Маҳалламиздаги ўзига тўқ кишилар хайр-эҳсон қилишади, етимларга ва кам таъминланган оилаларга ёрдам қилишади. Кўплаб хайрли ишларда ҳомийлик қиладилар. Аммо ўзлари намозини ўқимайди. Уларнинг охирати қандай бўлади?

Чоп этилди Fevral 18, 2019 Маҳалламиздаги ўзига тўқ кишилар хайр-эҳсон қилишади, етимларга ва кам таъминланган оилаларга ёрдам қилишади. Кўплаб хайрли ишларда ҳомийлик қиладилар. Аммо ўзлари намозини ўқимайди. Уларнинг охирати қандай бўлади?da fikr bildirishni o'chirish

Мусулмон киши қандай солиҳ амал қилмасин, Аллоҳнинг ризосини топиш, савобга эришишни ният этса, Аллоҳ таоло унинг ниятига қараб савоб бераверади. Масалан, бир киши намоз ўқимаса-да, аммо хайру эҳсон, садақа қилиш билан Аллоҳдан савоб умид этса, намоз ўқимагани учун гуноҳкор бўлади, лекин хайру садақаси учун савоб олади.

Бироқ шуни яхши билиш керакки, хайру эҳсонлар туфайли эришилган савоблар тарк қилинган намоз эвазига орттирилган гуноҳга каффорат бўлмайди. Балки, мўмин киши ўқилмаган намозлар учун Аллоҳдан истиғфор сўраб, тавба қилиши ва бундан кейин бирор вақт ҳам намозни тарк қилмасдан ўқиши шарт. Бу оламлар парвардигори Аллоҳ таолонинг буйруғидир. У Зот Қуръони каримда шундай деган:

فَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ إِنَّ الصَّلَاةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَوْقُوتًا

“…намозни (мукаммал) адо этингиз. Зеро, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир” (Нисо сураси, 103-оят).

Абу Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ азза ва жалла: “Мен сенинг умматингга беш вақт намозни фарз қилдим. Мен ўзимга ўзим, ким уларни муҳофаза қилиб ўз вақтида ўқиб келса, албатта, жаннатга киритаман, деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса(яъни ўз вақтида ўқимаса), Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир, деди”, деб айтдилар”. Абу Довуд ривоят қилган.

Дунё ҳаёти инсонга берилган имтиҳон муддати бўлиб, ҳеч ким умри қандай ҳолатда ниҳоясига етишини олдиндан билмайди. Шундай экан, инсон тавба ва истиғфорда бардавом бўлиб, аввало, ўзи учун, қолаверса, бошқалар учун ҳам Аллоҳдан солиҳ амалларга муваффақ қилишини, ҳаёти дунёда фарз амалларни адо этишга муяссар айлашини дуо қилиб сўрамоғи лозим. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar