Фарзандим беморлиги сабабли уни табибга олиб борган эдим. Кейин билсам у табиб эмас, фолбин экан. Қизимга қандайдир нарсаларни ўқиб, дам солгандай бўлди-да турмуш ўртоғим ҳақида сўз очиб, унинг умри ва ризқи тугаб бораётганини айтди. Агар у бир неча кун эримга дам солса, эримнинг умри узайиши, ризқи чақирилиши мумкинлигини айтди. Мен у билан суҳбат жараёнида ҳаёлимдан “Сен одам бўлсанг, буни қандай ҳам қила олардинг”, деб ишончсизлик қилсам, у ҳаёлимда ўйлаган гапларимни ҳам айтиб, ўзига ишонишим кераклигини таъкидлади. Ҳурматли устозлар бундай вазиятда мен қандай йўл тутишим керак? Бу каби фолбинлар ёки бахшиларнинг гапига ишонса бўладими? Ростдан ҳам улар эртага нима бўлишини олдиндан биладими?

Чоп этилди Mart 12, 2019 Фарзандим беморлиги сабабли уни табибга олиб борган эдим. Кейин билсам у табиб эмас, фолбин экан. Қизимга қандайдир нарсаларни ўқиб, дам солгандай бўлди-да турмуш ўртоғим ҳақида сўз очиб, унинг умри ва ризқи тугаб бораётганини айтди. Агар у бир неча кун эримга дам солса, эримнинг умри узайиши, ризқи чақирилиши мумкинлигини айтди. Мен у билан суҳбат жараёнида ҳаёлимдан “Сен одам бўлсанг, буни қандай ҳам қила олардинг”, деб ишончсизлик қилсам, у ҳаёлимда ўйлаган гапларимни ҳам айтиб, ўзига ишонишим кераклигини таъкидлади. Ҳурматли устозлар бундай вазиятда мен қандай йўл тутишим керак? Бу каби фолбинлар ёки бахшиларнинг гапига ишонса бўладими? Ростдан ҳам улар эртага нима бўлишини олдиндан биладими?da fikr bildirishni o'chirish

Ғайб илми, инсонларнинг тақдири борасидаги илмлар фақат, ёлғиз Аллоҳ таологагина маълумдир. Қуръони каримда шундай дейилган:

قُلْ لَا يَعْلَمُ مَنْ فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ الْغَيْبَ إِلَّا اللَّهُ وَمَا يَشْعُرُونَ أَيَّانَ يُبْعَثُونَ

яъни: “Айтинг: “Аллоҳдан бошқа осмонлар ва Ердаги бирор кимса ғайбни билмас”. Улар қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмаслар” (Намл сураси, 65-оят).
Ҳар бир мусулмон фолбинларнинг гапига ишониш, уни тасдиқлаш динимиз ақидасига зид эканлигини билиб олмоғи лозим. Зеро, Имом Абу Жаъфар Таҳовий аҳли сунна вал-жамоанинг ақидасини баён қилиб, шундай деган:

وَلَا نُصَدِّقُ كَاهِناً وَلَا عَرَّافاً وَلَا مَنْ يَدَّعِيْ شَيْئاً يُخَالِفُ الْكِتَابَ وَالسُّنَّةَ وَإِجْمَاعَ الْأُمَّةِ

яъни: “Фолбин ва башоратчиларнинг, шунингдек, Қуръон, суннат ва ижмои умматга хилоф нарсани даъво қилгувчиларнинг гапини тасдиқламаймиз” (манба: “Ақидатут Таҳовия” китоби).

Оиша онамиз разияллоҳу анҳо: “Кимки ўзини эртага нима бўлишидан хабар бера олади, деб ўйласа, Аллоҳга жуда катта ёлғон тўқибди”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан фолбинларга бориш ва уларга ишонишдан қайтаришга оид кўплаб ҳадислар ворид бўлган.

عَنْ أَبِيْ هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ أَتَى عَرَّافًا أَوْ كَاهِنًا فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ فَقَدْ كَفَرَ بِمَا أُنْزِلَ عَلَى مُحَمَّدٍ (رَوَاهُ الامَامُ التِّرْمِذِيُّ).

яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким фолбинга ёки башоратчига борса ва унинг айтган гапини тасдиқласа, Муҳаммадга нозил бўлган нарсага кофир бўлибди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ علَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ الْكُهَّانِ؟ فَقَالَ: لَيْسُوا بِشَيْءٍ فَقَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّهُمْ يُحَدِّثُونَ أَحْيَاناً بِالشَّيْءِ يَكُونُ حَقًّا؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: تِلْكَ الْكَلِمَةُ مِنَ الْحَقِّ يَخْطَفُهَا الْجِنِّيُّ فَيُقِرُّهَا فِي أُذُنِ وَلِيِّهِ، فَيُخْلِطُونَ فِيْهَا أَكْثَرَ مِنْ مِائَةِ كَذِبَةٍ (رواهُ الإمامُ البخاريُّ).

яъни: “Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан фолбинлар ҳақида сўрашди. Шунда У зот: “Улар ҳеч ким эмас”, дедилар. Эй Расулуллоҳ, уларнинг айтган гаплари гоҳида тўғри чиқади? – дейишди. Расулуллоҳ: “Жинлар рост гапни ўғирлаб олиб, фолбинларнинг қулоғига қуяди. Фолбин эса, унга юзта ёлғонни қўшиб гапиради”, деб жавоб бердилар” (Имом Бухорий ривояти).

Юқоридаги ояти карималар ва ҳадиси шарифлар “Ғайб илмини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди”, дейишга етарли далилдир.

Шунга кўра сиз фолбиннинг гапларига эътибор берманг. Энди ҳаргиз унинг олдига борманг. Аввал билмай борган бўлсангиз дарров тавба қилиб, Аллоҳдан кечиришини сўраб, дуолар қилинг. Шариатимиз буюрган ишларни қилиб, қайтарган ишлардан сақланиб, ибодатда, покиза ҳаёт кечириб юрган инсонга ҳеч ким зиён етказа олмайди. Тавфиқ Аллоҳдандир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar