Тўлиқ исми: Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Наср ибн Хашшоб Абу Муҳаммад Наҳвий. Шахсий ҳаёти тўғрисида маълумотлар сақланиб қолмаган.

Қифтий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Абу Муҳаммад  ўз замонасидаги наҳвшунос олимларнинг энг билимдони эди. У ҳадис, тафсир, луғат, мантиқ, фалсафа, алгебра, геометрия илмларини пухта эгаллади. Ўша вақтда мавжуд ҳар бир илмга маълум даражада ҳисса қўшди”.

Устозлари: Абу Мансур Жаволиқийдан адабиётни, Абу Бакр ибн Абдулбоқи Ансорийдан алгебра ва геомет­рияни, Абу Бакр Мазрақийдан фароиз илмини, Абу Ғаноим, Абул Қосим ибн Ҳусайн, Абул Изз ибн Кодишдан ҳадис ўрганди. Ҳадис борасида ишончли уламолардан ҳисобланади. Ўша вақт олимлари эгаллаган илмларидан кўра кўпроқ илм ўрганмагунча изланаверарди.

Абу Муҳаммад (раҳимаҳуллоҳ) яхши хаттот ҳам бўлган. Шунинг учун ҳам барча асарларини ўз қўли билан ёзди. Кўпчилик ундан илм олиб, асарларидан фойдаланди.

Ҳадис ривоят қилиши: У кишидан шогирдлари Абу Саъд Самъоний, Абу Аҳмад ибн Сакина, Абу Муҳаммад ибн Ахдар ва бошқалар ҳадис ривоят қилишди.

Машҳур асарлари: “Шарҳул жумал лил Журжоний”, “Ар-радду ала Ибн Бобшоз фи шарҳил жумал”, “Ар Радду ала Табризий фи таҳзибил ислоҳ”, “Шарҳ Муқоддаматил вазир ибн Ҳабир фин-наҳв”, “Ар-радду ала Ҳаририй фи мақоматиҳи”.

Абу Муҳаммад Наҳвий ҳиж­рий 567 йили рамазон ойининг учинчиси, жума кечаси вафот этди. У барча китобларини илм аҳлига вақф қилди.

 

“Буғятул Воиз” китоби­ ­асосида Лола МАҲМУДОВА тайёрлади.