Буюк олмон мутафаккири, олим, шоир Гётенинг "Фауст", "Ёш Вертернинг изтироблари", "Ғарбу Шарқ девони"каби дурдона асарлари турли тилларига таржима қилинган.

Қуйида ҳавола этилаётган мақола олмон олимаси, фан доктори, профессор Катарина Моммсеннинг "Гёте ва Ислом" мавзуидаги докторлик иши асосида тайёрланган. Уни немис тилидан таржимонлар Мухторжон Умархўжаев билан Иброҳимжон Жабборов ўзбек тилига ўгирган.

Гётенинг Ислом динига ва Муҳаммад пайғамбарга[1] муносабатининг ниҳоятда эътибор тортар қирралари бор, уларни алоҳида, атрофлича тадқиқ этиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Буюк шоир 23 ёшидаёқ Муҳаммад пайғамбарга атаб ажойиб қасида битди, 70 ёшида эса жамоатчилик олдида тан олиб: "Қуръон тўлалигича пайғамбарга тушириб тугатилган муқаддас кечани бори эҳтиром ила байрам қилиб нишонлаш ниятим бор", деб ёзди. Авваламбор, бундай эҳтиромнинг далили сифатида Гётенинг шоҳ асари - "Фауст" драмаси билан бир қаторда, шоирлик даҳосининг маҳсули бўлмиш "Ғарбу Шарқ девони"ни айтмоқ зарур. Мазкур асарнинг босилиб чиқиши хусусида муаллиф ўз қўли билан битган хабарномада қуйидаги ҳайратлантирувчи жумла бор: "Муаллиф ўзи мусулмон бўлса керак, деган шубҳаларни рад этиш ниятим йўқ".

 

* * *

Ислом дини нимаси билан Гётенинг эътиборини шу даражада ўзига тортди, нимаси унга мафтункор бўлиб туюлди? Гётеда болаликдаёқ Шарқ оламига нисбатан жўшқин муҳаббат уйғонган эди. Имкон туғилди дегунча у Шарқ тўғрисида маълумот олишга ҳаракат қиларди.

Гёте Ислом билан шуғуллангани ҳақида гувоҳлик берувчи ва бизгача етиб келган ҳужжатларнинг биринчиси Гётенинг Ҳердерга[2] ёзган мактубидан (1772 йил июн) жой олган. Мактуб хотимасида: «Мен Мусонинг Қуръонда келтирилган дуосидек дуо қилмоқчиман: "Эй Роббим! (Бу қийин вазифага) бағримни кенг қилгин"» (25-оят), деган жумла битилган. Бунда Гёте Қуръоннинг Тоҳо сурасидан иқтибос келтирган. Бундай иқтибосдан қандай мақсад-муддао қилингани суранинг давоми ўқилса тушунарли бўлади. Зеро, Гёте айни ўша пайтда кўчириб олган Қуръон иқтибослари орасида қуйидагича давоми битилган: "Ишимни осон қилгин. Тилимдан тугунни (дудуқликни) ечиб юборгин" (26-27 оят).

Гётенинг Қуръондан ёзиб олган парчалари шоирнинг Муҳаммаднинг фаолият тарзига ҳамда унинг маълум бир халқ орасида тутган мавқеига тааллуқли алоҳида қизиқишларини очиб беради. Мана, Гётенинг Қуръондан келтирилган парчаси (29-сурадан): "Белгилар Аллоҳ ихтиёридадир, мен эса фақатгина хабар етказувчиман".

Мазкур парчада Қуръонга Гёте бутун умри давомида алоҳида меҳр билан қарагани исботланган. Буни шоир ҳатто 1819 йилда ёш олимлардан бирига йўллаган мактубида ҳам иқтибосан келтирган: "Айни ҳақиқатдир, Аллоҳ Қуръонда айтгани: "Биз ҳар бир пайғамбарни (Ҳукмларимизни) баён қилиб бериши учун ўз қавмининг тили билан (сўзлайдиган қилиб) юбордик" (Иброҳим, 4).

* * *

Бизгача сақланиб қолган парчалар орасида энг машҳури "Муҳаммад қўшиғи"дир (дастлаб Али ва Фотима дуэти шаклида ёзилган). Гёте бу шеърни имкон қадар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақида барча адабиётни ўқиб ўргангач, 1773 йилнинг баҳорида ёзган эди:

 

Эй ошиқ қалб, юксалгин Яратган томон!

Менинг тангрим бўл сен, эй Худойим.

Сенсан ўша нозил этган юлдузлар, ойу қуёш

Осмону замин ва мен нечун сенга эгмайлик бош?!

 

* * *

Гётега хос хусусиятлардан яна бириу тақдирнинг унга берган оғир зарбаларидан мазкур таълимотга суяниб қаддини ростлаб олар эди. Масалан, Ҳерсог Карл Август[3] тўсатдан вафот этганида, ҳамсуҳбати Эккерманнга[4] чуқур хўрсиниб туриб, бундай деган: "Нимани мақбул этиш Аллоҳга хосдир, биз бандаларга эса у бошимизга солган нарсани тортишдан бошқа чора йўқдир". Канслер Фон Мюллерга (1827 йил 18 август) эса бундай деган: "Биз Аллоҳ белгилаб берганча умр кўрамиз". Албрехт Дюрернинг ҳикматли сўзларидан бирига таяниб, адиб қуйидагиларни ёзиб қолдирган: "Тақдири азал нимадир? Жавоб: "Ҳеч ким тақдирини қайта ёзолмайди ва тақдиридан айро йўл тута олмайди" (Рим, 1787 йил 11 август).

* * *

Эккерманнинг суҳбатлар тўпламида шоирнинг Ислом дини ҳақида энг мукаммал мақтовларини учратамиз. У муслималарга диалектикадан сабоқ беради. Сабоқларидан бирида бундай деган: "Сизлар буларнинг барчасини ўзаро боғлиқлигини тушунмоғингиз учун менинг каби эллик йил мобайнида динлар тарихини ўрганган бўлишингиз шарт. Шуниси ниҳоятда эътиборлики, Муҳаммад динидагилар тарбия жараёнини қайси сабоқлардан бошлашни биладилар. Диннинг пойдевори сифатида улар ўз ёш авлодига энг олдин сингдирадиган эътиқодларига кўра, ҳар бир инсонга барча воқеа-ҳодисаларни бошқариб турувчи Тангри белгилаб қўйганидан бошқа ҳеч нарса учрамайди. Шу тарзда ёшлар бутун умри давомида хотиржам ва зарур нарсаларнинг ҳаммаси билан таъминланган бўладилар ва бошқа бирор нарсага эҳтиёж сезмайдилар ҳам".

* * *

"Ғарбу Шарқ девони" Гётенинг Қуръони карим ва Муҳаммад пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таржимаи ҳоли билан яна кўплаб машғул­ бўлганининг бевосита ва кучли таъсири остида ёзилган.

 

Машриқ Аллоҳдандир, Мағриб ҳам Ундан,

Шимол ҳам, жануб ҳам тайиндир шундан.

Барча мамоликлар ўнгу сўлида,

Сакинат топажак Унинг қўлидан .

 

* * *

"Аллоҳнинг бир талай сифат ва исмлари борлиги ҳақидаги тасаввур (эътиқод - Таҳр.) нимаси билан Гёте учун жозибали туюлди экан?" деган саволга унинг Эккерманн билан қурган бир суҳбати равшанлик киритади. Бу суҳбатда шоир қайта-қайта Аллоҳнинг юз исми ҳақида сўз юрита бошлайди. Шу сафар ҳам у Ислом билан ўз руҳонияти ўртасида бир қадар ўхшашлик топганини тан олган эди. Ўлимидан бир йил олдин (1831 йил 8 март) Гёте Эккерманнга бундай дейди: "Болажоним, илоҳиёт ғояси тўғрисида биз ўзи нимани биламиз ва бизнинг маҳдудона тушунчаларимиз юксак У Зот хусусида нималарни англата олади? У Зотни оддий бир турк мисоли юз исм билан атамоқни истаганимда эди, таассуфки, жуда қисқа ўйлаган бўлиб чиқардим ва бунчалик чексиз фазилатлар билан қиёслаб кўрилса, яна ҳам ҳеч нарса айтолмаган бўлардим".

 

Исмларинг таъмидан олганда лаззат,

Руҳим сокинликда ором топади,

Яхшиликлар ҳамда муҳаббат ила,

Тангрининг ўзини намойиш этар[5].

 

* * *

Кекса ёшида Гёте шеъриятнинг айни юксак вазифаларини ошкор ифода этгандан кўра уларни пардалаб кетишни афзал билган. Шунга мувофиқ "Ғарбу Шарқ девониинг деярли хилват бир ўрнида "Муҳаммад" бобининг энг муҳим иловаси сифатида қўшиб қўйилмоғи лозим топилган бир жумла бор: "Шеъриятда инсониятнинг муқаддас нарсалари авайлаб сақлаб қолинади!". "Муҳаммад" бобида Ислом асосчисига нисбатан Гётенинг шу улуғ ёшда ҳам юксак эҳтиром билан пешвоз турганини кўриш мумкин. Ислом динининг Гёте хайрхоҳлик кўрсатган асосий рукнлари ҳақида гап юритганда "Девонинг насрий қисмида ҳам юқоридаги каби фикрлар мавжудлиги қайд этилмоғи зарур. Масалан, Аллоҳнинг бирлиги ҳақидаги ақиданинг баҳоси қайта ва қайта кучлироқ урғулар билан ифодасини топади. Кўпхудолиликни бартараф этишда исломий эътиқоднинг буюк хизматига катта баҳо беради: "Ёлғиз Аллоҳга ишониш руҳиятга уни доимо юксалтирувчи таъсир ўтказади, чунки бундай ишонч инсонга ўз ички дунёсининг бирлигини инкор этишни ўргатади" ("Маҳмуд Ғазнавий" боби).

 

* * *

"Ғарбу Шарқ девони" босилиб чиққанидан бир йил ўтгач, Гёте мана бу сатрларни ёзган эди: "Муҳаммаднинг бу дини, ривоятлари, ахлоқи шундай бир шеъриятга имкон берадики, шеъриятнинг бунақаси худди мен учун аталгандай".

"Девон"нинг насрий қисмидан бир иқтибос: "Аллоҳнинг Ягоналиги, Унинг иродасига бўйсуниш, пайғамбар орқали хабар бериш экани буларнинг барчаси бизнинг эътиқодимиз ва тасаввурлаш тарзимизга мос тушади" ("Изоҳ ва тадқиқотлар", "Шубҳа" боби). Бу уч асосий нуқта Гётенинг Исломга барча қизиқишларининг марказида бўлиб келган. Даъват этувчи оҳангда тақдим этилган барча мазкур қоидалар Гёте Ислом динининг асл қадрини элга англатишга нақадар зўр иштиёқманд бўлганини равшан ифодалаб беради.

 

РАЙҲОНА тайёрлади.

 



[1] Олмон олимасининг рисоласида шундай ёзилган. Муҳтарам муштарий, сиз ҳурмат юзасидан "Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)" деб ўқинг.

[2] Ҳердер Йоҳан Готфирд - XVIII аср олмон маърифатчи адиби, у Ислом динини покизалик ва хушхулқлиликни тарғиб қилувчи дин деб алқайди.

[3] Ҳерсог Карл Август - Саксония ва Ваймар буюк князи, маданият, адабиёт ҳомийи.

[4] Эккерманн Йоҳан Петер - Гёте ҳаётининг сўнгги ўн йилида узлуксиз ҳамсуҳбат бўлган ва унинг таржимаи ҳолини батафсил ёзган адабиётшунос ва танқидчи.

[5] Шеърий парчалар маъноларини таржимонлар ўзбекчага сўзма-сўз ўгиришган. – Таҳр.