Бугунги кунда буюк ватандошимиз, калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ аллома ва мутафаккир Абу Муин Насафийнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, шунингдек, мамлакатимизда ҳамда хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва қўлёзма фондларида сақланаётган асарлари нусхаларини, улар ҳақидаги китобларни тўплаш ва тадқиқот ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўрта аср манбаларида Абу Муин Насафийқаламига мансуб бир қатор асарлар келтирилган. Олимнинг “Табсиратуладилла” асари бебаҳо асарлардан бири ҳисобланади. Асарнинг тўлиқ номи –“Табсир ат уладилла фи усулиддин ало тариқати Абу Мансур Мотуридий” (“Дин усул (асос)ларини Абу Мансур Мотуридий таълимоти (тариқати)га асосан далиллар билан шарҳлаш”) деб аталади. Ушбу асар номидан ҳам кўриниб турибдики, унда Имом Мотуридий таълимотига кўра дин усуллари ҳақида баҳс юритилади. “Табсират ал-адилла” асарининг қўлёзмаси Миср Араб Республикасининг Искандария шаҳри кутубхонасида сақланади. Бу қўлёзма 1269 йили Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Ҳусайн исмли хаттот томонидан Бухорода кўчирилган. Мазкур нусха асарнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири  ҳисобланади. Қўлёзма ҳажми 209 варақ бўлиб, насх хатида кўчирилган.

Аллома қаламига мансуб “Баҳрулкалом” (“Калом илми уммони”) асари қўлёзмаси Миср Араб Республикасининг Қоҳирадаги “Дорул кутуб мисрия” кутубхонасида сақланади. Асар таълиқ хатида 1669 йилда кўчирилган. Шунингдек, бу асарнинг  қўлёзмалари Дамашқ ва Дубайдаги кутубхоналарда ҳам сақланади.

Абу Муин Насафийнинг яна бир асари “Тамҳид ли қавоидиттавҳид” (“Тавҳид қоидаларига кириш”) қўлёзмаси ҳам Қоҳирадаги “Дорул кутуб мисрия” кутубхонасида сақланади. Асар насх хатида Муҳаммад ибн Муҳаммад Шаҳир томонидан рабиул аввал ойининг охири 1381 йилнинг июнида Ҳалаб шаҳрида кўчирилган. Матн ҳошиясида кўплаб қайдлар ёзилган. Асар ҳажми 24 варақдан иборат. Асарнинг турли даврда кўчирилган бир неча қўлёзма нусхалари Туркиядаги кутубхоналарда ҳам сақланади.

Абу Муин Насафийнинг калом илмида тутган ўрни беқиёс. У ёзган асарларга олимлар юқори баҳо берилган. Жумладан, турк олими Ҳ.Отай “Мотуридия таълимоти ривожида Абу Муин Насафий хизмати беқиёс бўлиб, бундан кейин ундай зот етишиб чиқмади”, деб таъкидлаган бўлса, Имом Мотуридий асарлари тадқиқотчиси, немис олими У. Рудольф Абу Муин Насафийнинг “Табсиратуладилла” асаридан ўз изланишларида асосий манба сифатида фойдалангани ва унга нодир асар сифатида юксак баҳо бергани алломанинг нақадар юксак эҳтиромга эга эканини кўрсатади.

Бугунги кунда мамлакатимизда Абу Муин Насафий фаолияти ва илмий мероси бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда. Муҳими, Абу Муин Насафийнинг бой илмий-маънавий мероси нафақат ўзи яшаган давр, балки ҳозирги кунда ҳам аҳамиятини йўқотмаган.

 

Неъматулло Муҳаммедов,

тарих фанлариномзоди, доцент.