Асҳоби каҳф (ғорда қолган одамлар) ҳақидаги тарихий воқеа муқаддас китоблардан жой олган. Асҳоби каҳф мавзуи Туркистонга илк бор Қуръон билан, сўнгра эса Қуръоннинг туркий тафсирлари ва таржималари орқали кириб келган.

Бизнингча, ўзбек адабиётида бу мавзуга илк бор 1310 йили Носириддин Рабғузий “Қисаси Рабғузий” асарида мурожаат этган. Ушбу асар пайғамбарлар ҳақида туркий тилда ёзилган энг қадимий наср намуналаридан бири экани билан ҳам қадрлидир. Китобдаги “Қиссаи Асҳоби каҳф” қисмидан бир парча келтирамиз: «Айтмишлар, Румда бир малик бор эрди, явлоқ (ёмон, ярамас), жаббор эрди. Дақёнус отлиғ. Вазири бор эрди. Черики телим (кўп) эрди. Яна бир малик бирла ёғилашти, санчиштилар. Ул малик ҳазимат бўлди, ўлтурди. Ул маликнинг олти ўғли бор эрди, булун (тутқун) келтурди, топуғ келтурди. Ўзи Тенгриман, оғзига тупроқ, таки ўзига сажда қилдирур эрди. Бир куни хабар келди, ёғи келур теб. Дақёнус ани эшитиб, қўрқуб, титради. Аймишлар, саройда тахт уза ўлтурурда сарой тунглукидин икки мушук урушуб харлашу тушдилар. Дақёнус мушуклар унидин қўрқуб беҳуш бўлди. Бу олти қариндош ани кўруб айдилар: “Бу Тенгри эрмиш, мушукдин налук қўрқар. Биз мундин кеталинг, ҳақиқат Тенгрини тилалинг”, теб қочарга кенгаштилар».

Урушда Дақёнусга асир тушган шаҳ­зодаларнинг тўнғичи Тамлихо укаларига: “Чавгон ўйналаётганда, тўпни сарой ёққа секин, чўл томонга қаттиқ уринглар. Тўп кетидан бораётгандай бўлиб қочиб кетамиз”, деб тайинлайди. Дақёнус чавгон ўйинини томоша қилиб ўтирар, тўпни узоққа улоқтирганга шоҳона тўн тортиқ қиларди. Қочишга келишиб олган олти ака-ука тўпни икки йиғоч (12 км) ергача уриб боради ва саройдан узоқлашади. Устиларидаги яхши кийимларини ечиб, яширинча келтирилган эски кийимларни кийишади. Йўлда бир қўйчи-чўпон улардан, қаёққа кетяпсиз, деб сўрайди. Улар, Тангрини истаб боряпмиз, деб жавоб беради. Чўпон, мен ҳам сизлар билан борайин, олдин қўйларни эгаларига топширайин, дейди. Қўйчибон подани эгаларига бериб, улар билан йўлга тушади. Подачининг Қазқазин деган ити ҳам йўлчиларга эргашади. Рабғузий йўлчиларнинг отлари Тамлихо, Ирсиг, Мино, Мартолус, Сарринус, Зуанас, қўйчининг оти Кафиттинус, итнинг оти Қитмир (бу ўринда итнинг оти арабча “охиргиси” маъносидаги “қитмир” сўзи билан аталган, аслида, олдин таъкидланганидай, Қазқизиндир – Т.Қ.) эди, деб таъкидлайди.

Дақёнус уларни қидиртиради, бироқ тополмайди. Бир куни овга чиққанида узоқдан ўша ғорга кўзи тушади. Ғорга кириб, уларни ухлаб ётган ҳолда кўради. Оёқлари қаварган, барчасини чанг-тўзон қоплаган эди. Бари ўлибди, ўзларига ўзлари қилди, дейди-да, ортига қайтиб кетади.

Улар Аллоҳ иродаси билан уч юз йилу тўққиз ой ғор ичида ётадилар. Уйғонгач, қанча ухладик, дея ўзаро баҳслашадилар. Бири тўққиз ой, бошқаси тўққиз кун дейди. Тамлихо эса, бир кун бўлди, холос, деб тахмин қилади. Кунга қарайдилар: уйқуга кетишаркан, қуёш кунюрарда эди, энди қайтган, уфқ томон оғган эди. Охири: “Қанча ўтганини Худо билади”, дейдилар.

Очиққанларини сезгач, бирортамиз шаҳарга тушиб, бирор егулик олиб келайлик, деб кенгашадилар. Бирлари: “Борганни таниб қолсалар, тутиб, тошбўрон қилишади ёки динларига киритишади, кейин биз ҳам қутулмаймиз”, деб хавотир билдиради.

Хуллас, Тамлихо ақча олиб, йўлга тушади. Кўп йиллар ўтгани боис бозор йўлини тополмайди. Шу сабаб, ё ҳалиям уйқудаманми, деган ўйга ҳам боради. Бозорни топгач, нон олиш учун сотувчига пул узатади. Сотувчи: “Хазина топган кўринасан, мени шерик қилмасанг, подшога айтаман”, деб уни қўрқитади. “Бу нима деганинг ахир, – дейди Тамлихо. – Биз кеча тоққа чиққан эдик. Қорнимиз очиб, бугун нон олгани келдим. Пулни ол ва нон бер”. Сотувчи унамайди ва уни подшога олиб боради. Подшо Ястағод деган мусулмон экан, эли ҳам мусулмон экан. Тамлихо бу подшони Дақёнус деб ўйлайди.

Подшо ундан кимлигини, қаердан келганини суриштиради. Тамлихо ўтган гапларни айтиб беради. Подшо уламодан: “Китобларда шу гаплар борми?” деб сўрайди. Бир олим: “Мен бир китобдан топдим. Дақёнус даврида олти йигит қочиб, тоғдаги ғорда қолган экан”, деб маълумот беради. Подшо: “Қани, отланинг, бориб кўрайлик”, дейди. Тамлихо уларга: “Сизлар берироқда туринглар, мен ғорга кириб, сизнинг Дақёнус эмаслигингизни айтайин, қўрқмасинлар”, дейди. Тамлихо ғорга кириб, подшо келди, дейиши билан қардошлар барчаси ҳушдан кетишибди. Яна ўзларига келишибди...

Шу ҳолат тасвиридан кейин Рабғузий муҳим бир ҳолатни баён этади. Яъни: “Ул элда икки турлук халойиқ бор эрди. Бириси айтур эрди, Тенгри азза ва жалла жонни тиргизур, танни тиргузмас, дер эрди. Тақи бири айтур эрди, танни ҳам, жонни ҳам тиргизур. Қачон буларни кўрдилар эрса билдиларким, танни ҳам тиргизур эрмиш”.

Профессор Ҳамидулла Болтабоев ёзишича, “Турк дунёси илмида барча муфассир ва исломшунослар тан олган илк туркий тафсир XII–XIII асрларда номаълум муаллиф томонидан ёзилган. Унинг қўлёзма нусхаси 1914 йили Қаршида топилган ва Бухорога келтирилган. 1920 йили Бухорода шўролар ҳукумати ўрнатилгач, тафсир Санкт-Петербург шаҳрига олиб кетилган”[1].

Петербург шарқшунослик институтида 197-рақам билан сақланаётган ана шу қўлёзма нусхасига суяниб, Каҳф сураси тафсирини профессорлар Қозоқбой Маҳмудов ва Ҳамидулла Болтабоев бугунги ўзбекчага табдил этиб, “Ислом тасаввуфи манбалари” китобида нашр эттирди. Бу ҳам ўзбек адабиётига Асҳоби каҳф мавзусининг таъсири масаласини ўрганишда муҳим манбадир, албатта. Бу тафсирдаги воқеа баёнида Рабғузий ҳикоясидаги маълумотлардан фарқли ўринлар бор. Рабғузийда воқеа кечган ер исми берилмаган. Тафсирда эса: “Юнон элида бир халқ бор эди, бу элнинг номи Ақсус эди... Асҳоби каҳф кишилари Ақсус кентида Тангрига сиғинар эди ва ўзлари мусулмон эдилар...” дейилади.[2]

Туркий тафсирда ҳам ғор кишиларининг етти нафар экани, уларга ит йўлдош бўлгани айтилган. Киши исмлари Рабғузийдан бошқачароқ, яъни: “улуғларининг оти Маскина, иккинчиси Махлиса... Шалиха, Батарус, Йамлиха, Қорабош, Саро... Итнинг оти Қитмир”.[3]

Асҳоби каҳф мавзуининг ўзбек мумтоз дос­тонларига кириб келишида буюк шоир Алишер Навоийнинг хизмати улуғдир. Навоий мусулмонлик тушунчаларининг халқ орасида кенг ёйилишида худди Аҳмад Яссавий йўлидан бориб, Қуръони карим оятлари ва ҳадисларнинг маъноларини барча асарларига сингдириб юборган. Ғорда қолган одамлар мавзуи “Маҳбубул қулуб” асарида ва “Лисонут тайр” достонидаги “Шайх Нажмиддин Кубронинг сўзи ва итга тушган кўзи” бобида талқин этилган.

Янги давр ижодкорлари бу достондан, сўнгра 1990 йилларда босилган Қуръоннинг ўзбекча маънолар таржимасидаги Каҳф сурасидан ва бошқа диний-маърифий асарлардан таъсирланиб шеърлар ва ҳикоялар яратишди. Масалан, Маҳкам Маҳмуднинг “Асҳоби каҳф” номли ҳикояси бунга мисолдир.

Глобаллашиб бораётган дунёнинг глобал фожиаларидан, чигал муаммоларидан бири маънавий тарбиясизликдир. Бу вазиятда Асҳоби каҳф мавзусининг адабиётда ишланиши унинг тарихий, диний ва адабий аҳамиятга эгалигини кўрсатяпти. Инсонлар имонга суянган ҳолда яшаши керак. Имонсизлик ижтимоий тенгсизлик, зулм, одамлар ва бошқа мавжудотларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол этиш муаммоси XXI асрнинг энг катта муаммоларидан биридир. Бу нуқтадан боқилса, Асҳоби каҳф мавзусининг ўзи ва унинг адабиётда ишланиши нақадар қийматли экани англашилади.

Тоҳир Қаҳҳор,

шоир, жаҳон тиллари университети доценти



[1] Туркий тафсир – “Ислом тасаввуфи манбалари” тўплами. Тузувчи профессор Ҳамидулла Болтабоев. Тошкент. “Ўқитувчи” 2005 й. 50-б.

[2]  Ўша китоб, 59-бет.

[3] Ўша китоб, 61-б.