусайндан, у отаси Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки қабрлар олдидан ўтиб, “Қулҳуваллоҳу Аҳад” (сураси)ни ўн бир марта ўқиса ва савобини вафот этганларга бағишласа унга вафот этган кишилар ададича ажр бўлур”, деганлар”.
Мазкур ривоятни Имом Дорақутний, Шамсиддин Мақдисий, Дайламий, Абу Муҳаммад Самарқандийлар мазкур тариқ (яъни, ровийлар силсиласи) асосида ривоят қилишган бўлиб, кўпчилик муҳаддис уламолар уни тўқима ривоят эканини айтишган. Жумладан, машҳур муҳаддис олим Шамсиддин Саховий “Ал-Ажвибатул марзийя”да ва Исмоил ибн Муҳаммад Ажлуний “Кашфул-хофаъ”да ушбу ҳадисни мавзу, яъни, тўқима ҳадис эканини айтишган. Аллома Саховийнинг таъкидлашича ушбу ҳадиснинг барча тариқи асосан икки шахсга бориб тақалади. Улар: Абдуллоҳ ибн Аҳмад ат-Тоий ва унинг отаси Аҳмад ибн Омир. Ушбу ровийлар муҳаддислар наздида Пайғамбар алайҳиссаломга ёлғон тўқиш билан танилишган.

Аллома Саховийнинг мазкур ровий борасидаги фикрини бошқа муҳаддисларнинг асарларида ҳам учратиш мумкин. Масалан: Имом Заҳабий “Мезон”да, Ибн Жавзий “Тазкиратул-мавзуот”да, Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний “Лисонул-мезон”да ва Аллома Жалолиддин Суютий “Зайлул- аҳодисул-мавзуа”да Абдуллоҳ ибн Аҳмад ат-Тоий ва унинг отаси тўқима ҳадисларга оид алоҳида тўплами ила машҳур бўлишгани, уларнинг ривоятларига ишониб бўлмаслигини айтиб ўтишган. Шундан келиб чиқадики, мазкур ривоятни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат бериш жоиз эмас.

Вафот этганларга солиҳ амалларни, хусусан, Қуръони карим тиловатининг савобини бағишлаш, қабристонда тиловат қилиш борасида саҳиҳ ва ҳасан даражасидаги кўплаб ҳадислар мавжуд. Ана ўша ҳадисларга таяниб, уламоларимиз қабристонда Қуръон тиловат қилиб, савобини вафот этганларга ҳадя қилиш жоиз амал эканига иттифоқ қилишган (манба: “Ал-Ажвибатул марзийя”, “Кашфул хофаъ ва музийлул илбас”, “Мезонул иътидол фи нақдир рижол” китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar