Ҳижрий II асрда, мўътабар мазҳаблар имомларининг даврида усулул фиқҳ илми шаклланиб, бошқа илмлардан ажралиб чиқди. Уламолар орасида “қиёс”, “истеҳсон”, “масолиҳул мурсала”, “саҳобийнинг сўзи”, “биздан олдингиларнинг шариати”, “Мадина аҳлининг амали” каби атамалар пайдо бўлди. Айниқса, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) ўз фаолиятида қиёсдан кенг ва моҳирона фойдаландилар.

Ибн Надим “Фиҳрист” номли китобида бундай ёзади: “Имом Абу Юсуф (раҳматуллоҳи алайҳ) “Усулул фиқҳ”га оид қоидаларни алоҳида рисолада жамлаган. Афсуски, бу рисола бизгача етиб келмаган”.

Имом Муҳаммад ибн Идрис Шофиъий (раҳматуллоҳи алайҳ) таълиф этган. “Рисола” бизгача етиб келган. Шунинг учун Имом Шофиъий (раҳматуллоҳи алайҳ) “Усулул фиқҳ” асосчиси сифатида машҳур бўлган.

Мазкур асар ёзилишига Абдураҳмон ибн Маҳдийдан келган хат сабаб бўлади. Хатда баъзиларнинг Қуръони карим ва ҳадисларни нотўғри талқин этиб ҳукм чиқариши ҳолатлари кўп содир бўлаётгани ҳақида ёзилган эди. Имом Шофиъийдан бу муаммони ҳал қилиш бўйича бирор кўрсатма бериш илтимос қилинади. Имом Шофиъий Қуръон ва ҳадисда келган сўзларнинг омм ва хос, насх, Пайғамбаримизнинг суннатлари, ижмо, қиёс, истеҳсон ва бошқа масалаларни атрофлича баён этиб, у хатга жавоб мактубини ёзган.

Ҳанафий мазҳаби асосчиси Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг шогирдлари Абу Юсуф ва Муҳаммад Шайбоний (раҳматуллоҳи алайҳумо)лар кўплаб фиқҳ китоблари ёзишган. Улар орасида ҳанафий фиқҳининг ривожида Муҳаммад Шайбоний (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг ўрни беқиёс. Чунки у кишининг “Зоҳирур ривоя” асари ҳанафий мазҳабининг асосий манбаларидан ҳисобланади. Улардан усулул фиқҳга оид қўлланмалар қолмаган. Шу сабабли ҳанафий мазҳаби уламолари “Зоҳирур ривоя” ва бошқа мазҳаб асосчиларининг асарларини таҳлил қилиб, усул қоидаларини ишлаб чиқишган. Натижада, усул илмида “шофиъийлар йўналиши” ва “ҳанафийлар йўналиши” каби пайдо бўлди. Шофиъийлар йўналиши олимлари Шофиъий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг қарашлари ривожлантирилган назарий қоидалар билан шуғулланганлар. Ҳанафийлар йўналиши олимлари эса усул қоидаларини ишлаб чиқишда мазҳабнинг фуруъ масалаларини асос қилиб олганлар.