Рус шоири, ёзувчи ва драматург Александр Пушкиннинг Ислом дини билан илк танишуви Шимолий Кавказ, Қримга сафари чоғида содир бўлди.

У масжидларда бўлиб, Қуръон тиловатларини тинглади, мусулмонлар ҳаётини катта қизиқиш билан кузатди. Ушбу таассуротлари сабаб “Кавказ асири”, “Боқчасарой фонтани” ва “Қуръонга тақлид” асарлари дунё юзини кўрди.

Пушкиннинг Шарқ олами, Ислом дини ва Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га бўлган илиқ муносабати замондошларини ҳайратлантирарди. Дўстлари уни: “Муҳаммаднинг ҳаворийси” деб аташарди. Шоир шарқона одоб-ахлоқ фазилатларини акс эттириб, “Боқчасарой фонтани” асарини ёзди. Шундан сўнг унинг Ислом ва Қуръон, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га бўлган ҳурмат-эътибори янада ортиб борди. Бу муҳаббат шоирнинг “Қуръонга тақлид” асарини таълиф этишига сабаб бўлди. Ушбу асар бутун рус адабиётида алоҳида ўрин эгаллаб, барчанинг ҳайрат ва қизиқишини қозонди.

“Қуръонга тақлид” асари тўққиз қисмдан иборат бўлиб, ҳар бирида алоҳида мавзуга мурожаат этилган. Биринчи қисмда Қуръоннинг нозил бўлиши, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва Ҳақ Кунга ишонган ҳар бир кишининг Аллоҳга бўлган муҳаббати акс этган. Иккинчи қисм мўминларнинг оналари (розияллоҳу анҳум)га бағишланади. Учинчи қисмнинг асосида Абаса ва Ҳаж сураларининг айрим оятлари маънолари мужассам. Тўртинчи қисмда Иброҳим (алайҳиссалом) билан Намруд ибн Канъон ўртасидаги мунозара ўз ифодасини топган. Бешинчи қисмда Аллоҳ таолога ҳамд, Унга илтижолар акс этган. Олтинчи қисм саҳобаларга бағишланади. Еттинчи қисмда Оли Имрон сурасидан оятлар келтирилади. Саккизинчи қисмда етимлар ҳақида сўз боради. Сўнгги тўққизинчи қисмда Аллоҳга зорланган йўловчининг ожизона аҳволи, ер ва осмонлар Яратувчисининг марҳамати ҳақида ҳикоя қилинади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эҳтиром Пушкиннинг бошқа асарларида ҳам ўз аксини топган. Масалан, “Борис Годунов”даги қуйидаги сатрлар айнан “Амаллар ниятларга кўрадир” (Имом Бухорий) ҳадисидан олинган:

 

Сенинг сўзинг, амалингга одамлар эрур ҳакам,

Қалбингдаги ниятни кўрувчи ёлғиз Эгам.

 

Адабиётшунос олимларнинг таъкидлашича, шоир қуйидаги шеърий сатрларни пайғамбарлар сарвари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га чексиз меҳр ифодаси сифатида бағишлаган.

 

Руҳий ташналикда ҳорғин, саргардон,

Зулмат саҳросида кўп кезиб юрдим.

Ҳам олти қанотли фаришта кўрдим –

Икки йўл устида бўлди намоён.

 

Енгил бармоқлари – енгил туш каби

Кўзу кипригимга тўқиниб ўтди,

Башорат нури-ла чарақлаб кетди –

Сесканиб, кўз очган бургут қуш каби.

 

Қулоқларимга ҳам тегиб ўтди у,

Тўлди қулоқларга садо ва шов-шув;

Туйдим мен – ларзада эди осмон,

Малакларнинг баланд учишин кўрдим...

 

Денгиз махлуқлари юзишар чунон,

Водийларда кўкат сўлишин кўрдим.

 

...Ваҳий тушди кўкдан – Тангри мақоли:

– “Қўзғал, эй Пайғамбар, Менга қулоқ сол,

Иродам-ла тўлиб ҳақлик таратгил,

Денгизда, тупроқда айлан, айт мақол,

Сўз айтиб инсонлар қалбин ёқа бил”.

 

“Пайғамбар” шеъридан. 1826 йил.

МИРТЕМИР таржимаси.

 

Хуллас, Илоҳий калом, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг мукаммал суннат йўли, Исломнинг бағрикенглиги, мусулмонларнинг ўзаро бирдамлиги машҳур рус шоирини илҳомлантиргани, тўлқинлантиргани маълум бўлади.

 

Малика БАРНОЕВА

тайёрлади.