• Рукни: Ўгит
Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига етишиш воситаси қилди. Илмсизлик ва жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Демак, биз эзгуликни жаҳолатдан фарқлаш учун илм излашимиз ва маърифат ҳосил қилишимиз лозим.
Халқнинг билимли бўлишида олимлар ва аҳли илмларнинг ўрни беқиёс. Аллома Фаридуддин Аттор (раҳматуллоҳи алайҳ): “Кимда бўлса ақлу илм ҳам тамиз, ақлу дониш аҳлин тутади азиз”, деб аҳли илмларни эҳтиром қилиш лозим эканини таъкидлайди. Дарҳақиқат, илм аҳли, олимлар ҳар бир даврда эъзозланган.
Ҳадиси шарифлардан бирида илм ва олимнинг даражаси ҳақида бундай дейилган: “Аллоҳ кимга яхшиликни истаса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди” (Имом Бухорий ривояти). “Кимки илм таҳсили учун йўлга чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилади” (Абу Довуд ривояти) деб марҳамат қилинади.
Ўз навбатида, олимлар аввал нафсига қарши курашиб, уни енгиши керак. Сўзлари шундагина таъсирли бўлади. Олим адашса, бошқаларнинг ҳам адашишига сабабчи бўлади. Ҳазрат Навоий демишларки: “Кимки илмни воситаи жоҳ этар, ўзинию элини гумроҳ этар”. Шунинг учун ҳам доно халқимизда: “Олим адашса, олам адашади”, деган мақол бор.
Илмига амал қилмайдиган олим ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ёмон олимлар Қиёмат куни жаҳаннам ота­шига отилади. Улар жаҳаннамда, тегирмон айлантирувчи ҳайвон каби ҳаракатда бўлади. Унга: “Сенга вой бўлсин! Биз сендан тўғри йўлни топгандик. Нега бу ҳолдасан?” дейилади. Шунда у: “Сизларни қайтарган нарсалардан ўзим қайтмай, аксини қилар эдим”, деб жавоб беради» деганлар ("Канзул уммол").
Юртимиздан етишиб чиқиб, бутун ­дунё илм-фанига улкан ҳисса қўшган олимлар ўзларига китобни йўлдош билганлар. Илмни эъзозлаб, илм аҳлини иззат қилган Соҳибқирон Амир Темур ўгитларидан бирида бундай деган: “Мен ҳаётим мобайнида ушбу ўгитларга ҳамиша амал қилдим. Улар будир: Аллоҳ ҳар нарсага қодир, сидқидилдан сиғинсанг, истаган мақсадингга етказади. Имон инсонни барча жонли мавжудотдан ажратиб турувчи хусусиятдир. Имонли одам хиёнат қилмайди, қариндош-уруғлари, элу халқнинг ор-номусини ҳимоя қилади, ҳалоллик ва покликни фазилат билади. Китоб барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асоси, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир. Тафаккур фикрлаш ва мушоҳада қобилияти, ҳифзи кучли инсон ҳар қандай мушкул ишни осон қилиш йўлини топа олади”.
Ислом уммати илм ўрганиш, китоб ёзиш ва ўқиш борасида бошқаларга ўрнак, намуна бўлган. Демак, биз ҳам аждодларимизга муносиб авлод бўлган ҳолда, илмга интилишимиз ва ундан нажот излашимиз лозим.
 
Абдураҳмат ЖЎРАЕВ,
Шўрчи туманидаги “Хожа Каъбул Ахбор” 
жоме масжиди имом-хатиби