Уйқунинг ўз вақти ва миқдори бор, киши бунга риоя қилиши лозим.

Куннинг аввалида ризқлар тақсим қилинади. Шунинг учун у пайт­да ухлаш ризқни тўсиб, куннинг баракасини кетказади. Чошғоҳда ухлаш Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатидир. Куннинг охирида ухлаш ақлга салбий таъсир кўрсатиши ҳадисларда айтилган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким асрдан сўнг ухлаб ақли кетиб қолса, фақат ўзини маломат қилсин”, деганлар (Абу Яъло ривояти).

Ховват ибн Жубайр (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Куннинг аввалида ухлаш жоҳиллик, чошгоҳда ухлаш хулқ, охирида ухлаш аҳмоқликдир”.

Имом Макҳул (раҳматуллоҳи алайҳ): “Куннинг охирида ухловчига васвасанинг хавфи бор”, деган.

“Ал-Мавсуатул фиқҳийя” китобида бундай дейилган: “Ухлаётган кимса хатарга йўлиқиши ёки намоз вақти киргандан кейин ҳам уйқудан турмай, фарзни тарк қилиши гумон қилинганда, уни уйғотиш ёнидаги одамга вожиб бўлади. Бомдод ва аср намозидан сўнг ухлаган одамни уйғотиб қў­йиш суннатдир. Чунки хабарларда бу икки вақтда ухлашдан қайтарилган”.

Демак, уйқу учун муносиб вақт тундир. Ёз фаслидаги қайлула кундузги уйқунинг яхшисидир. Қиш фаслида кун қисқа бўлгани учун кўпинча қайлулага ҳам ҳожат қолмайди.

Равшанбек  ЎРИНБОЕВ,
Андижон шаҳридаги  “Ҳазрати Билол” жоме масжиди имом-хатиби