Жамоатга кеч қолиб, пешин намози фарзининг тўртинчи ракатига етишган киши қолган ракатларни қандай тартибда якунлайди?

Чоп этилди Fevral 26, 2019 Жамоатга кеч қолиб, пешин намози фарзининг тўртинчи ракатига етишган киши қолган ракатларни қандай тартибда якунлайди?da fikr bildirishni o'chirish

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Жамоат намозида имомга биринчи ракатда эргаша олмаган киши масбуқ дейилади. Масбуқ тўрт ракатли намозларнинг тўртинчи ракатидан имомга эргашса, имом билан охирги қаъдада “Аттаҳийёт”ни “…абдуҳу ва расулуҳу”гача ўқийди ва саловат ва дуоларни ўқимай, имом салом бергач, туриб, сано (“Субҳанакаллоҳумма…”)ни ўқийди, таъаввуз ва басмалани айтиб, Фотиҳа ва зам сура ўқийди. Кейин руку ва сажда қилгач, ўтириб ташаҳҳуд ўқийди. Сўнг кейинги ракатга туриб “Басмала”ни, Фотиҳа ва зам сурани ўқиб, руку ва сажда қилади. Сўнг Охирги ракатга туради. Бунда фақат Фотиҳа сурасини ўқиб, руку ва сажда қилгач, ўтириб ташаҳҳуд, салавот ва дуоларни ўқиб салом беради.

Масбуқ тўрт ракатли намознинг учинчи ракатидан имомга эргашса, имом билан ташаҳҳудга ўтиради. Имом салом бергач туриб, сано, таъаввуз, басмалани айтиб, Фотиҳа билан зам сура ўқийди. Руку ва сажда қилади. Кейинги ракатда ҳам басмала, Фотиҳа ва зам сурани ўқиб, руку ва сажда қилиб охирги қаъдага ўтиради. “Аттаҳийёт”, “Салавот” ва “Роббана атина…” дуоларини ўқиб, салом билан намозини тугатади (манба: “Фатовои Ҳиндия”, ва “Шарҳ муниятил мусоллий” китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar