Маълумки, халқимиз орасида Луқмони Ҳаким (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг ҳикматларига қизиқиш катта. Шунинг учун ҳам муштарийларимиз бизга хат йўллаб, ана шу зот ҳақида батафсил маълумот беришимизни сўрашган. Кўп сонли газетхонларнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, қуйида мазкур мавзуга доир мақолани эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Қуръони каримда Луқмони Ҳаким (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг зикри келиб, ҳатто суралардан бирининг номи “Луқмон” деб аталди.

Ривоятларда келишича, Луқмон ибн Яур (раҳматуллоҳи алайҳ) Довуд (алайҳиссалом) билан бир асрда яшаган. Аюб (алайҳиссалом)нинг жияни бўлган. Мисрнинг Асван шаҳрида туғилиб ўсган.

Холид ал-Рабъий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Луқмон дурадгор бўлган”, деб айтса, бошқа ривоятларда унинг тикувчи ёки чўпон бўлгани келтирилади.

Масъудий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Луқмон Довуд (алайҳиссалом) подшоҳлигининг ўнинчи йили туғилди ва Юнус ибн Матто (алайҳиссалом) давригача яшаб, ҳакимлиги билан шуҳрат қозонди”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Луқмон сертафаккур, яхши гумонли, кўп сукут сақловчи бўлган. У Аллоҳ таолони яхши кўрди, Аллоҳ ҳам уни яхши кўрди ва унга ҳикматни берди” (Ҳаким Термизий).

Алқама ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Имон келтирган ва имонларига зулмни аралаштирмаганлар” (Анъом, 82) ояти нозил бўлганда, бу саҳобаларга оғир келди. Улар: “Орамизда имонига зулм аралаштирмаган қайси биримиз бор?” дедилар. Шунда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Бу ундай эмас. Ахир сиз Луқмони Ҳакимнинг: “Эй ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир” (Луқмон, 13), деганини эшитмаганмисиз”, деб марҳамат қилдилар (Имом Бухорий).

Холид ал-Рабъий (раҳматуллоҳи алайҳ) ривоят қилади: «Луқмон ҳабаший дурадгор қул эди. Бир куни хожаси унга: “Биз учун мана шу қўйни сў­йиб кел”, деди. У айтилган ишни бажарди. Хожаси: “Унинг иккита энг ширин ерини олиб кел”, деди. Луқмони Ҳаким қўйнинг тили билан юрагини олиб келди. Бу воқеадан сўнг вақт ўтди. Бир куни хожаси яна унга: “Биз учун мана шу қўйни сўйиб кел”, деди. У айтилган ишни бажарди. Хожаси: “Унинг иккита энг ёмон ерини олиб кел”, деди. Луқмони Ҳаким қўйнинг тили билан юрагини келтирди. Шунда хожа: “Сенга қўйнинг иккита энг ширин ерини келтир десам, тил ва юрагини олиб келдинг. Кейин сенга қўйнинг энг ёмон жойини келтир десам, яна шуларни олиб келдинг?” деб сўради. Луқмони Ҳаким (раҳматуллоҳи алайҳ): “Агар бу иккиси яхши бўлса, улардан кўра яхшиси йўқ. Агар бу иккиси ёмон бўлса, улардан кўра ёмони йўқ”, деб жавоб берди» (Ибн Жарир Табарий).

Хожа қулларига зулм қилар, кейин эса: “Аллоҳ гуноҳларимни кечир”, деб мағфират сўрарди. Кунларнинг бирида у Луқмони Ҳаким (раҳматуллоҳи алайҳ)га шудгор қилинган иккита кенг ерни кўрсатиб: “Бу ерга арпа, унисига эса буғдой экасан”, деб буюрди. Ҳосилни йиғиштириш вақти келганда хожа далага бориб қараса, арпанинг ўрнида буғдой, буғдойнинг ўрнида арпа экилгани ва иккисининг ҳам ҳосили жуда озлигини кўрди. Ғазаби келиб Луқмони Ҳакимни чақирди: “Нега бундай қилдинг?” У зот: “Эй хожам, буйруғингизга амал қилмаган бўлсам-да, истагингизга қарши чиқмадим. “Буғдой экиб, арпа ўрса бўлади”, деб ўйлабман. Яъни, сизнинг одамларга ёмонлик қилиб, улардан яхшилик кутишингиз, худди бир ерга буғдой экиб, ундан арпа ҳосилини кутишга ўхшайди. Хожам, мени маъзур тутинг. Мен бу ишни сизга итоатсизлик сабаб эмас, балки: “Яхшилик қилган яхшилик, ёмонлик қилган жазо топади”, ҳикматини баён этиш учун бажардим”, деди. Сабоқдан ибрат олган хожа Луқмони Ҳаким (раҳматуллоҳи алайҳ)ни озод қилиб юборди.

Луқмони Ҳаким (раҳматуллоҳи алайҳ) ўғлига бундай панд-насиҳат қилди:

– Эй ўғлим, Аллоҳдан умидинг­ни узма, умидвор бўл. Аллоҳдан қўрқ, лекин Унинг раҳматидан умидсиз бўлиб қолма.

– Эй ўғлим, “Раббим, мени мағфират қилгин”, сўзини кўп так­рорла. Чунки Аллоҳ таолонинг бир соати борки, унда сўровчининг тилаги қайтарилмайди.

– Эй ўғлим, амал ишонч билан амалга ошади. Ким ишончини йўқотса, амалидан ажралибди.

– Эй ўғлим, қачон шайтон қалбингга шубҳа ва гумон солса, сен уни ишонч билан даф қил. Агар у сени амаллардан зериктириб қўйса, қабр ва қиёматни эслаш билан уни қув. Агар у қалбинг­га дунёга қизиқиш ёки дунёдан ажралиб қолишдек қўрқинч солса, сен дунё­нинг ўткинчи эканини эсга ол.

– Эй ўғлим, Аллоҳга тақво қилиш тижоратинг бўлсин, ана шунда молинг йўқ бўлса ҳам даромад келаверади.

– Эй ўғлим, ёлғондан сақлан.

– Эй ўғлим, тўқ ҳолда овқатланма. Итга беришинг, ўша овқатни ейишингдан кўра яхшироқдир.

– Эй ўғлим, тавбани кечиктирма. Чунки ўлим бехосдан келади.

Ҳикоя қилинади. Луқмони Ҳаким (раҳматуллоҳи алайҳ)га ўлим соати етганда йиғлади. Шунда ўғли: “Отажон, нега йиғлаяпсиз?” деб сўради. У зот: “Эй ўғлим, дунё ва ундаги неъматлардан ажраб қолаётганим учун эмас, балки сафаримнинг узоқ ва қи­йин кечиши, йўлимнинг олислиги, озуқамнинг камлиги ҳақида қайғуряпман. Мана шу нарса мени йиғлатди”, деди.

 

Манбалар асосида

Тошкент шаҳридаги

"Ҳофиз Кўҳакий" жоме масжиди имом-хатиби

Абдурасул ТОШПЎЛАТОВ

тайёрлади.