Илм-фан соҳасида мусулмон олимлари жуда катта кашфиётлар қилгани кўпчиликка маълум. Беруний, Муҳаммад Хоразмий, Ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Ғиёсиддин Жамшид каби боболаримизни бутун дунё билади. Ихтиролари билан илм-фан тараққиётига катта туртки берган, лекин номлари, кашфиётлари ўқувчиларимизга у қадар таниш бўлмаган мусулмон олимлари ҳам бор. Қуйида уларнинг кашфиётлари ҳақидаги қисқача маълумотлар билан танишасиз.

Биринчи қоғоз корхонасини 794 йили Бағдод шаҳрида халифа Ҳорун ар-Рашид вазирининг ўғли Ибн Фузайл (739–805) қурдирган. Бу каби қоғоз корхоналари 800 йили Мисрда, 950 йили Андалусияда, 1100 йили Византияда, 1102 йили Ситсилияда, 1228 йили Германияда, 1309 йили Англияда ишга туширилган.

 

* * *

891 йили Бағдод шаҳрининг ўзида юздан ортиқ китоб дўкони бўлган.

* * *

Тарихий манбаларда келтирилишича, машҳур тарихчи Ал-Ваҳидийдан (742–823) олти юз сандиқ китоб мерос қолган.

* * *

X асрда яшаган Соҳиб ибн Убоданинг шахсий кутубхонасидаги китоблари сони ўша замон Оврупа кутубхоналаридаги жами китоблар сонига тенг бўлган.

* * *

Абул Қосим Заҳровий эса (963–1013) ўзидан олдинги олимларнинг тажрибаларини умумлаштириб, жарроҳликни алоҳида, мустақил фан даражасига кўтарган. Икки юздан ортиқроқ жарроҳлик асбобларини ихтиро қилиб, қандай қўлланилишини тушунтириб берган.

* * *

Ибн Нафис (1210–1288) оврупалик олимлардан уч юз йил олдин кичик қон айланиш доирасини тасвирлаб, тушунтирган.

* * *

Тригонометриядаги "синус", "косинус", "котангенс" атамалари Ислом олими Абул Вафодан (940–998) мерос қолган.

* * *

Тригонометрик формулалар мусулмон математиги Ибн Юнусга тегишли.

* * *

"Нютон биноми" формуласини илк бор Нютон эмас, балки машҳур мусулмон олими Умар Хайём (1048–1123) очган.

* * *

Арифметик амаллар ва вергулни илк бор Ғиёсиддин Жамшид (1429 йили вафот этган) қўллаган.

* * *

Ғарбда "Албатегнус" ёки "Абатегни" номи билан машҳур буюк астроном Ал-Баттани (877–929) X асрда Коперниккача бутун дунё­да фойдаланилган астрономик жадвални тузган. У Ер ҳажмини ҳам ўлчаган ва унинг ҳисоб-китоблари ҳозирги замонавий ўлчовдан 24 секундгагина фарқ қилади.

 

Дилафрўз САЛОҲИДДИН қизи тайёрлади.