Маълумки, Ислом дини инсониятни доимо яхшилик ва меҳр-оқибат туйғуларини шакллантиришга чорлайди. Юксак инсоний қадриятларни аждодлардан авлодларга етказишда динимизнинг аҳамияти беқиёсдир. Ислом дини таълимотининг асоси Қуръони каримдан сўнг Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадисларидир.

Ҳадис илми милодий IX асргача икки асосий тараққиёт даврини босиб ўтди:

Биринчи давр – Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), саҳобалар ва катта тобеинлар даври (ҳижрий I аср) бўлиб, бу даврда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мендан Қуръондан бошқани кўчирманглар, ким Қуръондан бошқа нарсани кўчирган бўлса, уни йўқ қилсин!”, деганлари учун ҳадисларни ёзиш йўлга қўйилмаган эди. Аммо айрим саҳобалар ҳадислар унутилиб йўқ бўлиб кетмаслиги, таълим беришда фойдаланиш ҳамда бирон масала ечимини топиш учун хусусий тартибда (ўзларига хослаб) ривоятларни ёзиб боришган. Катта тобеинлар замонида ҳадисларни кўчириш ишлари сиёсат даражасига кўтарилди. Ҳатто умавий ҳукмдор Умар ибн Абдулазиз ҳадисларни расман кўчиришга буйруқ берди.

Иккинчи давр – милодий VIII (ҳижрий II) асрни, яъни тобеинлар ва табаа тобеинлар даврини ўз ичига олади. Бу даврга келиб, ислом давлатининг чегараси кенгайиб бориши билан турли халқлар, динлар, мазҳаблар, миллат ва элатлар вакиллари исломни қабул қилгани боис ҳадисларни тўплаб, китоб ҳолига келтириш зарурати туғилди. Албатта, илк босқичда араб бўлмаган халқларнинг араб тилини билиш даражаси, эътиқоди масаласи ва бошқа омиллар динни тушунишда қийинчилик туғдирар эди. Бундан ташқари, турли сиёсий фитналар натижасида хилма-хил фирқалар пайдо бўлди. Улар орасида ҳам фикрий, ҳам ғоявий ва ҳатто қуролли кураш авж олди. Ҳар тараф ўзининг ҳақлигини исботлашда турли воситалардан фойдаланиб, Қуръон ва ҳадисдан далил келтиришга уринар эди. Бундай ҳолларда ноҳақ томон Қуръон оятларига ўз ғаразли мақсадлари йўлида ботил шарҳ бериш, ўз уйдирма гапларини ҳадис деб, ёлғон даъво қилишга ўта бошлади. Уламолар бундай сохта сўзларни мавзуъ ҳадис деб аташди.

IХ – Х асрларда “улум ал-ҳадис” (“ҳадис илмлари”) алоҳида фан сифатида шаклланди. Бу соҳа ривоятнинг ҳаққонийлиги, шартлари, турлари, ҳукмлари ва ровийларнинг аҳволи, муҳаддисларнинг ҳадисларни ривоят қилиш услуби ва унга тегишли бўлган масалаларни ўрганади. Шунингдек, бу фан “Мусталаҳ илми” (“Атамалар илми”) деб ҳам аталиб, бу билан ривоятнинг қабул ва рад қилиниши аниқланади. Бу соҳанинг пайдо бўлишида Ромаҳурмузийнинг (ваф. 360/970 й.) ўрни каттадир. У “ал-Муҳаддис ал-фосил байн ар-ровий ва ал-воий” (“Ровий ва тингловчининг орасини ажратувчи муҳаддис”) китобини ёзиб, санад ва матнларни ўрганувчи илм (“усул ал-ҳадис”, “ҳадис илми”)га асос солди.

Муҳаддислар учун ровийлар (ар-рижол) занжири (силсила)нинг узлуксизлигини белгилаш муҳим бўлган. Ровийларнинг исми, яшаган йиллари, таржимаи ҳолларини билишга ҳаракат қилганлар. Уларнинг ишончлилик даражаси ва ахлоқий хусусиятлари алоҳида аҳамият касб этган. Ровийлар ҳақида батафсил маълумот тўплаш ва уларни танқидий ўрганиш ҳадис илмининг алоҳида йўналиши – “маърифат ар-рижол” (“ровийлар ҳақида билим”)ни вужудга келтирган. Бу билимни ҳар бир муҳаддис эгаллаши лозим ҳисобланган. Ровийларни аниқлаш махсус луғат ёки иснодларда номи зикр этилган шахсларнинг таржимаи ҳоллари битилган табақот кўринишидаги маълумотномаларнинг яратилишига олиб келган. Бу турдаги асарларнинг бизгача етиб келгани Ибн Саъд (845 й.в.э.)нинг “Ат-табақот ал-кубро” асаридир. Шу билан бир қаторда “заиф” ҳадис ровийлари ҳақида ҳам маълумотномалар ёзилган. Масалан, Насоий (915 й.в.э.)нинг “Китоб ал-дуъафо” асари.

Ҳадислар танқидига IX асрнинг йирик алломалари, мусулмон оламида энг ишончли ҳисобланган олти саҳиҳ ҳадис тўпламларининг муаллифлари: Имом Бухорий (870 й.в.э.), Имом Муслим (875 й.в.э.), Ибн Можа (886 й.в.э.), Абу Довуд Сижистоний (888 й.в.э.), Абу Исо Термизий (892 й.в.э.) ва Имом Насоий (915 й.в.э.) лар катта ҳисса қўшдилар.

Муҳаддислар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларини асл ҳолида келажак авлодга етказиш учун ишончли, санади мукаммал ривоятларни олиб, уларни соф, ҳар қандай сохталиклардан холи ҳолда тўпладилар. Улар ҳадисларни санад (иснод) ва матн қисмларига бўлиб ўргандилар. Иснодда ривоят қилувчиларнинг исмлари, гоҳида куня, лақаблари кетма-кет келиб, охири шу ҳадисни ривоят қилган шахс билан якун топади. (Масалан, “Менга фалончи, у уни фалончидан, ... у эса фалончидан қуйидагини хабар қилди:”). Иснодни текширишда ҳар бир ровийнинг ҳаёт йўли, насл-насаби, эътиқоди, ислом дини аҳкомларига нечоғли амал қилиши, ростгўйлиги, адолати, зеҳн-идрок даражаси ва бошқа кўплаб сифатлари пухта ўрганиб чиқилган. Иснодсиз ҳеч қандай ҳадис қабул қилинмаган. Бу борада Муҳаммад ибн Сириннинг “Бу илм диндир. Шунинг учун сизлар динингизни кимдан олаётганингизга қаранг!”, Абдуллоҳ ибн Муборакнинг “Санад диндандир. Санад бўлмаганида, ким нимани хоҳласа, гапираверарди”, деб огоҳлантириши фикримизнинг яққол далилидир.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ҳадис илмларини ўрганиб, юксак маънавий фазилатларни халқимизга етказиш, ҳамда бугунги жамият ва илм-фан тараққиётидаги аҳамиятини ёритиб бериш, шу билан бир қаторда, барқарорликка таҳдид солаётган турли диний низоларнинг олдини олишда, турли диний экстремистик гуруҳларга раддия беришда оят ва ҳадислардан тўғри фойдаланиш жуда муҳимдир.

Динара Бекматова,

Тошкент ислом университети магистранти