Бугунги тараққиёт негизида, сўзсиз, ўтмишнинг илмий салоҳияти ётибди. Ота-боболаримиз ҳар бир соҳада чуқур тадқиқотларга асосланиб иш юритганлар. Турли ўлчов бирликлари ҳам бунга далилдир. Масалан, “Мудд” ўлчов бирлиги катта ҳовуч миқдорига тенг бўлиб, ҳажми 0,688 литр, оғирлиги 544 гр[1]. “Мудд” – “чўзмоқ” дегани. Сотувчилар одатда буғдой, арпа, гуруч каби донли маҳсулотларни ҳовучлаб олиб, қўлини олдинга бироз чўзиб, харидорнинг идишига солиб бергани учун ҳам бу ўлчов шу номни олган. “Бир ботмон ер” – ҳажми 1,03 литр, оғирлиги 816 гр буғдой ёки арпани ўртача сепганда етадиган ер майдони. “Қадаҳ” ёки “қист” 1,375 литр ҳажмдаги, икки киши қониб сув ичадиган ва икки катта ҳовуч миқдори. Демак, киши ўз ҳовучидаги сувга тўяр экан. “Соъ” жумҳур уламолар Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад наздида 2,750 литр, оғирлиги 2,176 кг, тўрт катта ҳовуч миқдоридир. Баъзан “соъ”нинг ўлчови тўғрилигини тасдиқлаш учун махсус муҳр босилгани боис “махтум” (муҳрланган, тамғаланган) деб ҳам аталади. “Пуд” (“кайла” ёки “вайба”) ўлчов бирлиги ҳажми 16,5 литр, оғирлиги 13,056 кг бўлиб, 6 соъ, 12 қадаҳ, 16 ботмон ва 24 катта ҳовуч миқдорига тенг.

“Васақ” ёки “васқ” 130,560 кг бўлиб, ўртача туяга юклаш мумкин бўлган энг оғир юкнинг миқдорига тенг. Бунда туянинг сафарда бемалол юра олиши эътиборга олинган.

Закот нисоби тиллада 20 динор (85 гр), кумушда 200 дирҳам (595 гр) бўлиб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг давр­ларида ушбу миқдордаги пул бир кишининг бир йиллик ўртача харажатларига етган.

“Марҳала” – икки манзил орасидаги масофа. Карвон эрталабдан бир манзилдан жўнаб, куни билан фақат зарурат учунгина тўхтаб, сўнг қуёш ботганда дам олиб, тунаш учун иккинчи бир манзилга етади. Шу икки манзил ораси бир марҳала ёки бир кунлик йўл дейилади.

“Барид” – “почта” хизмати маскани, ёмхона. Икки барид оралиғидаги масофа 22,176 км.га тенг. Илгари шаҳарлараро хабарларни тез етказиш учун йўлларда тепаликларга “почта” хизмати бинолари қурилган. Тажрибага кўра, учқур отлар тўхтамасдан чопиши мумкин бўлган масофа 12 мил (пиёда ўртача 6 соатлик йўл) деб белгиланиб, ҳар шунча масофада бир барид (отлар совитиладиган жой) бино қилинган. Хабар тез етказилиши керак бўлганда, биринчи тепаликка маълум қилинган. Улар шу заҳоти иккинчи тепаликдагиларни огоҳлантириш учун гулхан ёқиб, тутун чиқазишган. Тутунни кўрган иккинчи тепаликдагилар эса, учинчиларини хабардор қилиш учун олов ёқиш билан бирга, ём отини эгарлаб, тайёр туришган. Шу зайл хабар керакли жойга тезлик ила етказилган.

Хуллас, ўлчов бирликларини қабул қилишда тусмолга эмас, маълум илмий асослар ва пухта ўрганилган тажрибаларга таянилган.

Тошкент Давлат шарқшунослик

институти 2-курс магистранти

Абдул Азим Саидаҳмедов

тайёрлади.

 



[1] Бир литрнинг бир кило деб ҳисоб­ланишига сув асос қилиб олингани маълум. Аммо кайл – ҳажм ўлчовида асос буғдой, арпа каби дон-дунлардир. Масалан: 0,516 литр ҳажмлик “ратл” идишига сув солинса, оғирлиги 516 гр, аммо дон-дун солинса, оғирлиги 408 гр бўлади.