Ҳазрат Алишер Навоийнинг 268 рубоийдан иборат “Назмул жавоҳир” асарида ҳазрат Алининг (розияллоҳу анҳу) ҳикматли сўзлари шарҳланган. Милодий Х асрда Шариф Розий тўплаган саҳобанинг ҳикматли сўзлари “Наҳжул балоға” деб номланади. XI асрда “Наҳжул балоға”ни янада мукаммаллаштирган олим Жоҳиз (Амр ибн Баҳр) асарни “Насрул лаолий” (Қимматбаҳо тошларнинг сочилиши) дея номлаган. Кейинчалик ушбу асарнинг маълум қисмларини Рашидиддин Ватвот, Дарвеш Ашраф Хиёбоний форс тилида шарҳлаб, назмга солади. Алишер Навоий ҳазрат Алининг (розияллоҳу анҳу) қабри Балхда экан, деган хабарлардан илҳомланиб, “Насрул лаолий” асарини турк тилида рубоий жанрида шарҳлайди ва уни “Назмул жавоҳир” деб номлайди. Биз ушбу ўринда “Назмул жавоҳир” асаридан бир-икки рубоийни келтирамиз.

“Башшир нафсака биз-зафари баъдас-сабри” (Сабрдан сўнг ютуқ келиши муқаррарлигидан нафсингга башорат бер!). Алишер Навоий бу ҳикмат дурини бундай назм ипига тизади:

Нафс уйига сабр ила иморат англа,

Бесабрлиғин анинг шарорат англа,

Иш сабр сари анга ишорат англа,

Сабрини зафар сари башорат англа.

Сабр, бардош, тоқат – бу уч эгиз тушунча инсон хулқининг зийнатидир. Қуръони каримда: “Эй мўминлар, сабр қилиш ва намоз ўқиш билан (мендан) мадад сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир” (Бақара, 153), дейилган.

Сабр ҳақида кўп алломалар ўзларининг нодир фикрларини айтиб ўтишган. Бироқ уларнинг орасида Навоийнинг таърифи бўлакча: “Сабр – ҳажр шомидек қоронғу ва узун, аммо сўнгги висол тонги; сабр – ҳаж йўлидек қийин ва йироқ, лекин ниҳояти – иқбол Каъбаси”.

Инсоннинг гўзал сифатларидан бири ҳилм, яъни мулойимликдир. Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) ҳилм ҳақида: “Башошатул маръи ъатиййатун санийатун” (Кишининг мулойимлиги (эҳсондан кейин) иккинчи совғадир) деган. Алишер Навоий бу ҳикматни ҳам маҳорат билан рубоийга солган:

Эҳсонки бировга сийрату сон келди,

Ашколи сипеҳр оллида осон келди.

Эҳсон ҳар неча зеби инсон келди,

Эҳсонда тараб икинчи эҳсон келди.

(Эҳсон қилиш кимнинг сийратига жо бўлса, дунё мушкуллари унинг олдида осон ечим топади. Эҳсон инсон учун зебу зийнат кабидир. Киши эҳсон қилишда мулойимлик қилса, худди иккинчи марта эҳсон қилгандай бўлади.)

Мулойимлик, очиқ чеҳралик кўпинча “ҳилм” деган фазилат билан ёндош келади. Унинг соҳиби “ҳалим” дейилади. Ҳалимлик, аввало, Аллоҳнинг буюк сифатларидан биридир.

Ойша онамиздан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Ойша, албатта, Аллоҳ ҳалимдир. У зот мулойимликни яхши кўради ва мулойимлик учун қўполликка ҳамда ундан бошқага бермаган нарсани беради”, дедилар”.

“Айбларни беркитишда тун каби бўл!” дея хитоб қилган Мавлоно Жалолиддин Румий. Дарҳақиқат, эзгулик йўлида айбпўшлик – бу улуғ фазилат. Аммо бунинг терсини қиладиган, яъни, “тирноқ тагидан кир қидирадиган”лар тоифаси бугун ҳам йўқ эмас. Демак, бундай қусур ҳамма замонларга тегишли. Ҳазрат Али айтади: “Ихвану ҳазаз-замани жавасисул ъуйуби” (Замона кишилари айб изловчилардир). Ушбу ҳикматни Алишер Навоий назмда бундай талқин этган:

Даҳр аҳлики келди аҳли номус бари,

Қардошлар эрур макр ила маҳбус бари,

Олингда неча қилса заминбўс бари,

Лекин бордур айбингга жосус бари.

Устоз Азиз Қаюмов ушбу рубоийни бундай шарҳлаган: “Олам эли гарчи ўзларини ору номусли деб билсалар ҳам қардошларинг ҳаммалари макр тузоғига тушган, унга тутқун бўлганлардир. Улар сенинг олдингда ер ўпиб, таъзим қилиб турсалар-да, барчаси айбингни пойловчи жосуслардир”.

Абу Барза Асламийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй тили билан имон келтириб, қалбига имон кирмаганлар жамоаси! Мусулмонларни ғийбат қилманглар ва уларнинг айбларини ахтарманглар! Ким уларнинг айбини ахтарса, Аллоҳнинг ўзи унинг айбини ахтаради. Аллоҳ кимнинг айбларини ахтарса, уни уйининг ичида шарманда қилади”, дедилар” (Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Ҳазрат Навоий арабий ҳикматларга замонасига муносиб тарзда мурожаат қилади. Рубоийларнинг илк мисраларида ўқувчини хулоса чиқаришга тайёрлаб, тагдор маъноларни учинчи ва тўртинчи мисраларида ўзига хос услубда ифода этади.

Рустам МИРВОҲИД,

ТошДШИ магистранти