Ҳасанхожа Нисорийнинг “Музаккири аҳбоб” (Дўстлар ёдномаси) тазкирасида XVI аср адабий муҳитига мансуб, шунингдек, уларгача Марказий Осиё, Афғонистон, Эрон, Туркия, Шарқий Туркистон ва Ҳиндистонда яшаб ўтган 288 нафар шоир ҳақида маълумот берилади.

Ушбу асар ўз даврида Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкиратуш шуаро” ва Алишер Навоийнинг “Мажолисун нафоис” асарларидан кейинги учинчи манба сифатида эътибор топган. Ҳозир унинг 14 та қўлёзма нусхаси турли мамлакатлар кутубхоналарида сақланади.

Асарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммад Солиҳ, Ҳилолий, Мажлисий, Хожа, Шайбоний, Убайдий каби шоирлар билан бир қаторда карманалик Мавлоно Афсарий ва нуроталик Мавлоно Абдулвосе ҳам тилга олинади. Шоирлар ва уларнинг ижоди ҳақида мухтасар тўхталиниб, тавсифлар берилади. Жумладан, Мавлоно Афсарий тўғрисида қуйидаги маълумотларни ўқишимиз мумкин:

“Мавлоно Афсарий Кармана вилоятидандир. Узоқ вақт Убайдуллохон (1487–1540) хизматида, унинг яқинлари қаторида эди. Шеърлари мўл. Амир Қосим девонига татаббу битган, Амир Шоҳий девонига эса жавоб ёзган. Мир Алишер Навоий наволари пайравига кўп тиришиб, ўзини иккинчи Алишер хаёл қиларди ва шу хаёл орқасидан “Соний” деб тахаллус олган. Абёти орасида яхши сўзлари топилади ва бу матлаъ унинг синовдан яхши ўтган сўзларидан.

Матлаъ:

На из боди сабуҳе ларза жоми шароб ўфтод,

Зи акси руи соқий жоми май дар изтироб ўфтод.

Мазмуни:

Тонг шамолидан шароб жоми тебранмайди,

Май жомини изтиробга солувчи соқийнинг жамолидир.

Айтган муаммо шеърлари ҳам жуда кўп ва унинг машҳур муаммоси “Ниёзий” исмигадир:

Юзини кўрса кўзим ҳар дам оқар ёши онинг,

Ул қуёшдир, шам ва икки қоши минқоши онинг.

Ёши саксонга етай деганида фоний оламдан мангулик мулкига сафар қилди”.

Тазкирага ҳассос шоирлар қаторида нуроталик Мавлоно Абдулвосе ҳам киритилган: “Нур вилоятининг таниқли кишиларидан. Хушсурат киши эди. Таъби дағи мазадан холи эмасди. Аммо вақт ўз ниҳолидан мева татишга ва турмуш нозу неъматларидан ҳузур топишга фурсат бермади.

Байт:

Жаҳон бемадор асту бе эътибор,

Мажу эътибор аст ин бемадор.

Мазмуни:

Эътибор топмайин дунё бемадор,

Не маъно кутмоқлик ундан эътибор?

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Мажолисун нафоис” асарида ҳам Мавлоно Абдулвосе ҳақида сўз бор: “Иншо фанида моҳир, бағоят сабукруҳ (самимий) кишидир, ул ғоятғачаким, хиффат (енгилтаклик) ва таҳаттук (ҳаёсизлик) бош тортар (яқинлашмас). Зурафо (зийрак, доно) анинг била мутойиба кўп қилурлар. Ва ул ширин изтироблар қилурки, мужиби (сабаб) яна ҳазил қилур. Сафоҳат (беғубор) қилса ҳам элдин қутулмас. Анга бу мансаб Хожа Маждиддин Муҳаммад давлатидин етишди. Дерларки, анинг учун беш юз байтдин ортуқ ҳажви бор ва сойир (кезувчи) халқ учун минг байтдин ортуқ. Ва бу матлаъ онинг дурурким:

Эй кашида турки чашмат дар камон пайваста тир,

Моҳи нав гашт аз камони абрувонат гўша гир.

Мазмуни:

Кўзинг қароқчиси камонига ўқни қатор терган,

Янги ой қошинг камонидан бир чеккага бекинди.

Ҳар иккала шоир ҳаёти ва ижоди хусусидаги тасаввурларимиз эндигина уйғонаётир. Улар ҳақида бор маълумотларимиз ҳам юқоридаги кўчирмалардангина иборат. Асарлари топилиб, ўрганилиб, кенг ўқувчилар оммасига тақдим этилса, мумтоз шеъриятимиз хазинаси яна икки ўзига хос шоир ижоди билан бойир эди.

Суюндик МУСТАФОЕВ,

Нурота тумани