Алишер Навоий ижодида нафс тушунчаси атрофлича таҳлил қилинган, унга муносабат билдирилган.

Араб тилидан олинган “нафс” сўзи:

1. Жон, руҳ, инсон табиати;

2. Зот, ҳар нарсанинг асли, вужуди;

3. Шахс, ўзлик каби маъноларни билдиради.

Улуғ шоир асарларида “нафс” асосан уч хил маънода: бирор кишининг шахси; руҳ ва жон маъносида; инсонни кўпроқ ёмонликларга бошловчи хоҳиш-истаклар мазмунида келади. Шоирнинг “нафси аммора” – ёмонликка буюрувчи нафс ҳақидаги байтларига тўхталсак.

Шоир “нафси аммора”ни инсонларни Ҳақ йўлидан оздирувчи, шармандаю шармисор қилувчи нафсни ислоҳ қилиш чораларини кўрсатиб ўтади. У ғазалларидан бирида бу ўткинчи дунёни работга, нафсни эса йўлтўсар қароқчиларга ўхшатади. Шундай қароқчики, эгасини аямайди, жавҳаридаги барча яхшиликлардан мосуво қилади. Лекин динини ҳифз қилмоқчи, одамийлигини асраб қолмоқчи бўлган киши албатта ундан эҳтиёт бўлиши керак:

Нафс қуттоъ-ут-тариқи манзилидур бу работ,

Нақди дин ҳифзиға қил ўткунча андин эҳтиёт.

Бошқа бир байтида эса инсондаги шижоат ва паҳлавонликдан сўз очади. Ҳақиқий паҳлавонлик кўпчилик ўйлагани каби кучли полвонларни йиқитиш, оғир юкларни кўтариш, жангда қаҳрамонлик кўрсатиш эмас, шоир айтганидек, ўз “нафс ити”ни енгиш, уни “забун” қилиб, жиловлаб олишдир:

Беша шерин гар забун қилсанг шижоатдин эмас,

Нафс итин қилсанг забун оламда йўқ сендек шужоъ.

Шоир нафс ҳақидаги мулоҳазаларидан бирида айтадики, нафсинг хоҳишига кўра душманни банд ва асир этишга ҳаракат қиласан. Чунки душманни хор ва асир кўриш нафсга хуш ёқади. Лекин зоҳирий душмандан кўра ботиний душман – нафс хавфлироқ. Шунинг учун ҳам: “Агар банди қилмоқчи бўлсанг нафсингни банди қил, сенга ундан зўр, ундан хавфли душман йўқ”, дейди Навоий.

Бўлуб нафсингға тобиъ, банд этарсен тушса душманни,

Сенга йўқ нафсдек душман, қила олсанг ани қил банд.

Бордию инсон “нафс ити”дан халос бўлиб, нафс қутқуларидан қутилса, унга Аллоҳ кароматларни эҳсон айлайди. Натижада, дала-даштлардаги ваҳший ҳайвонларни ҳам ўзига ром этган Мажнун сингари куч-салоҳиятга эга бўлади. Нега Мажнун каби? Чунки Мажнун ўз нафсини енгган, қалби пок, беғараз ошиқ эди. Шоир таърифлаганидек: “Ошиқ ани билким эрур дарднок, Ҳам тили, ҳам кўзию ҳам кўнгли пок”. Шу боис ҳам Мажнуннинг илоҳий жазбасидан ваҳший ҳайвонлар унинг улфатига айланар, ёнида парвона бўлардилар.

Ҳар киши нафс итлигидин айласа ўзни халос,

Ваҳш хайлин айлар ул дашт узра Мажнунвор сайд.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, Навоий “нафс”га “руҳ”ни қарши қўяди. Ҳақ йўлига ўзини тамоман бағишламоқни истаган одам иккисини бир-бирига аралаштирмаслиги керак, дейди. Чунки, бири “раҳмоний”, бири “шайтоний”, бири “нур” – юксакликда бўлса, наригиси “зулмат”, тубанликдан жой олган. Руҳ Ҳазрати Мусо Калимуллоҳ ишини бажарса, нафс Фиръавндек саркашлик қилади, ҳақиқатни тан олмай, ёмонликка буюради. Руҳ Ҳабибуллоҳ – Муҳаммад (алайҳиссалом) йўлидан боради, у зотнинг ишларини, феълу атворини бажаришга ҳаракат қилади. Нафс эса Абужаҳлга хос бўлган қилиқларни, итоатсизликни ёйиш билан машғул бўлади.

Яхши биламизки, Алишер Навоий ҳам бебаҳо асарлари билан, ҳам жамият равнақи йўлидаги хайрли ишлари билан тарих саҳнасида намуна бўлган энг ибратли шахслардан биридир. Қисқа умри давомида маънавият, жамият учун бу қадар хайрли ишлар қилишга улгурган аллома ҳақида ўйласанг, ажабланасан, ҳайрон қоласан ва бу Аллоҳнинг фазли эканига амин бўласан.

Навоийнинг бетакрор ва муҳташам ижодини қўя турайлик. Унинг савоб йўлидаги амалларига бир назар ташласак. Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома” асарида Алишер Навоий ўз даврида қилган хайрли ишларни мақтаб: “Аҳли фазл ва аҳли ҳунарға Алишербекча мураббий ва муқаввий маълум эмас... мунча бинойи хайрким, ул қилди, кам киши мундоққа муваффақ бўлмиш бўлғай”, деб эътироф этади. Ҳақиқатан тарихчи Хондамирнинг хабар беришича, Навоий 4 мадраса, 30 га яқин масжид, 11 хонақоҳ, 52 работ, 20 ҳовуз, 16 кўприк, 1 тўғон, 9 ҳаммом қурдирган. Жами 300 дан ортиқ ажойиб ва муҳташам иншоотлар бунёд эттириб, улкан савобли ишларни амалга оширган.

Лекин Навоийнинг ўз эътирофи ҳамда замондошлари хотираларидан маълум бўладики, шоир ҳар қанча риёзат, тақво ва хайрли ишлар қилган бўлса ҳам, ҳеч қачон ўзидан қониқмаган. Ўзини-ўзи доим маломат қилган. Баъзи замондошлари қилаётган ишлар, ён-атрофда бўлаётган ноҳақликлар, адолатсизликлар уни ҳамиша қийнаб келган. Шунинг учун ҳам бир муножотида айтади:

Навоий нафс зулмотиға қолмиш,

Сен ўлмай Хизри раҳ, чиқмоқ не ёро?!

Қиёматда гуноҳин афв этарга

Расулингни шафиъ эт, Кирдигоро.

Яъни, “Ё Раббим, Навоий нафс зулмати ичида қолди, уни нафси мағлуб қилди. Нафсга мағлублик – бу нурдан, тақводан, ибодатдан ва гўзал ахлоқдан маҳрумлик дегани”. Қаранг, бир умр нур ичида, эзгулик ичида яшаган инсон Ҳақ таолога ёлвориб, нималар демоқда... Одатда зулматда қолган инсонга кимдир йўл кўрсатиши, кимдир раҳнамо бўлиши керак. Айниқса, гуноҳлар зулмати аро тентираб юрган кишига Аллоҳ шафқат қилмаса, ҳақ йўлни кўрсатмаса, бундай инсон армонда қолади, нобуд бўлади. Нафс зулматига чўкканини идрок қилган шоир фақат Яратувчидан нажот излайди. Унинг “Хизри раҳ” – йўл кўрсатувчи Хизр бўлиб зулматдан олиб чиқишини, йўқса, бу қоронғуликдан ҳеч ким чиқара олмаслигини тан олади.

Ислом ақидасига кўра, Пайғамбаримиз Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) охиратда Аллоҳнинг изни билан умматларини шафоат қиладилар. Навоий шу эътиқод бўйича қиёматда – савобу гуноҳлар ҳисоб-китоб қилинадиган Кунда Аллоҳдан гуноҳини ўтишини, ҳабиби Муҳаммад (алайҳиссалом)ни шафоатчи қилишини ёлвориб сўрайди.

Маълумки, 1469 йили Ҳусайн Бойқаро Ҳирот тахтини эгаллади. Дўсти Навоий уни табриклаб, “Ҳилолия” қасидасини бағишлади. Шундан сўнг Навоий сарой хизматига тортилиб, унга муҳрдорлик вазифаси топширилди. Шоир давлатнинг барча ҳужжатларини кўздан кечирар ва муҳр босиб, расмийлаштирар эди. Шунда Навоий ҳужжатнинг энг тепасига муҳр босиши керак бўлса ҳам, камтарлик юзасидан қуйи қисмига муҳр босган. Қитъалардан бирида бу воқеани чиройли поэтик тарзда баён этади:

Чун манга лутф этти шаҳ девонда муҳр,

Бу эди элдин қуйи муҳр урмоғим.

Яъни “Подшоҳ менга лутф қилиб девонда муҳр босишни, муҳрдорлик қилишни буюрди”. Подшоҳнинг марҳаматига хокисорлик билан жавоб берган шоир “ҳаммадин қуйи муҳр босардим”, дейди. Одатда саркаш нафсга жазо бериш, уни мулзам қилиш учун одамлардан юқорига эмас, қуйида, остонада ўтириш керак. Демак, Навоий ҳужжатнинг қуйи қисмига муҳр босишни ҳаммадан пастда ўтириш, деб билган.

Ким ғурури нафси саркаш манъига,

Барчадин бўлғай қуйи ўлтурмоғим.

Ҳамма одамлардан пастда ўтириш билан иш битмагандан кейин, саркаш нафснинг ғурури синмагандан сўнг муҳрни синдириб ташладим, дейди Навоий.

Чун шикасти нафс ҳосил бўлмади,

Мундин ўлди муҳрни синдурмоғим.

Мазкур қитъа Навоий ҳаётига доир воқеалардан бирини акс эттириб, шоир унда ўзига хос фалсафий хулосани илгари суради. Бир тарафдан Навоий воқеадан поэтик хулоса чиқарган бўлса, иккинчи тарафдан нафсни синдириш йўлига ишора қилади.

Навоийнинг табиатан “мижози нозик” экани, риёкорлик ва мунофиқлик билан асло келишолмагани, ҳамиша ҳақиқат томонида бўлганини бир қатор тарихчилар ҳам эътироф этган. У жамият ичида, доим халқ хизматида бўлса ҳам баъзан “ёлғизлик руҳи” уни қийнаган. Моддий эмас, маънавий қашшоқлик, тарқоқлик, парокандалик эл бошига кўп кулфатлар солганига гувоҳ бўлган. Шоирнинг юқори мансаб, мол-дунё ичида бўла туриб, машаққат чекишини қандай тушуниш мумкин? Қитъаларининг бирида бундай ёзади:

Навоий умрин ўткарди машаққат бирла оламда,

Умиди буки, ул оламда топқай комронлиғлар.

Агарчи кофири муфлис масаллик топмади коме

Ва лекин нафси чун кофир эди, қилди ёмонлиғлар.

Гар ул оламда Ҳақ фазл этмасаю адл ила сўрса,

Анга бас бўлди зойиъ мунча чеккан нотавонлиғлар.

Яъни мўмин-мусулмон бу дунёда ибодат қилса, риёзат чекса, қўлидан келганча одамларга, халққа манфаат етказса, демак унинг маълум мақсади бор. Бир оғиз сўз билан айтганда, қилган яхшиликлари эвазига охират яхшилигидан умид қилади.

Ҳадисларда мўмин-мусулмон жаннатга ибодати билан эмас, Ҳақ фазли билан киради, дейилади. Чунки, агар Аллоҳ ҳар бир кишини адолати билан сўроқ қилса, бандалар унинг кўрсатган фазли, карами, марҳамати ва берган неъматлари қаршисида ожиз бўлиб қоладилар. Шоир “Ҳақ адолати билан берган неъматлари ҳисобини мендан сўраса, амалларим, бу дунёда қилган барча яхшиликларим, савоб ишларим етмайди”, дейди. Во ажаб! Шоирнинг эътирофи ва камтарлигига қаранг. Бутун ҳаётини, кучини, умрини, илмини, молини ва ирфонини савоб ишларга бағишлаб, яна охиратдаги аҳволидан хавфсирамоқда. Бу ҳам шоирнинг динимизда буюрилган хавфу ражо – қўрқув ва умид ичида умргузаронлик қилганидан далолат беради.

Ҳадисларда “илмга амал қилиш”, “яхши хулққа эга бўлиш” ва “ Аллоҳдан фойдали илм исташ” ҳақида айтиб ўтилган. Зотан дунё илмини била туриб унга амал қилинмаса, фойдасиздир. Навоий қитъаларининг бирида дейди:

Илми дин касб қилки, суд эрмас,

Чарх мушкулларини ҳал қилмоқ.

Лекин ул илм доғи нафъ этмас,

Билибон билмаса амал қилмоқ.

Яъни, агар чарх мушкулотларини ҳал қиладиган илмларга эга бўлсанг ҳам, дин илмини, диёнат илмини, гўзал ахлоқ илмини билмасанг, сен билган бошқа илмлардан фойда йўқ. Навоий дин илми деганда инсоннинг ўзига ҳам, жамиятга ҳам фойдаси тегадиган эътиқод, ахлоқ ва ибодатни тушунади. Шу боис ҳикматларининг бирида “Халқ ғами”ни емаган одамни “одам” демайди”. Лекин дин илмини билса-ю, унга амал қилмаса, бу ҳам фожиа. Шоир бундай илмнинг манфаатдан йироқ, фойдаси йўқлигини таъкидлайди.

Алишер Навоий ўзининг хайрли ишлари билан ҳам, жаҳоншумул асарлари билан ҳам фақат эзгулик, яхшилик хизматида бўлди ва бошқалардан ҳам буни талаб қилди. Шунинг учун ҳам асрлар оша унинг сўзлари, ҳикматлари ўз таъсирини, аҳамиятини йўқотмайди.

 

Сайфиддин САЙФУЛЛОҲ,

филология фанлари номзоди