Севикли Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) етти нафар: уч ўғил ва тўрт қиз фарзандлари бўлган

Севикли Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) етти нафар: уч ўғил ва тўрт қиз фарзандлари бўлган. Улар: Қосим, Тоҳир, Иброҳим, Зайнаб, Руқаййа, Умму Кулсум[1] ва Фотима (розийаллоҳу анҳум).

Қосим Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тўнғич фарзанди бўлиб, пайғамбарлик ваҳийи келишидан олдин туғилган. Ўн етти ойлик бўлганида вафот этган.

Ибн Исҳоқ ва бошқа олим­лар Қосим пайғамбарлик келмасидан илгари вафот этгани ҳақида маълумот беришган.

Пайғамбаримизни (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) шу ўғилларининг номи би­лан “Абул­қосим”, яъни “Қосим­нинг отаси” деб чақиришган.

Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) иккинчи ўғиллари Тоҳир ҳақида Зубайр ибн Баккор бундай дейди: “Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қосим ва Иброҳимдан бошқа Абдуллоҳ исмли фарзанди ҳам бор эди. Уни уч ном билан “Абдуллоҳ”, “Тоййиб” ва “Тоҳир” деб чақирардилар. У гўдаклигида Маккада вафот этди”.

Пайғамбаримизнинг (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) Иброҳим исмли ўғлигина қибтий Мория онамиздан (розийаллоҳу анҳо) туғилган, қолган барча фарзандлари Хадича онамиздан (розийаллоҳу анҳо)[2].

Машҳур ривоятларда келтирилишича, Иброҳим ҳижрий саккизинчи йили Зул­ҳижжа ойида туғилиб, 18 ой­лигида вафот этади[3]. Жанозасини Пайғам­баримиз­нинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзлари ўқиб, Мадинадаги “Бақиъ” қабристонига дафн этганлар.

Муғийра ибн Шўъбадан қилинган ривоятда айтили­шича, Иброҳим вафот этган куни қуёш тутилади. Шунда одамлар: “Қуёш Иброҳим вафот этгани учун тутилди”, дейишади. Бу сўзни эшитган Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларнинг ақидаларини тўғрилаш ва қалбларидаги хато шубҳа-гумонларни тарқатиб юбориш мақсадида: “Қуёш ҳам, ой ҳам бировнинг вафот этгани ёки туғилгани учун тутилмайди. Агар улар тутилганини кўрсангиз, намоз ўқинг ва Аллоҳга дуо қилинг”, деб таълим берадилар[4].

Баъзи манбаларда, жум­ладан, Ибн Ҳишомнинг “Ас-сийра ан-Набавия” ки­тобида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) қизларининг ёш жиҳа­тидан тартиби қуйида­гича келтирилади: катталари Руқаййа, сўнг Зайнаб, сўнг Умму Кулсум, сўнг Фотима (розийаллоҳу анҳунна). Аммо бошқа мўътабар манбаларда Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тўнғич қизлари Зайнаб экани айтилади. Ибн Исҳоқ келтирган маълумотга кўра Зайнаб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) 30 ёшга кирганларида туғилган катта қизидир. Ҳижратнинг 8-йили холаваччаси ва эри Абул Ос ибн Робеъ ҳузурида вафот этади[5]. Зайнабни қабрга Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзлари қўйганлар[6].

Зайнабдан Али ва Умома исмли икки фарзанд қолган. Али балоғат ёшига етиб-етмай вафот этган.

Расулуллоҳнинг (соллал­лоҳу алайҳи ва саллам) ик­кин­чи қизлари Руқаййа, у зот (алайҳиссалом) 33 ёшга тўлганларида туғилган. Ундан сўнг эса учинчи қизлари Умму Кулсум туғилган.

Руқаййа ва Умму Кулсум Абу Лаҳабнинг икки ўғли Утба ва Утайбага унаштирилади. “Масад” сураси нозил бўлгач, Абу Лаҳаб икки ўғлини чақириб: “Агар Муҳаммаднинг икки қизидан кечмасанг­лар, оналаринг менга ҳаром бўлсин!” деб қасам ичади. Ўғиллари унинг айтганини қилишади[7].

Сўнг Маккада ҳазрат Усмон (розийаллоҳу анҳу) Руқаййага уйланадилар.

Пайғамбаримизнинг (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) учин­чи қизлари Умму Кул­сум Руқаййа вафот этгач, ҳиж­рат­нинг учинчи йили, ра­биул аввал ойида Усмонга (розийал­лоҳу анҳу) турмушга чиқади. Шу сабабли Усмон (розийаллоҳу анҳу) “Икки нур эгаси” деган ном олади. Умму Кулсум Ҳазрат Усмондан (розийаллоҳу анҳу) фарзанд кўрмаган[8].

Фотима (розийаллоҳу анҳо) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) 41 ёшга кирган­ларида туғилган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фотима менинг бир бўлагим, ким уни ёмон кўрса, мени ёмон кўрибди” деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим).

Фотима 3 ҳижрий йили Али ибн Абу Толибга (розийаллоҳу анҳу) турмушга чиқади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) вафотларидан олти ой ўтгач, 29 ёшларида бу дунёдан охиратга кўчади.

Фотима (розийаллоҳу анҳо) Али ибн Абу Толибдан (розийаллоҳу анҳу) Ҳасан, Ҳусайн ва Муҳсин исмли уч ўғил фарзанд кўради.

Муҳсин ёшлигида вафот этади. Зайнаб ва Умму Кулсумга охирзамон Пайғамбарининг наслини давом эттириш насиб қилмади. Бу бахтга Фотима (розийаллоҳу анҳо) мушарраф бўлди. Унинг ўғиллари Ҳасан ва Ҳусайн авлодлари бутун ер юзига ёйилди.

Имом Ҳасаннинг (розийаллоҳу анҳу) авлодлари асосан араб диёрларида тарқалган. Имом Ҳусайн (розийаллоҳу анҳу) авлодлари эса Ўрта Осиёда ҳам кўп.

Сўзимиз ниҳоясида Аллоҳ таолодан биз умматларига чин кўнгилдан меҳр қўйган, жон куйдирган севикли Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) даражотларини бундан-да баланд қилишини, у зотнинг авлодларидан рози бўлишини сўраб қоламиз.

 

Олимхон ИСАХОН ўғли,

Имом Бухорий халқаро маркази ходими



[1] Халқимиз кўпроқ “Умму Гулсум” дейди.

[2] Ибн Ҳишом. “Ас-сийра ан-Набавия” (3–4-жуз). Байрут. “Дорул Маърифа”. 2003. 540-бет.

[3] Абдул Олл Аҳмад Абдул Олл, Муса Шаҳин. “Манҳал Ҳадис”, 2-жуз. Тошкент. “Мовароуннаҳр”. 20-бет.

[4] Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит. “Ал Фиқҳ ал Акбар” Миср. “Муҳаммад Али”. 1323 ҳ. 98-бет.

[5] Ўша манба, 20-бет.

[6] “Мактаба аш Шамила” (22000 китобни жамлаган электрон кутубхона).

[7] Унаштириш маросими бекор қилинади.

[8] Саъд Юсуф Абу Азиз. “Рижал ва ниса ҳавлар росул саллаллоҳу алайҳи ва саллам”. Қоҳира. “Дорул Фажр” нашриёти. 1999 йил. 500-бет.