Ҳадис илмларига доир китобларда муҳаддисларга шу илмдаги даражаларига кўра турли унвонлар берилган:

Ҳадисда мўминлар амири” (амирул муъминин фил ҳадис) ана шу унвонларнинг энг юксагидир. Бу даражага ушбу илмнинг етакчи имомлари бўлган жуда оз сонли олимларгина етишган. Уларга Шуъба ибн Ҳажжож, Суфён Саврий, Исҳоқ ибн Роҳуя, Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом Бухорий, Доруқутний, кейингилардан Ибн Ҳажар Асқалонийлар (раҳматуллоҳи алайҳим) киради.

Ҳофиз” унвони. Ҳофиз Миззий бу даражага бундай таъриф берган: “Бу даражага таржимаи ҳоллари, ҳолатлари ва юртлари билан билган ровийлари билмайдиган ровийларидан кўп бўлган олимлар киради”.

Абул Фатҳ Ибн Саййидин Нас эса: “Шайхлари, уларнинг шайхларини табақама-табақа билган, ҳар бир табақада билганлари билмаганларидан кўп бўлган муҳаддис ҳофиздир”, деб таъриф беради.

Муҳаддис” ҳофиздан кейинги даражадир. Тожуддин Субкий бу унвон эгасига: “Иснодлар, иллатлар, ровийлар исмлари, олий ва нозил санадларни билган, кўпдан-кўп матнларни ёд олган, олти китоб, Аҳмад ибн Ҳанбал “Муснад”и, Байҳақийнинг “Сунан”и, Табаронийнинг “Муъжам”ини эшитган, шунга минг ҳадисий жузни қўшган олимдир”, деб таъриф берган. Сўнг: “Бу муҳаддиснинг илк даражасидир. Агар шуларга табақаларни ёзиш, шайхлар ҳузурига кўп қатнаш, иллатлар, вафотлар ва иснодларда ўз фикрини айтишни қўшса, етакчи муҳаддислардан бўлади”, дейди.

Кейинги унвон “муснид”дир. У ҳадисларни шайхлардан эшитиб, бошқаларга етказиш билан чекланадиган, ҳадис илмларини пишиқ билмайдиган кишидир.

 

Жамшид ШОДИЕВ

 тайёрлади.