Масжиддан чиққанимизда бир биродаримиз Қуръондаги ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг дуолари билан овозини чиқариб дуо қилди. Шунда бир дўстимиз дуони ичида махфий қилиш афзал, деб танбеҳ бергандек бўлди. Уни бошқалар ҳам маъқуллади. Шу масалада бироз тушунча берсангиз?

Чоп этилди Mart 12, 2019 Масжиддан чиққанимизда бир биродаримиз Қуръондаги ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг дуолари билан овозини чиқариб дуо қилди. Шунда бир дўстимиз дуони ичида махфий қилиш афзал, деб танбеҳ бергандек бўлди. Уни бошқалар ҳам маъқуллади. Шу масалада бироз тушунча берсангиз?da fikr bildirishni o'chirish

Дуони паст овозда ҳам, овоз чиқариб ҳам, қилиш жоиз. Махфий дуо қилиш афзал, дегани овоз чиқариб дуо қилманг, дегани эмас. Ҳадиси шарифларда дуода ҳаддан ошишдан қайтарилган:

عن أَبَي مُوسَى الأْشْعَرِيّ قَال: قَدِمْنَا مَعَ رَسُولِ اللَّهِ فَلَمَّا دَنَوْنَا مِنَ الْمَدِينَةِ كَبَّرَ ، وَكَبَّرَ النَّاسُ وَرَفَعُوا أَصْوَاتَهُمْ ، فَقَال النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : «يَا أَيُّهَا النَّاسُ : ارْبَعُوا عَلَى أَنْفُسِكُمْ ، إِنَّكُمْ لَيْسَ تَدْعُونَ أَصَمَّ وَلاَ غَائِبًا ، إِنَّكُمْ تَدْعُونَ سَمِيعًا قَرِيبًا ، وَالَّذِي تَدْعُونَ أَقْرَبُ إِلَى أَحَدِكُمْ مِنْ عُنُقِ رَاحِلَةِ أَحَدِكُمْ» (رَوَاهُ البُخَارِيُ وَمُسْلِمٌ).

Абу Мусо ал-Ашъарий айтадилар: “Расулуллоҳ билан сафардан қайтдик. Мадинага яқинлашганимизда у зот такбир айтдилар. Одамлар ҳам такбир айтишди.

Уларнинг овозлари кўтарилиб кетди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй, одамлар! Ўзингизни қийнаманглар. Сизлар кар ёки узоқдаги бир зотга дуо қилаётганингиз йўқ. Балки, сизлар ўта эшитувчи, яқин зотга дуо қилмоқдасиз. Сиз дуо қилаётган зот сизга уловингизнинг бўйнидан ҳам яқинроқ”, дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Демак, Аллоҳ таолонинг:

اُدْعُوا رَبَّكُمْ تَضَرُّعًا وَخُفْيَةً إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ

Яъни: “Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” (Аъроф сураси, 55-оят), деган оятига мувофиқ дуони овоз чиқариб ва махфийлик ўртасида қилиш унинг одобларидан саналади. Овоз чиқариб дуо қилишда ҳаддан ташқари овозни кўтариб, бақир-чақир қилмаслик лозим.

Дуонинг бу икки кўринишини фақат афзаллик масаласи ажратади. Афзаллик масаласида ихтилоф чиқариш, тортишиш эса ҳаром амалга олиб боради. Хоҳлаган махфий, хоҳлаган жаҳрий дуо қилаверсин. Лекин бир-бирини маломат қилиб, айбламасин (манба: “Раддул муҳтор” ва “Ал-Мавсуъатул фиқҳия ал-Кувайтийя” китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar