Идда нима? Динимизда унинг ҳукми қандай?

Чоп этилди Fevral 26, 2019 Идда нима? Динимизда унинг ҳукми қандай?da fikr bildirishni o'chirish

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

“Идда” – “санаш” маъносидаги сўздир. Шариатимизда идда – талоқ қилинган ёки эри вафот этган аёл кенглик ва енгиллик ваъда қилинган пайтни кутиб турадиган муддатдир.

Идданинг бир қанча ҳикматлари бор. Энг муҳимлари; аёлнинг ҳомиласи бор ёки йўқлиги аниқ бўлади ҳамда никоҳнинг ҳаққини адо қилади (яъни, никоҳ узилганидан хафалигини изҳор қилади)

Идда сақлаш уч нарса сабабли вожиб бўлади:
1) Талоқ;
Эр хотинига боин ёки ражъий талоқ қўйса, хотин ҳайз кўрадиган аёл бўлса, уч марта ҳайз кўриб, поклангунича иддада ўтиради. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

وَالْمُطَلَّقَاتُ يَتَرَبَّصْنَ بِأَنْفُسِهِنَّ ثَلَاثَةَ قُرُوءٍ

Яъни: “Талоқ қилинган аёллар ўзларига қараб, уч ҳайз муддати (ўтишини) кутиб ўтирадилар” (Бақара сураси, 228-оят).

Агар ёши кичиклиги ёки қарилиги сабабли ёки балоғат ёшида бўлса ҳам, ҳайз кўрмайдиган бўлса, уларнинг иддаси уч ой бўлади. Бу ҳақда ояти каримада шундай баён қилинади:

وَاللَّائِي يَئِسْنَ مِنَ الْمَحِيضِ مِنْ نِسَائِكُمْ إِنِ ارْتَبْتُمْ فَعِدَّتُهُنَّ ثَلَاثَةُ أَشْهُرٍ وَاللَّائِي لَمْ يَحِضْنَ

Яъни: “Хотинларингиз орасидаги (кексайиб) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (иддалари хусусида) шубҳалансангиз, бас, (билингизки) уларнинг иддалари уч ойдир, яна (бирор марта) ҳайз кўрмаганларнинг (иддалари) ҳам” (Талоқ сураси, 4-оят).

Агар талоқ қилинган аёл ҳомиладор бўлса, унинг иддаси туққунича давом этади. Идда ўтирган ҳомиладор аёлнинг боласи тушса, боланинг аъзолари аниқ билиниб қолган бўлса, шу билан идда тугайди, аъзолари билинмаган нарса тушса, идда тугамайди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

وَأُولَاتُ الْأَحْمَالِ أَجَلُهُنَّ أَنْ يَضَعْنَ حَمْلَهُنَّ وَمَنْ يَتَّقِ اللَّهَ يَجْعَلْ لَهُ مِنْ أَمْرِهِ يُسْرًا

Яъни: “Ҳомиладорларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (кўз ёришлари)дир. Кимки Аллоҳга тақво қилса, (Аллоҳ) унинг ишини осон қилур” (Талоқ сураси, 4-оят).

2) Эрнинг вафот этиши;
Эри вафот этган аёл тўрт ойу ўн кун идда ўтиради. Бунинг далили қуйидаги оятдир:

وَالَّذِينَ يُتَوَفَّوْنَ مِنْكُمْ وَيَذَرُونَ أَزْوَاجًا يَتَرَبَّصْنَ بِأَنْفُسِهِنَّ أَرْبَعَةَ أَشْهُرٍ وَعَشْرًا

Яъни: “Сизлардан вафот этиб, хотинларини қолдирган бўлсалар, (бева хотинлари) тўрт ою ўн кун ўзларини кузатиб (идда сақлаб) ўтирадилар” (Бақара сураси, 234-оят).
Агар эри вафот этган аёл ҳомиладор бўлса, унинг иддаси туққунича бўлади.

3) Жинсий алоқа;
Гувоҳларсиз никоҳланиб, кейин жинсий алоқада бўлинган бўлса, бундай никоҳ фосид никоҳ бўлиб, улар ажралиб кетса ёки эркак вафот этса ҳам, аёл ҳайз билан идда ўтиради. Шубҳа билан, яъни ўзининг жуфти деб ўйлаб, бошқа билан жинсий алоқада бўлса ва кейин иккиси ажралиб кетса ёки эркак вафот этса ҳам, у аёлнинг иддаси ҳайз билан бўлади.

Никоҳдан кейин хилвати саҳиҳадан яъни жинсий алоқага имконият бўлишидан аввал эр талоқ қилса, унинг аёли идда ўтирмайди. Бу тўғрисида Аҳзоб сурасида шундай дейилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِذَا نَكَحْتُمُ الْمُؤْمِنَاتِ ثُمَّ طَلَّقْتُمُوهُنَّ مِنْ قَبْلِ أَنْ تَمَسُّوهُنَّ فَمَا لَكُمْ عَلَيْهِنَّ مِنْ عِدَّةٍ تَعْتَدُّونَهَا فَمَتِّعُوهُنَّ وَسَرِّحُوهُنَّ سَرَاحًا جَمِيلًا

Яъни: “Эй, мўминлар! Қачонки, сизлар мўминаларни никоҳингизга олсангиз-у, сўнгра уларга «тегиш»дан илгари уларни талоқ қилсангиз, у ҳолда сизлар учун уларнинг зиммасида санайдиган идда йўқдир. Бас, сизлар уларни (озгина моддий) баҳраманд этиб, чиройли кузатиш билан кузатингиз!” (49-оят).

Демак, идда тугагач, эр ва аёл ўртасидаги никоҳ алоқалари тугайди. Янгидан турмуш қурмоқчи бўлган аёл идда муддати тугагандан кейингина никоҳланиши мумкин бўлади (Манба: “Ҳидоя”, “Ал-Мухтор” ва “Ал-Ихтиёр” китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar