Бир китобдан масжидда азон айтмасдан намоз ўқиш макруҳ, шаҳардаги хонадонларда эса азон айтмасдан намоз ўқиш макруҳ эмас, деб ўқидим. Шунга изоҳ берсангиз.

Чоп этилди Aprel 8, 2019 Бир китобдан масжидда азон айтмасдан намоз ўқиш макруҳ, шаҳардаги хонадонларда эса азон айтмасдан намоз ўқиш макруҳ эмас, деб ўқидим. Шунга изоҳ берсангиз.da fikr bildirishni o'chirish

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Ҳақиқатан, масжидда азон ва иқомат ёки иккисидан бири айтилмай қолиши макруҳ ҳисобланади. Чунки азон ва иқоматнинг ҳар бири таъкидланган суннатдир (“Фатҳу бабил иная”).

Шаҳардаги уйида намоз ўқувчи намозининг адоси жамоат кўринишида бўлиши учун, азон ва иқомат билан ўқийди. Агар азон ва иқоматни айтмаса ҳам жоиз бўлади. Ибн Масъуд разияллоҳу анҳунинг: “Маҳаллада айтилган азон бизга кифоя қилади”, деган гаплари бунга далил бўлади

Чунки маҳалла аҳли ўзларига муаззин танлагач, ҳукман, унинг азон айтиши маҳалла аҳлининг азонидек бўлади (“Ҳидоя”, “Фатҳу бабил иноя”).

Уйда намоз ўқийдиган киши азон ва иқоматни тарк қилиши, ўша маҳаллада азон айтилиб турган бўлса, макруҳ эмас. Лекин азон ва иқомат билан намоз ўқиши афзал ҳисобланади. Намозхон битта бўлса ҳам, кўпчилик бўлишса ҳам, фарқи йўқ.

Агар ўша маҳаллада азон айтилмайдиган бўлса, азон ва иқоматни тарк қилиш макруҳ бўлади, фақат азонни тарк қилиши макруҳ бўлмайди. Иқоматни тарк қилса, макруҳ бўлади (“Фатавои ҳиндия”).

Шуни ҳам айтиш керакки, катта қишлоқлар ҳам шаҳар ҳукмига киради.

Демак, доим масжидларида азон айтилиб турадиган шаҳар ва маҳаллаларда яшовчилар, уйларида азон ва такбирсиз намоз ўқишлари жоиз, макруҳ бўлмайди. Лекин азон ва такбир айтиб ўқисалар афзал бўлади, савобга эришадилар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar