АСАЛАРИ САВДОСИ

Чоп этилди Yanvar 30, 2020 АСАЛАРИ САВДОСИda fikr bildirishni o'chirish

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Бу масалада мазҳабимиз мужтаҳидларидан икки хил сўз бор. Имом Абу Ҳанифа ва Имом Абу Юсуф раҳимаҳумаллоҳ асалари оиласини уясиз сотиб олиш жоиз эмас, дейишган. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ эса, агар асалари бир жойга тўпланган бўлса, уларни инсиз, фақат ўзини сотиб олиш ҳам жоиз, деганлар (ҳар икки томоннинг далиллари бор, албатта). Агар асалари оиласини асалли муми (рамкаси) билан сотиб олинса, ҳамма имомлар наздида дуруст бўлади.

“Захира”, “Хулоса” ва “Ғиёсия” китобларида Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига фатво берилган (“Фатҳу бабил иноя”, “Фатҳул қадир” ва “Фатовои ҳиндия” китоблари ).

Демак, ўзларида ин бўлиб, фақат асалари оиласини сотиб олмоқчи бўлганлар ихтилофдан қочиш учун, битта бўлса ҳам асалли мум (рамка) ва асалари оиласини бирга савдо қилсалар, барча мужтаҳид имомлар наздида савдо дуруст бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar