Ҳозирда баъзи вилоятлардаги асосан аёллар ўртасида жорий бўлиб турган “Мушкулкушод” ва “Бибисешанба” ҳақида динимиз нима дейди?

Чоп этилди Fevral 20, 2019 Ҳозирда баъзи вилоятлардаги асосан аёллар ўртасида жорий бўлиб турган “Мушкулкушод” ва “Бибисешанба” ҳақида динимиз нима дейди?da fikr bildirishni o'chirish

Мушкул кушод – (“мушкул” – қийин, “кушод” – очувчи) қийинчиликларни очувчи, мушкуллик ва чигалликларни ечувчи маъносини билдиради. “Мушкул кушод” ва “Бибисешанба” – мушкулларни осон килиш мақсадида қилинадиган хурофот амаллардан ҳисобланади.
Аслида, мўмин-мусулмон одамнинг ҳаётидаги ҳар бир жабҳаси Қуръони карим ва суннати набавийя кўрсатмасига мувофиқ бўлмоғи лозим. Ушбу икки манбага зид келган ҳар қандай эътиқод ёки урф-одат рад этилади.

عَنْ عَائشَة رَضِيَ الله عَنهَا قَالَتْ قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ «مَنْ أَحْدَثَ فِي أمْرِنَا هَذَا مَا لَيسَ مِنْه فَهُوَ رَدٌّ» (أَخْرَجَهُ البُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ)

Яъни: Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳидиси шарифда: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгитдан пайдо қилса, у рад этилгандир”, деганлар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган).

Мушкулни кушод қилувчи яъни, банданинг бошига тушган қийинчиликни енгил қилувчи, мушкул ишларни кушойиш айловчи зот ягона Аллоҳ таолонинг ўзидир. Шунинг учун, «Биби Мушкулкушод» ёҳуд “Бибисешанба” деган маросимларни қилишнинг динимизга мутлақо алоқаси йўқдир.

Бошига оғир иш, мушкул тушган мўмин-мусулмон Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан келган саҳиҳ ривоятлар асосида Қуръон оятларидан ўқиб, саловотлар айтиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзидан мушкулни осон қилишни сўрамоғи лозим. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar