Шифокорларнинг ҳайз бошланиши ҳақидаги сўзи эътиборга олинадими. Масалан: 3 кун ҳайз кўрди. Сўнг шифокор аёл УЗД аппарати орқали текшириб: “ҳайз энди келади, у қандайдир касаллик”, деса қандай йўл тутилади?

Чоп этилди Mart 12, 2019 Шифокорларнинг ҳайз бошланиши ҳақидаги сўзи эътиборга олинадими. Масалан: 3 кун ҳайз кўрди. Сўнг шифокор аёл УЗД аппарати орқали текшириб: “ҳайз энди келади, у қандайдир касаллик”, деса қандай йўл тутилади?da fikr bildirishni o'chirish

Ҳайзнинг энг кам муддати уч кечаю уч кундуз, энг кўпи ўн кечаю ўн кундуз. Уч кундан кам ёки ўн кундан кейин кўрилган қон ҳайз ҳисобланмайди. Балки уни истиҳоза, яъни касаллик қони дейилади. Икки ҳайзнинг ўртаси камида ўн беш кун бўлиши керак, кўпига чегара йўқ. Ҳомиладор аёл ҳайз кўрмайди, мабодо қон кўрса, касаллик қони бўлади (манба: “Ал-Мухтор” ва “Мухтасарул виқоя” китоблари).

Ислом дини ҳар замон ва маконда пайдо бўлган саволларга жавоб беради. Шу сабаб ибодат вақтлари ва мавсумлари инсон доим аниқлаш имконида бўлган нарсаларга боғлаб қўйилган. Масалан: намоз вақтлари Қуёшнинг чиқиши ва ботиши, Рамазон ойи ва ҳаж мавсумини аниқлаш ҳилолнинг кўриниши билан ҳисобланади. Худди шундай, ҳайз масаласида ҳам энг кам ва энг кўп миқдори белгилаб қўйилган, ўша асосида иш кўрилади. Бу ерда асбобларнинг хулосасига эҳтиёж йўқ ва у эътиборга олинмайди.

Демак, сизнинг мисолингизда қон кўриш уч кундан ошиб, ўн кунгача тўхтаса, уни ҳайз қони деб, эътиборга олинади. Ўн кундан ошиб кетса, одатда ҳайз кўрадиган кунлари ҳайз ҳисобланади. Одатдаги кунларидан ортгани эса истиҳоза қони, деб қаралади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar