Мовароуннаҳр диёридан етишиб чиққан, ҳаёти ва илмий фаолиятининг асосий қисми азим Самарқандда ўтган Саъдуддин Тафтозоний (1322–1390)[1] бизларга жуда бой илмий мерос қолдирган. Алломанинг салоҳиятини Соҳибқирон Амир Темур юксак қадрлаган.

Тафтозоний ўз илмий фаолиятини анча эрта – ўн беш-ўн олти ёшларида бошлаган ва тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом (ақоид), наҳв каби илм соҳаларида жуда қимматли асарлар ёзиб қолдирган. Алломанинг ижодида муҳим ўрин тутган, калом илмига оид “Шарҳул мақосид” китоби шулар жумласидандир. Унда Аллоҳнинг исм ва сифатлари, имон, қазо ва қадар, қабр ҳаёти, қиёмат, қайта тирилиш каби муҳим масалалар баён этилган. Жумладан, одамлар ўртасида кўп баҳс қилинадиган қазо ва қадар масаласида Тафтозоний: “Дарҳақиқат, бизнинг наздимизда банданинг феъли Аллоҳнинг халқ этиши билан содир бўлади”, дейди ҳамда қуйидаги далилларни келтиради:

Аллоҳ таоло деди: «Айтинг: “Аллоҳ барча нарсанинг яратувчисидир ва У танҳо ва ғолибдир» (Раъд, 16).[2]

«У ҳамма нарсанинг яратувчисидир...» (Анъом, 102).

«Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик» (Қамар, 49).

Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Аллоҳ таоло ҳар бир ишни халқ этувчидир ва унинг бажараётганини ҳам яратгандир” (Имом Бухорий ривояти).

Ибн Умар (р.а.) ривоят қилади: “Пайғамбар (с.а.в.): “Ҳар бир нарса, ҳатто ожизлик ва ақллилик ҳам қазои қадар билан”, дедилар”[3].

Саъдуддин Тафтозоний Аҳли сунна вал жамоа йўналишида мотуридия мазҳаби таълимотларини изоҳлаб айтадики, бошқа нарса Аллоҳнинг амрларига итоат қилиш ё қилмаслик, қайтариқларидан қайтиш ё қайтмаслик, инсоннинг ўзига берилган жузъий иродага боғлиқдир. Инсон жузъий иродаси билан хайрли, шарафли ишлар қилиб, савобга эришади ёки номатлуб ишлар билан машғул бўлиб, гуноҳга ботади ва шунга яраша жазо олади.

“Шарҳул мақосид”нинг жаҳон қўлёзма жамғармаларида бир неча нусхалари бор. Миср Араб Республикаси “Искандария” халқаро кутубхонасида бу асар қўлёзмаси 8423/18708 рақами остида сақланмоқда. Уни 881 ҳижрий (1477 милодий) йили Анқарада Тоййиб Саййид Аҳмад Рамҳий ибн ҳожи Мустафо кўчирган. Қўлёзма настаълиқ ёзувида, бир жилд, 185 варақдан иборат. Китобнинг биринчи тўрт варағида унинг фиҳристи (мундарижаси), ҳар варақ ҳошиясида шарҳ ва изоҳлар берилган.

Бундан ташқари, ушбу кутубхона жамғармасида “Шарҳул мақосид”нинг Ирландия пойтахти Дублин шаҳри “Шестербитти” кутубхонасидаги 3465, 4322 рақамли қўлёзма нусхаларининг икки микрофильми ҳам сақланмоқда.

“Шарҳул мақосид” асарининг турли нусхаларини бир-бирига солиштириб қиёсий тарзда ўрганиш ва энг қадимийси, айниқса, Саъдуддин Тафтозоний ўз қўли билан ёзган нусхани аниқлаш муҳим вазифалардандир.

 

Салоҳиддин Садриддин ўғли,

Тошкент ислом университети Исломшунослик

илмий-тадқиқот маркази кичик илмий ходими



[1]Алломанинг таржимаи ҳоли ва ёзган асарлари ҳақида “Ҳидоят”нинг 2009 йил 9-сонида маълумот берилган.

[2] Саъдуддин Тафтазоний. “Шарҳул Ақоидин насафия”. 111-б.

[3] Саъдуддин Тафтозоний. “Шарҳул мақосид”. 3-ж. 180-б.