Бир танишим овқатдан сўнг дуо қилаётган вақтда ишларимизни “Довуд пирим қўлласин”, баъзан эса “йигит пирим қўлласин” деб дуо қилади. Шундай деб дуо қилиш жоизми?

Чоп этилди Mart 12, 2019 Бир танишим овқатдан сўнг дуо қилаётган вақтда ишларимизни “Довуд пирим қўлласин”, баъзан эса “йигит пирим қўлласин” деб дуо қилади. Шундай деб дуо қилиш жоизми?da fikr bildirishni o'chirish

Бундай дуо қилиш жоиз эмас. Мусулмон киши барча ҳожатларини сўрашда фақат Аллоҳ таолодан сўрашга ва унинг Ўзигагина ибодат қилиши лозим. Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай дейди:

فمن كَانَ يَرْجُوا لِقَاءَ رَبِّهِ فَلْيَعْمَلْ عَمَلًا صَالِحًا وَلَا يُشْرِكْ بِعِبَادَةِ رَبِّهِ أَحَدًا (سورة الكهف/110)

яъни: “…Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!” (Каҳф сураси, 110-оят).

Ҳар қандай истак, тилаклар фақат ёлғиз Аллоҳдан сўралиши керак. Айниқса, вафот этган авлиёлар ҳожатларни ҳал қилади, ғам ташвишларни кетказади деб, улардан ёрдам, мадад ва қўллаб-қувватлашни сўраб эътиқод қилиш қаттиқ адашишдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

وَمَنْ أَضَلُّ مِمَّنْ يَدْعُو مِنْ دُونِ اللَّهِ مَنْ لَا يَسْتَجِيبُ لَهُ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ وَهُمْ عَنْ دُعَائِهِمْ غَافِلُونَ (سورة الأحقاف/5)

яъни: “Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиганларга илтижо қиладиган кимсадан кўра ким ҳам адашганроқдир?! Ҳолбуки, у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофил (бехабар)дирлар” (Аҳқоф сураси, 5-оят).

Пир тасаввуфда устоз маъносини билдиради. Баъзи илмсиз кишилар ўтган пирларга нисбатан нотўғри эътиқод қилиб, уларни турли ғойибона ёрдамларни бериш қобилиятига эга деган хаёлга борадилар. Шу маънода “Ё пирим!” дейиш шаръан дуруст эмас. Қолаверса, бундай деб дуо қилиш Аллоҳ таолога нисбатан одобсизликдир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar