Тўлиқ исми: Баҳоуддин Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ ибн Ақил. Асли ҳамадонлик. Машҳур наҳв уламоларидан.

Салоҳиддин Сафдий  айтади: “Ибн Ақил ҳижрий олти юз тўқсон саккизинчи йили муҳаррам ойида, жума куни Қоҳирада туғилган”. Бўлғуси олим ёшлигиданоқ илмга чанқоқ бўлиб, бир нечта мутафаккирлардан илм олди. Устози Абу Ҳайён  шогирдининг араб тилини мукаммал ўзлаштиргани ҳақида: “Ер юзида наҳв илми бўйича Ибн Ақилдан кўра кучлироқ олим йўқ”, дея эътироф этган. Шунингдек, у Тақийюс Соиғдан  етти хил қироатни, Зайнул Қаттонийдан  фиқҳ илмини ўрганади. Аъло Қунавийдан  фиқҳ, усул, хилоф илми, араб тили, балоғат, тафсир ва аруз илмларини ўрганади. Кейинчалик Жалол Қазвиний, Ҳасан ибн Умар ибн Умар Курдий, Муҳиб ибн Соъид, Умар ибн Шаҳна, Ҳажжор, Шараф ибн Собуний, Абулҳасан ибн Умар Воний  ва бошқалардан илм олади.

Ибн Ақил  шайхулислом Сирожиддин Балқинийдан  ҳам дарс олиб, унинг қизига уйланади. Жалолиддин ва Бадриддин исмли фарзандлар кўради.

Ибн Ақил Ҳусайнияда Ҳаким Қазвинийга, Қоҳирада эса Иззуддин ибн Жамоага  ҳукмлар чиқаришда ноиблик қилади. Сўнгра у Қутайбия, Ҳашшобия, Носирия шаҳарларидаги жомеларда дарс беради. Устози Абу Ҳайёндан  кейин Тулуния жомеида тафсирдан дарс беради.

Ибн Ақил  бир неча асарлар ёзган. Улардан: “Шарҳ ибн Ақил ъала алфийяти Ибн Молик”; “Мухтасар шарҳул кабир”; “Жомеъун-нафис фил фиқҳ”; “Ал-Мусаъид фи шарҳит тасҳил”; “Тайсирул истиъдад лирутбатил-ижтиҳад”; “Жомеъ лил хилаф вал-авҳамил-вақиъати лин-Нававий ва ибн Рифъа ва ғойриҳима”; “Таълиқул важизу ъалал­ китабил азиз” шу­лар жумласига киради.

Ибн Ақил  ҳиж­ратнинг етти юз олтмиш тўққизинчи йили робиул аввалнинг ўн учинчи, пайшанба куни Қоҳира шаҳрида вафот этди. Муҳаммад ибн Идрис Шофиъийнинг  қабри ёнига дафн қилинган.

 

Ибн Ҳажар Асқалоний ва Суютий асарларидан Лола МАҲМУДОВА тайёрлади.