Паркент тумани Заркент қишлоғида бир файзли зиёратгоҳ бор. Бу зиёратгоҳЗаркатсой ота”, “Авлиё ота”, “Баттол Ғозийкаби номлар билан танилган валий зот Ҳусайн ибн Жаъфар Саййид Баттол Ғозий (мил. 770–875 й.) мақбарасидир. Манбаларда у зотҚутбул ақтоб” (қутблар қутби), яъни авлиёлар султони деб эътироф этилгани айтилади.

Тарихий манбалар, хусусан, Абулмухтафо Шомийнинг “Баттолнома”  асарида келтирилишича, бу мавзеда ором топган Саййид Баттол Ғозий номи билан боғлиқ зиёратгоҳлар Ўзбекистоннинг Чиноз, Ғаллаорол туманларида, Бухоро шаҳрида, хорижда эса Малатия (Туркия), Мадинаи мунаввара ва Қобул шаҳрида ҳам бор.

Ҳусайн ибн Жаъфар Саййид Баттол Ғозий Заркандийнинг насаби боболари Али ибн Зайд, Яҳё ибн Ҳусайн, Ҳусайн ибн Зайдул Анвар, Зайдул Анвар ибн Зайнулобидин орқали Имом Ҳусайнга, сўнг ҳазрат Алига  боғланади.

Саййид Баттол Ғозий ҳақида ҳозиргача етмишдан зиёд олим немис, француз, рус, инглиз, араб, форс, турк, ўзбек тилларида тадқиқотлар олиб борган, илмий мақолалар ва рисолалар чоп эттирилган. У зот ҳақида тарихий асарлар, дос­тонлар битилган.

“Тарихи Табарий”, “Тарихи Ибн Касир”, “Тарихи Ибн Асир” каби машҳур манбаларда Ҳусайн Баттол Ғозий ҳақида ҳам маълумотлар берилган. У зот энг маҳоратли жангчи бўлганлари учун “Ғозий” лақабини олган... У зот жангчилар орасида, кураш майдонида кураги ерга тегмаган паҳлавон бўлган. “Саййид Баттол” лақабини эса унинг ҳарбий маҳоратидан лол қолгани туфайли румлик Аҳмар ибн Тайрон исмли рақиби берган, дейилади.

Шу боис тарихчилар Саййид Баттол Ғозийнинг фақат тасаввуф намояндаси эмас, балки ҳарбий салоҳияти юксак машҳур саркарда бўлганини алоҳида таъкидлашади. Хусусан, у Ҳайдар ибн Ковус Афшин Уструшоний Ўсмандий билан бирга милодий 835–841 йиллари Озарбойжонда Бобак қўзғолонини муваффақиятли бостиришда иштирок этади. У зот соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг маънавий пирларидан биридир. Бу ҳақда ҳам “Баттолнома” асари муаллифи ва бошқа тадқиқотчилар алоҳида тўхталганлар.

Юқори Чирчиқ тумани Янгибозор қўрғонида яшовчи Тожи ая Болтахўжа қизи, Азлархўжа Тожихўжаев ва Рихси опа Тожихўжаева шахсий кутубхонасида араб, форс тилларида битилган, ўқилиши қийин қўлёзма – Саййид Баттол Ғозийнинг тарихий хизматларини қадрлаб, кейин­ги даврлар султонлари ажратган вақф ерлар ҳақидаги ноёб ҳужжат сақланади.

Ҳижрий 1296 (1875) сана, ражаб ойининг 14 куни тузилган ушбу ҳужжатда вақф мулкини асраш, даромадларни қандай тасарруф этишга доир кўрсатмалар берилган. Бу кўрсатмаларни ўша даврнинг забардаст уламоларидан ўн икки киши муҳр босиб тасдиқлаган.

Бу тарихий ҳужжат ўрта асрларда Тош­кентнинг чекка қишлоқларида ҳам Ислом маданияти ривожланганидан, ижтимоий ҳимоя ва таълим масканларига, зиёратгоҳларга, илм аҳлларига, эҳтиром кучли бўлганидан далолат беради.

 

Зиёвуддин Жўраев,

ЎзМУ катта ўқитувчиси