Тўлиқ исми: Жамолиддин Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Молик Тоий. Ҳижратнинг олти юзинчи йили Андалуснинг Жийён шаҳрида туғилган. Бу зот гўзал хулқли, доно, ҳаёли, виқорли ҳамда сабрли эди. Илм олишга иштиёқманд бўлганидан вафот этадиган куни ҳам тил қоидаларидан саккизтасини ёдлашга улгурди.

Абу Аббос Аҳмад ибн Наввордан (раҳматуллоҳи алайҳ) қироат илмини ўрганди. Шунингдек, Дамашқда Мукрим, Абу Содиқ Ҳасан ибн Соббаҳ, Абул Ҳасан Саховий (раҳимаҳуллоҳ) ва бошқалардан сабоқ олди. Ҳалб шаҳрида Абдуллоҳ ибн Молик Маршоний, Ибн Яъиш, Ибн Имрон (раҳимаҳуллоҳ) ва бошқалардан Сибавайҳнинг асарларини эшитди.

Ибн Молик (раҳматуллоҳи алайҳ) бор ғайратини араб тили, наҳв ва сарф қоидалари ҳамда қиёс усулларини ўрганишга сарфлади ва етук уламолар қаторига қўшилди. Дамашқда яшаган вақтида бир неча асарлар ёзди, масжидда ишлади. Кейинчалик Қоҳирага кўчиб ўтди.

 “Ал-мувассал фи назмил муфассал”, “Кафиятуш шафия”, “Ал хулоса”, “Икмалул аълам бимусалласил калам”, “Ламийятул афъол ва шарҳуҳа”, “Фаъала афъала”, “Ал Муқоддаматул асадийя”, “Уддатул лафиз ва умдатул ҳафиз”, “Ал-иътизод физ-зои ваз-зоди”, “Туҳфатул мафдуд фил-мақсури вад-дуд”, “Шарҳут тасҳил” каби китоблар унинг қаламига мансуб.

Ибн Молик асарларини ўғли Бадриддин Муҳаммад, Шамсиддин ибн Жаъвон, Шамсиддин ибн Абул Фатҳ, Ибн Аттор, Зайниддин Абу Бакр, шайх Абул Ҳусайн, Абу Абдуллоҳ Сайрофий, Бадриддин ибн Жамъа, Шаҳобиддин ибн Ғином, Носириддин ибн Шофе ривоят йўли билан ёзиб қолдирган.

Ибн Моликка минг байтдан иборат “Алфия” асари катта шуҳрат келтирди. Олим бу китобни аруз вазнининг “ражаз” баҳрида ёзиб, унга наҳв ва сарфга оид қоидаларни киритди.

Асар сўзларга таъриф бериш билан бошланади. Кейин наҳв ва сарф қоидалари бобларда кетма-кет келтирилади. Наҳвий қоидаларни тартиблашда Қуръон, ҳадис, етти қироат ва араб шеърларини асос қилди. Наҳв қоидаларини янгича услубда тушунтириб берди.

“Алфия” наҳв олимлари эътиборига тушди. Олимлар асар байтларини грамматик таҳлил қилиб, қирқдан зиёд шарҳ, ҳошия ва унга тааллуқли асарлар ёзишди. Олимнинг ўзи, ўғли Бадриддин Муҳаммад, Бурҳониддин ибн Иброҳим Андалусий, Баҳоуддин Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Ақийл, шайх Абдуллоҳ ибн Ҳусайн Адкавий, Бадриддин ибн Қосим Мисрий, Нуриддин Абул Ҳасан Ашмуний, Зайниддин Абдурраҳмон ибн Абу Бакр, Абу Зайд Абдураҳмон ибн Али Мукаввадий, Абу Муҳаммад Қосим Андалусий, Шамсиддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ҳавворий Андалусий ва бошқалар “Алфия” га шарҳ ёзишди.

“Авзоҳул масалик ила алфияти ибни Молик” (Жамолиддин ибн Ҳишом Ансорий), “Шарҳи ибн Ақийл” (Баҳоуддин Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон), “Минҳатул Жалил битаҳқиқ шарҳ ибн Ақийл” (Шайх Муҳаммад Муҳийиддин Абдулҳамид), “Минҳажус салик ила алфияти ибни Молик” – “Шарҳи Ашмуний” (Абу Ҳасан Али Нуриддин ибн Муҳаммад Исо) асарлари “Алфия”нинг энг машҳур шарҳлари саналади.

Ибн Молик (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳижратнинг 672 йили Қоҳирадан Дамашққа сафар қилади ва шаъбон ойининг ўн иккинчи куни вафот этади.

 

Лола МАҲМУДОВА,

ТИИ битирувчиси