Азиз ўқувчилар! Журналимизнинг бу йилги илк сонидан “Пайғамбаримиз ва аҳли байт” номли янги китобдан парчалар беришни бошлаймиз. Ундан севимли пайғамбаримиз, икки олам сарвари Муҳаммад мустафонинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаёт йўллари, оилалари ҳақида у зотнинг (алайҳиссалом) ҳар бир умматлари билиши керак бўлган фойдали ва қизиқарли маълумотлар ўрин олган. Бу асарда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сийратларига оид кўплаб маълумотларни солиштириш ва таҳлил қилиш асосида ўқувчи учун энг ишончли ва энг зарурлари тўпланган.

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

1. Иброҳимнинг (алайҳиссалом)дуосидирлар. Яъни, Иброҳим (алайҳиссалом) Исмоил (алайҳиссалом) билан бирга Каъбани қурар эканлар, бундай дуо қилганлар: “Эй Раббимиз, уларга (келажак умматларга) ўзларидан (чиққан), уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китоб ва ҳикмат (Қуръон ва Ҳадис)ни ўргатадиган ва уларни (куфр ва гуноҳлардан) поклайдиган бир пайғамбарни юборгин! Албатта, Сен қудрат ва ҳикмат эгасидирсан” (Бақара, 129).

2. Ҳазрат Исонинг (алайҳиссалом) башоратидирлар (“Эсланг, Исо ибн Марям: “Эй Исроил авлоди! Мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчиман”, деган эди”) (Саф, 6).

3. Оналари Оминанинг тушидирлар (Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) баён қилишларича, оналари Омина у зотни туғаётганларида бир нур чиққанини ва унинг ёруғлигидан Шом ўлкасидаги қасрлар ёришиб кетганини тушларида кўрган) (Ҳоким ривояти).

Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) энг машҳур исмлари: Муҳаммад ва Аҳмад.

“Муҳаммад” исмининг маънолари:

1) “Тўхтовсиз, тинимсиз ва доимо мақталадиган”, яъни, мақталаверади, мақталаверади ва яна мақталаверади (барча пайғамбарлар ҳам мақталадилар, аммо Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тўхтовсиз мақталадилар);

2) Мақтовга муносиб сифатлари, мақтовли хислатлари, мақтовга лойиқ амаллари ва тақдирланарли ишлари жуда кўп (барча пайғамбарларнинг мақтовга муносиб сифатлари, мақтовли хислатлари, мақтовга лойиқ амаллари ва тақдирланарли ишлари бор, аммо Расулуллоҳники (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаммасидан кўпроқдир);

3) Барча фазилатлар эгаси (барча пайғамбарлар фазилат эгалари бўлиб, ўз умматларига намуна бўлганлар, комил инсон бўлганлар, аммо Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) барча фазилатларни ўзларида жамлаган бўлиб, қиёматгача келадиган бутун инсоният учун энг мукаммал ва энг гўзал намунадирлар).

“Аҳмад” исмининг маъноси: Аллоҳ таолога энг кўп ҳамд-мақтовлар айтувчи (барча пайғамбарлар Аллоҳ таолога ҳамд-мақтовлар айтишган, аммо Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) улардан кўпроқ айтганлар.

Саҳиҳ шажаралари: Муҳаммад ибн (1) Абдуллоҳ ибн (2) Абдулмутталиб ибн (3) Ҳошим ибн (4) Абдуманоф ибн (5) Қусай ибн (6) Килоб ибн (7) Мурра ибн (8) Каъб ибн (9) Луай ибн (10) Ғолиб ибн (11) Фиҳр (лақаби Қурайш) ибн (12) Молик ибн (13) Назр ибн (14) Кинона ибн (15) Хузайма ибн (16) Мудрика ибн (17) Илёс ибн (18) Музар ибн (19) Низор ибн (20) Маъадд ибн (21) Аднон.

Аржаҳ (кучлироқ, ҳақиқатга яқинроқ) қавлга кўра, Аднон Исмоилнинг (алайҳиссалом) қирқинчи авлодидир. Исмоил алайҳиссалом Иброҳимнинг (алайҳиссалом) ўғли, Иброҳим (алайҳиссалом) Нуҳнинг (алайҳиссалом) авлоди, Нуҳ (алайҳиссалом) Одамнинг (алайҳиссалом) авлоди эканида эса шак-шубҳа йўқ.

Оталари: Абдуллоҳ (Абдулмутталибнинг энг суюкли фарзанди).

(Ҳижратдан аввалги 78-79/мил. 546 йили туғилган ва ҳижратдан аввалги 53 йил боши/ мил. 571 йил бошлари – 54 йил охирлари/мил. 570 йил охирлари орасида, Фил воқеасидан олдин, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оналарининг қорнида ҳомила эканларида, 25 ёшида Ясрибда вафот этган.)

Оналари: Омина бинти Ваҳб ибн Абдуманоф ибн Зуҳра ибн Килоб (ҳижратдан аввалги 47 йил/мил. 577 йилда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олти ёш бўлганларида вафот этган).

Боболари (ота тарафдан): Абул Ҳорис Абдулмутталиб ибн Ҳошим (ҳижратдан аввалги 45 йил жумодул аввал ойи/мил. 579 йил апрелнинг бошида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саккиз ёшу икки ою ўн кунлик бўлганларида, 80 ёшдан ўтиб вафот этган).

Бувилари (ота тарафдан): Фотима бинти Амр ибн Оиз ибн Имрон ибн Махзум ибн Яқаза ибн Мурра.

Боболари (она тарафдан): Ваҳб ибн Абдуманоф.

Бувилари (она тарафдан): Барра бинти Абдулуззо ибн Усмон ибн Абдуддор ибн Қусай.

Миллатлари: соф араб.

Қабилалари: Қурайш (Қурайш – Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўн биринчи боболари Фиҳрнинг лақаби бўлиб, ундан ўн иккита уруғ тарқалган).

Уруғлари: Бани Ҳошим – ҳошимийлар.

(Давоми келгуси сонда)

Абдулазим ЗИЁУДДИН,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси