Аллоҳ таоло: «Қиёмат куни билан қасамёд этурман. Яна маломатчи нафс билан қасамёд этурманки, (қиёмат куни қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинурсиз)! Инсон унинг (чириб кетган) суякларини сира тўплай (тиклай) олмайди, деб Биздан гумон қилурми?! Йўқ, Биз (ўша куни) унинг бармоқларини (ҳам тик­лаб) текислаб қўйишга қодирмиз», деб марҳамат қилади (Қиёмат, 1–4).
Аллоҳ таоло сурани Қиёмат куни билан қасам ичишдан бошламоқда. Кетма-кет келган қасамлар унинг ортидан келадиган хабарнинг нақадар муҳим эканига ишора қилади. Бу хабар Қиёмат куни содир бўладиган – инсонларнинг қайта тирилтирилиши хабари эди. Қиёмат куни инсонларни Аллоҳ таоло қайта тирилтириши аниқ бўлиб, одамларнинг суяклари чириб кетганлиги бунга асло монелик қила олмайди. Ояти каримада нафақат суякларнинг тикланиши, балки уларнинг терилари, ҳатто бармоқлардаги ўта нозик ва мураккаб чизиқлар ҳам ўз ҳолига келтирилиши таъкидланмоқда. Нега Оламлар Рабби одамлардаги юзлаб аъзолар ичида айнан терига, тери бўлганда ҳам, одатда инсоннинг ўзи унча эътибор қилмайдиган бармоқлар терисидаги изларга алоҳиди урғу бермоқда?!
Бармоқ излари ҳақида Абу Али ибн Сино “Тиб қонунлари” асарида сўз юритган: “Аъзоларда мизож мўътадиллигига келсак, билмоғинг керакки, ҳақиқий мўътадилликка энг яқин аъзо гўшт, ундан ҳам яқинроғи теридир. Гавда терисининг энг мўътадили қўл териси бўлиб, қўл терисининг энг мўътадил жойи кафт териси, кафтнинг  мўътадил жойи бу кафт ўртасининг териси, бундан ҳам мўътадилроғи эса бармоқ териси, бармоқнинг энг мўътадил жойи бармоқ учи терисидир”, деганлар. Қолаверса, инсон танасидаги тук билан қопланмайдиган ягона жой кафт ичи терисидир.
Ҳозирги кунда биолог олимлар олиб борган тадқиқотлар натижасида, антропология соҳасида янги усул – дерматоглификага асос солинди. Дерматоглифика (юнонча derma – тери, glyphe – расм) махсус фан бўлиб, бармоқ, кафт терисидаги нақшлар ва чизиқларнинг юзага чиқишида ирсият таъсирини ўрганади. Бу тушунчани фанга олимлардан Камминс ва Мидоллар киритди. Теридаги бу тасвирлар тери юзасидаги бўртмачалар ҳисобига пайдо бўлади.
Дерматоглификанинг бир қисми бўлган “Дактилоскопия” фани фақат бармоқ учидаги нақшларнигина ўрганади. Бармоқлар терисида тасвирлар ҳосил бўлишини махсус генлар бошқариб туради. Бармоқ учларидаги чизиқлар уч хил кўринишда бўлиши мумкин: ёйсимон, илмоқсимон ва айланасимон. Ўнта бармоқлардаги чизиқчалар сони эркак ва аёлларда турлича бўлади. Эркакларда жами чизиқлар сони 130–150 та бўлса, аёлларда 110–135 тани ташкил этади. Одатда, инсонларда Х хромосома сони камайганда, чизиқлар сони кўпаяди. Фақат аёлларда учрайдиган ирсий касаллик – Шершевский Тернер (XO) синдромига чалинганларда бу чизиқлар сони 178 та ва фақат эркакларда учрайдиган Клайнфелтер синдромига учраганларда (ХХХY) эса жами 43 тани ташкил этади. Булардан маълум бўладики, эндиликда ирсий касалликларни аниқлашда бармоқ изларидан ҳам фойдаланиш мумкин.
Бармоқлар учидаги нақшлар ҳар бир ирққа мансуб кишиларда ўзига хос кўринишга эга. Масалан, рус, украин ва белоруслардаги бармоқ излари бир-бирига жуда ўхшаш. Бу улар келиб чиққан ирқнинг бирлигини билдиради. Аммо бармоқдаги изларнинг бирортаси бошқа кишида ҳеч қачон айнан такрорланмайди. Теридаги бу хусусиятни илк бор инглиз олими Фрэнсис Галтон пайқаган эди. 1880 йили Сер Франсис Голт олиб борган тадқиқотдан сўнг, бармоқ изларидан фойдаланиш кишилар шахсини тасдиқловчи илмий усулга айланди. Демак, бармоқ изларидаги мўъжизаларни олимлар ХIХ асрда аниқлашди.
Тарихда Ўрта Осиё халқларида ҳужжат­ларга имзо сифатида бармоқ изларини тушириш урф бўлган.
Теридаги нақшлар тасвири эмбрионал ривожланишининг олти ойлиги босқичида бутунлай ҳосил бўлади. Шуниси қизиқки, ҳатто бармоқ териси емирилганда, куйганда ёки кесилганда ҳам улардаги чизиқчалар олдин қандай бўлса, шундай тикланади. Ҳозирги кунда суд-тиббий экспертизасида номаълум шахсни аниқлаш учун, жиноят-қидирув ишларида ва ирқларни аниқлашда дермотоглификадан унумли фойдаланилади.
 
Миркамoл МИРҲАБИБОВ,
Тошкент педиатрия тиббиёт институти талабаси