Ота ёрдамга муҳтож бўлиб таҳорат қила олмаса, ўғил отанинг авратига қараши жоизмас, шунинг учун бошқа кишини ёллаб ёрдам бериш керак, дейишди. Бу масалага қандай жавоб берилади?

Чоп этилди Fevral 15, 2019 Ота ёрдамга муҳтож бўлиб таҳорат қила олмаса, ўғил отанинг авратига қараши жоизмас, шунинг учун бошқа кишини ёллаб ёрдам бериш керак, дейишди. Бу масалага қандай жавоб берилади?da fikr bildirishni o'chirish

Динимиздаги асосий қоидалардан бири шуки, Аллоҳ таоло бандаларига кучлари етадиган ишни буюради. Уларга тоқатидан ташқари мажбурият юкламайди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا

“Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди…” (Бақара сураси, 286-оят).

Бошқа бир оятда эса:

وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ

“… (Аллоҳ) динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади”, дейилган (Ҳаж сураси, 78-оят).

Ибодатларда ҳам банда имкон даражасида ҳаракат қилади. Масалан, туриб намоз ўқий олмаса, ўтириб ўқийди. Ўтириб ўқий олмаса, ётиб ўқийди ва ҳаказо.

Сиз сўраган масала ҳақида “Фатавои Ҳиндия” китобида шундай дейилади: “Таҳорат қила олмайдиган касал кишининг хотини ёки чўриси бўлмаса, лекин ўғли ёки ака-укаси бўлса, уни таҳорат қилдириб қўяди. Истинжо қилдирмайди, чунки (ўғил отасининг) жинсий аъзоларини ушлаши мумкин эмас. Ундай кишидан истинжо соқит бўлади. “Муҳит”да шундай дейилган. Таҳорат қила олмайдиган аёлнинг эри бўлмаса, лекин қизи ёки синглиси бўлса, уни таҳорат қилдириб қўяди. Ундан истинжо соқит бўлади. “Фатаво Қозихон”да шундай келтирилган”.

Демак, ўзи истинжо қила олмайдиган эркакнинг фақат хотини, аёлнинг эса фақат эри истинжо қилдириб қўйиши мумкин. Хотини бўлмаган кишини хоҳ ўғли бўлсин, хоҳ ёлланган бегона киши бўлсин, истинжо қилдира олмайди. Бундай ҳолатда истинжо соқит бўлади. Лекин таҳорат қилдириб қўяди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar