Шу йил 1 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони эълон қилинди.

Фармонда қайд этилишича, Ўзбекистонда қайта тикланувчи қувват манбалари, хусусан, қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича илмий-амалий тадқиқотлар борасида салмоқли тажриба тўпланган. Фанлар Академиясининг Марказий Осиёда ўхшаши йўқ “Физика – Қуёш” илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси мутахассислари эришган натижалар жаҳон миқёсида эътироф этилган. Тадқиқотлар натижалари иқтисодиётнинг турли соҳаларида қўлланилмоқда. Ўн йилдан буён республикада қуёш қуввати билан ишловчи иситиш қурилмалари, тизимлари тайёрланиб, улардан тажриба тариқасида фойдаланил­япти. Тошкент шаҳрида, Самарқанд вилояти ва бошқа минтақаларда уй-жойлар ва ижтимоий  биноларни иссиқ сув билан таъминлаш учун махсус қурилмалар ўрнатилган. Олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежларида соҳа учун малакали кадрлар тайёрланмоқда.

Энг муҳими, мамлакатимиз муқобил энер­гетика соҳасида улкан салоҳиятга эга­дир.­ Йилнинг 270–300 куни қуёшли бўлади. Мам­лакатда қуёш энергиясидан самарали фойдаланишнинг ўзи 179 миллион тонна нефт сарфига тенг қувват олиш имконини беради.

Шу боис фармонда “Физика – Қуёш” илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси негизида Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия муассасалари иштирокида Халқаро қуёш энергияси институтини ташкил этиш, “Навоий” эркин саноат иқтисодий ҳудудида хитойлик мутахассислар билан ҳамкорликда 100 МВт қувватли фотоэлектр ускуналари ишлаб чиқарувчи қўшма корхонани ишга тушириш, шунингдек, Самарқанд вилоятида 100 МВт қувватга эга фотоэлектр станциясини қуриш юзасидан таклифлар маъқулланди ва тегишли ташкилотларга муҳим кўрсатмалар берилди.

Ўзбекистон Фанлар Академиясида шу йил 14 март куни бўлган илмий-амалий анжуманда мутахассис олимлар мамлакатимиз қуёшдан қувват олишнинг улкан захирасига эга эканини, унинг техникавий салоҳияти бошқа барча манбалардан жорий истеъмол учун олинадиган қувват ҳажмидан уч баравар кўплигини таъкидлашди. Шунингдек, анжуман иштирокчилари айтишича, ҳозир мамлакатимизда иссиқлик ва иссиқ сув таъминотида янги ускуналарни, фотоэлектр ва термодинамикавий ўзгарткичларни яратиш, ашёларга мураккаб тизимли ишлов беришда қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича тадқиқотлар, тажриба ишлари жадал олиб бориляпти, шу мақсадда қатор корхоналар ишга туширилди. Жумладан, Навоий вилоятидаги “UzKor Silicon” қўшма корхонасида қуёш элементлари ва ярим ўтказгичли электрон қурилмалар тайёрлашда асос бўлиб хизмат қилувчи техник кремний ишлаб чиқариш бўйича йирик молия­вий лойиҳани амалга оширишга киришилган. Бу лойиҳа келажакда қуёшдан қувват олувчи махсус ускуналарни юқори технология асосида арзон нархда ишлаб чиқариш, муқобил қувват манбаларидан турмушда кенг фойдаланиш имконини беради. Вилоятнинг бир неча туманларидаги турли ижтимоий муассасаларга сўнгги уч йил ичида ўндан ортиқ муқобил қувват ускуналари ўрнатилди. Жумладан, Томди тумани “Бирлик” ширкат хўжалигининг Жанаталап овулида, Нурота туманидаги Чуя қишлоқ врачлик пунктида, Қизилтепа тумани марказий шифохонасида, Нурота туман тиббиёт бирлашмасида, айрим мактабларда қуёш батареялари ишлай бошлаганига анча бўлди. Уларнинг қувват тўплаш самарадорлиги 100 дан 300 киловатгача. Қувватига қараб нархлари ҳам 3 миллиондан 30 миллион сўмгача боради. Бундай ускуналар ҳар қандай об-ҳавода ҳам қўшимча қувват тўплаш имконига эга. Мисол учун, 100 киловатли қуёш батареяси олти-еттита хонани бемалол ёритиши, телевизор, радио учун ҳам қувват етказиб бериши мумкин.

Шу пайтгача қуёшдан қувват тўпловчи ускуналар учун бутловчи қисмлар четдан келтирилгани боис уларнинг нархи қиммат, ишлаб чиқариш чекланган эди. Эндиликда Навоий шаҳрида кремний заводи ишга туширилиши туфайли бу муаммо ҳам ечимини топади.

Юртбошимизнинг ушбу фармонида муқобил манбалардан қувват ишлаб чиқарувчилар ва фойдаланувчиларни рағбатлантириш, уларга солиқ ва божхона имтиёзлари бериш, Тошкент шаҳрида молия муассасалари, етакчи мутахассислар, хорижий тадқиқот ва саноат ширкатлари иштирокида халқаро анжуман ўтказиш, шунингдек, “Муқобил энергия манбалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ишлаб чиқиш юзасидан ҳам тегишли кўрсатмалар берилган.

 

Абдул ЖАЛИЛ ХЎЖАМ тайёрлади.