“Сияр” арабча “ҳаёт йўли”, “таржимаи ҳол”, “яшаш тарзи” каби маъноларни билдирувчи “сийрат” сўзининг кўплик шаклидир[1]. “Сияр” сўзи Қуръони каримда келмаса-да, шу ўзакдан ясалган турли сўзлар йигирма етти ўринда учрайди[2]. Муртазо Зубайдийнинг (1732–1790) “Тожул арус мин жавоҳирил қомус”[3] асарида сийрат сўзининг синонимлари сифатида “тариқа” (йўл, усул) ҳамда “ҳайъа” (шакл) сўзлари келтирилган. Ибн Манзурнинг “Лисонул араб”ида[4] эса ушбу сўзнинг услуб, маъноси ҳам борлиги билдирилган. Ислом халқаро ҳуқуқи масалаларини ўрганувчи фиқҳ соҳаси номи сифатида сиярнинг айнан мана шу “услуб” маъноси олингани тахмин қилинади[5]. Аммо кўп ҳолатларда ислом илмларида “сияр” билан бир қаторда “таржимаи ҳол”, асосан Пайғамбарнинг ҳаёт йўли маъносидаги “сийрат” атамасининг ҳам кенг қўлланилиши, баъзи ўринларда эса “сияр”нинг ҳам “таржимаи ҳол” маъносида ишлатилишини кўрамиз.

Ўрганишлар “сияр” ҳамда “сийрат” сўзлари ўртасида нафақат луғавий, балки тажрибавий-тарихий алоқадорлик ҳам борлигини кўрсатади. Пайғамбаримизнинг ҳаётига доир илк ёзма манбалар мағози, яъни, ғазотлар ҳақидаги маълумотлар таркибида келтирилган. Бир неча тобеин мағозига оид китоб ёзганидан келиб чиқиб, унинг биринчи ҳижрий аср охирларига келиб, фаннинг мустақил соҳаси сифатида шакллангани ҳам тахмин қилинади. Умавийлар даврининг охири, аббосийлар ҳукмронлигининг илк йилларига келиб, ушбу маълумотлар асосида кенг қамровли йирик асарлар яратилди. Ўз навбатида, Ибн Исҳоқ (ваф. 151 ҳ.)[6], Воқидий[7] (130/747–207/823), Ибн Саъд[8] (168/784–230/845), Балазурий[9] (тах. 820–892), Табарий[10] (839–923) каби сийрат ва тарих мусаннифлари ҳам мана шу манбаларга асосланишган.

Манбаларга мувофиқ “сийрат” ҳамда сияр сўзлари айнан қайси даврдан бошлаб шаклан жиҳатдан фарқ қила бошлаганини англаш мушкул. Умуман, ҳижрий иккинчи асрнинг биринчи чорагидан бошлаб Пайғамбаримизнинг таржимаи ҳолига нисбатан сийрат, мусулмонлар ҳамда мусулмон бўлмаган давлатлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи фиқҳ соҳасига нисбатан эса сияр истилоҳи ишлатилгани аниқ кўринади.

Ҳуқуқий мазмундаги Сиярга доир дастлабки маълумот ва қарашлар Зайд ибн Алининг (75/694–122/740) “ал-Мажмуъ”, Абдурраҳмон Авзоийнинг “Сияр ал-Авзоий”, Абу Юсуфнинг “ар-Радду ала сияр ал-Авзоий”[11] китобларида учрайди. Баъзи маълумотларга кўра, Зуфар ибн Ҳузайл ҳамда Иброҳим Фазорийлар ҳам сияр бўйича китоб ёзишган[12]. Дастлаб “Кичик сияр”, умрининг охирларида эса маълумотларни янада такомиллаштириб, “Катта сияр”ни ёзган Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний эса сиярнинг тўлақонли ислом халқаро ҳуқуқига айланишида катта ҳисса қўшган[13]. Баъзи манбаларда Абу Ҳанифанинг “Китабус сияр” номли асари бўлгани ҳақида маълумотларни учратамиз. Аммо у бизгача етиб келмаган[14]. Шофиъийнинг “Китобул умм” асари таркибида бизгача “Сиярул Авзоий”[15] ҳамда “Сиярул Воқидий” [16] асарлари ҳам етиб келган. Ушбу манбаларнинг номлари ва уларнинг таркибий тузилиши ҳижрий иккинчи аср охирига келиб, сияр мустаҳкам фиқҳий соҳага айланганини кўрсатади.

Сияр соҳасига доир ҳанафий фиқҳи бўйича мукаммал манба “Китобур рад ала сиярил Авзоий” асаридир.

Абу Юсуф ислом халқаро ҳуқуқи масалаларини чуқур ўрганиш билан бирга, сияр тамойилларига содиқ бўлгани ҳақида ҳам турли маълумотлар учрайди. Сарахсий ёзишича, Абу Юсуф ўлими арафасида Яратганга муножот қилиб, “Эй Аллоҳим, мен ҳар нарсада адолатли ҳукм қилдим, фақат бир ҳолат бундан мустасно, шуни ўзинг кечиргин”, деганида атрофидагилар ўша ҳолат нималигини сўрашган. Шунда Абу Юсуф бир куни бир масиҳий мўминлар амири устидан шикоят қилганида, у (суд жараёнида) халифадан масиҳий билан бир мақомда туришини сўрамагани ва бу у йўл қўйган ноҳақлик бўлганини айтган[17]. Бу мисол Абу Юсуф даврига келиб, бошқа жамият вакили билан муносабатларни тартибга солувчи, сияр қоидалари ишлаб чиқилганини кўрсатиш билан бирга, уларнинг адолат ва тенг ҳуқуқийликка асосланганини ҳам исботлайди.

Олимлар ислом халқаро ҳуқуқи шаклланишида яна бир ҳанафий олим Муҳаммад ибн Ҳасаннинг ўрни беқиёс бўлганини қайтақайта эътироф этишган. Масалан, Муҳаммад Дасуқий[18]га кўра, Муҳаммад ибн Ҳасан уруш ва тинчлик вақтида мусулмонлар ва мусулмон бўлмаганлар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларга доир батафсил китоб ёзган ягона фақиҳ[19] ва исломда халқаро ҳуқуқ фикрини илгари сурган илк олим ҳисобланади[20]. Доктор Муҳаммад Афифи халқаро ҳуқуқнинг асоси бўлган асарлар сифатида Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг “Ас-Сияр ас-сағир” ва “Ас-Сияр ал-кабир”ларини эътироф этаркан “Ҳолбуки, у (яъни, Шайбоний) ҳолландиялик ҳуқуқшунос Гуго Гроцийдан (Hugo Grotius, 1583–1645) ва инглиз ҳуқуқшуноси Ричард Зёчдан (Richard Zouche, 1590–1661) саккиз аср олдин яшаган” [21] деб таъкидлайди.

Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг обруйи халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. Жумладан, 1932 йили Францияда халқаро ҳуқуқ соҳаси билан шуғулланувчи “Шайбоний” жамияти тузилган. Олмониянинг Готтингем шаҳрида ҳам 1955 йили “Халқаро ҳуқуқ бўйича Шайбоний жамияти” ташкил этилган ва мисрлик ҳуқуқшунос доктор Абдулҳамид Бадавий унинг илк раиси этиб сайланган[22]. Ушбу муассаса Шайбоний асарларини ўрганиш, унинг фикрларини юзага чиқариш, халқаро ислом ҳуқуқига доир китобларини нашр қилиш билан шуғулланган.

Умуман, ислом халқаро ҳуқуқи соҳасида бизгача етиб келган энг нодир ва батафсил манба муаллифи бизнинг ватандошимиз, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Саҳл Сарахсий ҳисобланади. Бинобарин, ушбу алломанинг ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиш, сияр – ислом халқаро ҳуқуқи шаклланиши ва ривожланишида тутган ўрнини аниқлаш, унинг бу борадаги ғоя ва фикрларини замонавий халқаро ҳуқуқ тамойиллари билан солиштириш давр талабидир.

 

Абдумалик ТУЙЧИБОЕВ,

Тошкент Ислом университети тадқиқотчиси

 



[1] Носиров О. ва бошқалар. Ан-Наъйм. Арабча-ўзбекча луғат.–Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2003. 405-б.

[2] Масалан, Тоҳо сурасининг 27- оятида ) ( сийрат сўзи “ҳолат”, “шакл” маъноларида келган.

[3] Зубайдий, Муртазо. Тожул арус мин жавоҳирил қомус Байрут: Дорул ҳидоя,

[4] Ибн Манзур. Лисонул араб. Ж. 21. – Қоҳира: Дорул ­маъориф, йили кўрсатилмаган. 2170-б.

[5] Муртазо Зубайдийнинг “Тожул аруси”да қуйидагиларни ўқиймиз: “Пайғамбарнинг сийрати ҳамда сияр китоблари сийрат сўзининг усул маъносидан келиб чиққан”.

[6] Тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Ясор Қураший Мутталибий Маданий. Саҳобалардан Анас ибн Молик, Ибн Мусайяб ва Абу Салама ибн Абдураҳмонларни кўрган.

[7] Тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар Воқидий. Ҳижрий 130 йилда Мадинада туғилган. 180 йили Ироққа борган ва халифа уни Бағдодга қози этиб тайинлаган. Вафотига қадар қозилик қилган ва 823 йилда вафот этган.

[8] Тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Саъд ибн Муниъ Бағдодий. Воқидийнинг котибиноми билан машҳур бўлган. “Ас-сияр аз-затийяасари билан танилган. Манба: http://ar.wikipedia.org/wiki/

[9] Тўлиқ исми Аҳмад ибн Яҳё ибн Жабир ибн Довуд Балазурий. Араб тарихчиси, таржимон ва шоир. Бағдодда туғилган. ал-Мутаваккил (847–861), ал-Мустаъин (862–866) каби халифаларнинг ҳурматини қозонган, халифа ал-Мутаззага (866–869) устозлик қилган. «Футҳ ал-булдан» асари айниқса, катта шуҳрат қозонган. Манба: http://ru.wikipedia.org/wiki/Белазури

[10] Тўлиқ исми Абу Жафар Муҳаммад ибн Жарир ибн Язид ибн Катир ат-Табарий. «Мусулмон тарихшунослигининг ота­си» сифатида эътироф этилган. «Тарих ал-русул вал-мулук» – «Пайғамбарлар ва подшоҳлар тарихи» асари машҳур. Манба: http://ar.wikipedia.org/wiki/

[11] Бу китобда икки фиқҳ мактабининг сияр соҳасидаги қарашлари қиёсланиб, Абу Ҳанифа ва Авзоийларнинг ихтилофлари ўрганилган.

[12] http://www.iosminaret.org/vol-2/issue19/Minarets_of_illumination.php#heading4

[13] Маълумотларга кўра, Абдурраҳмон Авзоий “Кичик сияр”ни кўздан кечириб, “Ироқликларга бу мавзуда китоб ёзишни ким қўйибди?! Ахир, улар сиярнинг нима эканлигини билмайдилар‑ку”, деган сўзлари Муҳаммад ибн Ҳасанни ғазабга солган ва у бор маҳоратини ишга солиб, “Катта сияр”ни ёзган экан. Авзоий ушбу китобни кўрганида, “Агарда, тасдиқловчи ҳадислари бўлмаганида, у ўзича илм қилган дердим”, деб юқори баҳо берган.

[14] Абу Юсуф.(Авзоийнинг сияр китобига раддия). – Ҳайдаробод: Лажнат иҳё ал-маърифат ан-нўъмония, 1938. 2-б.

[15] Шофиъий, Муҳаммад ибн Идрис. (Ал-Умм). Ж. 9. – Ал-Мансура: Дор ул-вафо, 2001. 171–277-б.

[16] Шофиъий, Муҳаммад ибн Идрис. (Ал-Умм). Ж. 5. – Ал-Мансура: Дор ул-вафо, 2001. 639–721-б.

[17] Йилдирим Саъод. Усмонийларда бағрикенглик маданияти.17-сон. –2009. 25-б.

[18] Қоҳира университети доктори.

[19] Қаранг: Дасуқий М. (Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ва унинг ислом фиқҳидаги ўрни).−Доҳа: Дор ас­сақофа, 1987. 325-б.

[20] Ўша асар 343-бет.

[21] Афифи Муҳаммад Содиқ. (Исломда халқаро муносабатлар). 23-б.

[22] http://www.feqhweb.com/vb/t11311.html