Инсон амал этиши лозим бўлган шаръий ҳукмлар иккига бўлинади: зоҳирий амалларга доир ҳукмлар ва ботиний амалларга доир ҳукмлар. Бошқача айтганда, инсоннинг бадани ва жисмига тегишли ҳукмлар ҳамда унинг қалбига тегишли ҳукмлар. Улар икки турлидир. Буйруқлар ва қайтариқлар. Буйруқларга намоз, закот ва ҳаж кабилар мисол бўлади. Қайтариқ­лар эса қатл, зино, ўғирлик ва ароқхўрлик каби гуноҳ ишлардир.
 
Қалбий амаллар ҳам буйруқ ва қайтариқдан иборат икки қисмдир. Имон, ихлос, розилик, ростлик, хушуъ ва таваккул кабилар буюрилган бўлса, куфр, нифоқ, кибр, ужб, (худбинлик) риё, ғурур, адовату ҳасад кабилар қайтарилганидир. Ботин зоҳирнинг меҳваридир. У бузуқ бўлса, зоҳирий амалларнинг қийматига путур етади. «Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!» (Каҳф, 110). (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин.)
Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларнинг диққатларини қалбларини поклашга йўналтирдилар. Уларга инсоннинг яхши томонга ўзгариши қалбини ислоҳ қилишига, уни яширин иллатлардан холи қилишига боғлиқ эканини баён этдилар: “Билингки, танада бир аъзо бор. Агар у солиҳ бўлса, тана солиҳ бўлади. Агар у бузилса, тана ҳам бузилади. Билингки, у қалбдир» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари); “Аллоҳ таоло сизларнинг жисмларингизга ва суратларингизга  қарамайди. Лекин қалбларингизга  қарайди” (Имом Муслим ривояти). Демак, қалбни Аллоҳ қайтарган ёмон сифатлардан холи қилиш ва Аллоҳ буюрган яхши сифатлар билан зийнатлаш лозим бўлади. Шунда қалб соҳиби икки дунёда нажот топади. «У кунда мол-дунё ва фарзандлар фойда бермас. Фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)» (Шуаро, 88–89).
Ҳофиз, имом Муҳаммад Сиддиқ Ғомарий айтадилар: «Тариқатнинг асоси самовий ваҳийдир. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дин деб бирма-бир ўргатиб чиқиб: “Бу Жаброил бўлиб, сизларнинг динингизни ўргатгани келди” дея баён қилганларидаги уч рукннинг бири – эҳсон айнан тариқатдир. Ислом тоат ва ибодатдир, имон нур ва ақидадир, эҳсон эса муроқаба ва мушоҳада мақомидир. Бу “Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилмоғинг, гарчи сен Уни кўрмаётган бўлсанг-да, У сени кўриб турибди”, мақомидир».
Имом Раббоний «Мактубот»да ёзади: “Ма­шойих­­ларимиз шариатнинг нафис жавҳар­ларини ёнғоқ ва майизга алданган ёш болалардек ташламайдилар. Насс (Қуръон ва Суннат)дан фасс (тасаввуф матни)га мойил бўлмайдилар. Футуҳотул Маданийя (Расулуллоҳ кўрсатмалари) қолиб, Футуҳотул Маккийя (сўфий Ибн Арабийнинг машҳур китоби)га илтифот этмайдилар. Уларнинг амаллари юксакдир”.
Сўфийлар наздида суннатнинг ўрни қай даражада юксак эканига эътибор қилинг! Бошқа бир ўринда Имом Раббоний: “Суннат дея кундузи бироз қайлула қилиб олишим, кечалари ўқиган оддий намозларимдан афзалдир”, дейдилар.
Шайх Имдодуллоҳ айтадилар: “Айрим жоҳилларнинг шариат бошқа нарса, тариқат бошқа нарсадир, дейишлари уларнинг фаҳм-фаросатлари озлигидандир. Шариатсиз тариқат Аллоҳ таоло ҳузурида мардуддир. Қалб софлиги кофирларда ҳам ҳосил бўлади. Қалб ойнага ўхшаган нарса. Агар ойна хиралашса, бавл билан тозаласа ҳам бўлади, гулоб билан ҳам поклаш мумкин. Лекин бу икки тозаловчи ўртасидаги фарқ: бири нажас бўлса, иккинчиси покизадир. Ким суннатга эргашса, валий, ким бидъатчи бўлса аҳмоқдир. Бидъатчидан содир бўлган ажойиботларга келсак, улар яқинда Дажжолдан ҳам содир бўлади”.
Фиқҳсиз тасаввуф йўқдир. Зеро, Аллоҳ тао­лонинг зоҳир ҳукмларини фақат фиқҳ билан таниш мумкин. Шунингдек, тасаввуфсиз фиқҳ йўқдир. Зеро, амал ихлоссиз қабул бўлмайди. Бири иккинчисисиз саҳиҳ бўлмайди. Киши ўзи учун эмас, Рабби учун яшаса, зуҳд ва убудийят билан безанса, ҳамма вақт руҳ ва қалб билан Аллоҳга йўналса ва ақидасида иқрорнинг ўзи ва Исломнинг фарзлари билан кифояланмай, имонга завқ ва муҳаббатни қўшса, ҳамда Ислом фарзларига Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мандуб ибодатларини қўшса, ҳаромлар у ёқда турсин, макруҳ амалларга ҳам яқинлашмаса, тасаввуф шу бўлмай нима бўлиши мумкин? Бу ҳолларидан басиратлари нурга тўлса, қалбларидан ҳикмат булоқлари тошса ва вужудлари раббоний сирлар билан файзланса, бундай зотларда тасаввуф бўлмаган дейишга ҳаққимиз борми?
Саҳобалар ва тобеинларнинг ҳоллари шундай бўлган. Замонлар ўтиши билан Исломга турли миллатлар, турфа халқлар кирди. Вақт ўтгани сари инсонлардаги руҳий таъсир оз-оздан камайиб борди. Одамлар Аллоҳга қалбу ҳиммат билан бандалик изҳор этишни унута бошладилар. Бу ҳолат риёзат ва зуҳд соҳиб­ларини ўз­лари амал қилганлари ҳолда, тасаввуф илмини ёзишга чорлади. Унинг шарафи, улуғлиги ва фазлини кўрсатишга ундади. Улар, бу ишни айрим мус­ташриқлар даъво этганидек, бошқалар ўз илмларини ёзганлари туфайли амалга оширганлари йўқ. Балки бу борадаги нуқсонни тўлдириш, инсоний фаолиятнинг барча томонларини дин таълимотларига бўйсундириш ва бунинг натижаси эзгулик ва тақво сабабларини юзага чиқаришда ҳамкорлик бўлсин, дея ният қилишди...
Мубашшир АҲМАД