“Исро” Аллоҳ таоло Муҳаммад пайғам­баримизни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кечанинг бир бўлагида Маккадаги Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога сайр қилдиришидир

“Исро”  Аллоҳ таоло Муҳаммад пайғам­баримизни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кечанинг бир бўлагида Маккадаги Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога сайр қилдиришидир.

“Меърож”  Аллоҳ таоло Муҳаммад пайғам­баримизни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қуддуси шарифдан юқорига, яъни, Ўзининг Ҳузурига кўтаришидир.

Исро ва Меърож ҳодисаси ҳикмати

 Бу мўъжизавий сафарнинг ҳикматлари кўп бўлиб, энг буюги ва лўндасини Аллоҳ таоло:  “...унга (яъни, Муҳаммадга (алайҳиссалом) Ўз оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун...”[1] деб айтган оятидир. Шундай ҳам бўлди:  “Дарҳақиқат, у (Муҳаммад (алайҳиссалом)) Пар­вардигорининг буюк оят-мўъжиза­ларини кўрди”[2].

Аллоҳнинг ҳузурида “меҳмон” бўлиш мушрикларнинг азиятлари чўққисига чиққан пайтда Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) катта тасалли эди, бу иш туфайли у зотнинг кўнгилларидан тушкун кайфият ариди, умид ниҳоли гуркиради.

Айни чоқда, бу воқеа мусулмону кофир учун синов-имтиҳон бўлди. Бу имтиҳондан барча саҳобалар ўтишди, кофир-мушриклар яна доғда қолишди.

Тафсилоти

Аҳли сунна ва жамоа жумҳур уламолари Исро ва Меърож ҳодисасининг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбар бўлганларидан кейин, Макка даврида, ҳижратдан сал олдин, ислом даъвати қув­ғин билан муваффақият ўртасида турган бир пайтда, уйғоқ ҳолларида, руҳ ва муборак таналари билан, Жаброил фаришта ҳамроҳлигида, Буроқ номли мўъжизавий уловда, кечанинг бир бўлагида, бир марта юз берганига иттифоқ қилишган.

Беш вақт намоз Исро кечаси Меърожда фарз қилинганига барча уламолар якдилдирлар.

Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага ҳижратлари пайғам­барликнинг 14-йили, рабиул аввал ойининг бошида, у зот қамарий ҳисобда 53 ёшга тўлганларида (милодий 622 йил сентябр ойи ўрталарида) бўлганига ҳам барча уламолар иттифоқ қилишган.

Вақти

Исро ва Меърож ҳодисаси юз бергани ҳақида Ислом умматида ихтилоф йўқ. Аммо қачон содир бўлгани ҳақида қарашлар турлича. Қуйида уларни бирма-бир кўриб чиқамиз:

– пайғамбарликнинг биринчи йили (Имом Табарий ихтиёр қилган);

– пайғамбарлик келганидан бир йилу олти ой кейин (Имом Заҳабийнинг ушбу қавли ҳақида Абу Умар ибн Абдул Барр: “Мен Заҳабийдан бошқа бу гапни айтган бирорта сийрат олимини билмайман”, деган[3]);

– пайғамбарлик келганидан беш йил ўтиб (қози Иёз нақли);

– пайғамбарлик келганидан етти йил кейин (Зуҳрийнинг бир қавли);

– пайғамбарликнинг ўнинчи йили (Муҳаммад Сулаймон Мансурфурий ихтиёр қилган);

– ҳижратдан уч йил олдин (Ибн Асийр нақли);

– ҳижратдан бир йилу олти ой олдин, рамазон ойида (Воқидий ривояти);

– ҳижратдан бир йилу беш ой олдин, шаввол ойида (Мовардий қавли. Суддийдан Табарий ва Байҳақийлар ривоят қилишган);

– ҳижратдан бир йилу тўрт ой олдин, зулқаъда ойида (Суддий ва Муқотилларнинг бир қавли);

– ҳижратдан бир йилу уч ой олдин, зулҳижжа ойида (Ибн Форис нақли);

– ҳижратдан бир йилу икки ой олдин, муҳаррам ойида (Ибн Абдул Барр нақли);

– ҳижратдан бир йил олдин, рабиул аввал ойида (кўпчилик ровийлар ривояти, жумладан: Ибн Аббос, Ибн Масъуд, Ибн Умар, Анас, Жобир, Ойша, Умму Салама, Умму Ҳонилардан (Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин) ривоят қилинган. Қатода, Урва ибн Зубайр, Мусо ибн Уқба, Ибн Қутайба, Байҳақий, Ибн Саъд, Ибн Асокир, Ибн Мардавайҳ, Ҳофиз Иброҳим Ҳарбий (Аллоҳ ҳаммаларини раҳматига олсин) ривоят қилишган. Муқотил ва Зуҳрийларнинг бир қавли);

– ҳижратдан саккиз ой олдин, ражаб ойида (Абул Фараж ибн Жавзий нақли);

– ҳижратдан олти ой олдин, рамазон ойида (Ҳофиз Абу Рабиъ ибн Солим нақли).

Қайси кунда рўй бергани хусусидаги фикрлар ҳам хилма-хилдир

– 12-рабиул аввал (Жобир ва Абдуллоҳ ибн Аббос (розийаллоҳу анҳум) қавли);

– 17-рабиул аввал (Ибн Умар, Ойша, Умму Салама ва Умму Ҳонилар (розийаллоҳу анҳум) қавли);

– 27-рабиул аввал (Ҳофиз Иброҳим Ҳарбий қавли);

– Ражаб ойининг биринчи жума кечаси[4] (ровийи номаълум);

– 10-ражаб (Қайс ибн Аббод ривояти);

– 25-ражаб (ровийи маълум эмас);

– 27-ражаб (Қосим ибн Муҳаммад ривояти);

– 17-рамазон (Ибн Саййидин нас нақли);

– 29-рамазон (ровийи маълум эмас).

Ҳақиқатини аниқлаш

Исро ва Меърож ҳодисасининг қачон юз бергани ҳақида бирорта ҳам саҳиҳ ҳадис ёки саҳобалардан саҳиҳ асар йўқлигини, шу сабабли муҳаққиқ уламоларимиз кўп ва хўб баҳслар олиб боришганини, натижада, маълумотларни “таржиҳ”[5] қилишганини айтиб ўтмоқчимиз.

Шайх Сафийур Раҳмон Муборакфурий: “Саҳиҳ қавлга кўра[6] Абу Толиб пайғам­барликнинг ўнинчи йили ражаб ойида, Хадича (розийаллоҳу анҳо) рамазон ойида вафот этишган. Бу пайтда ҳали беш вақт намоз фарз қилинмаган эди. Ислом уммати беш вақт намоз Исро кечаси фарз қилингани хусусида ижмоъ қилган. Исро сурасининг сиёқи (оқими) Исро ҳодисасининг жуда кеч (Макка даврининг охирги йилларида) юз берганига далолат қилади. Натижада, Исро ҳодисаси биринчи ақаба байъатидан сал олдинроқ ёки икки байъат орасида бўлган, деган фикрга келдик, яна Аллоҳ билувчироқ”, дейди[7].

Шайх Муҳаммад Абу Заҳра: “Исро ва Меърож ҳодисаси 27-ражабда бўлган фикр санади саҳиҳ бўлмаган хабар ила келган. Баъзи одамлар бу ой-кунни ушлашганининг гувоҳи бўлдик. Биз ҳам буни аниқ ишонч ҳосил қилмаган ва бир тўхтамга келмаган ҳолда қабул қиламиз. Ҳолбуки, ровийлар яна Исро ва Меърож ҳодисасининг ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлганига иттифоқ қилишган”[8].

Имом Нававий бу хусусда икки хил санани келтириб,  “Равзатут толибин” китобида: “Исро ва Меърож ҳодисаси ражаб ойининг 27-кечаси бўлган”, деса,  “Фатово” китобида[9]: “Рабиул аввал ойида бўлган”, дейди.

Ражаб ойининг биринчи жума кечаси бўлгани ҳақидаги ривоятни аллома Ибн Касир: “Асли-асоси йўқ”, деган[10].

Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечаси бўлгани ҳақидаги ривоятни Абдул Ғаний Мақдисий ихтиёр қилган. Ҳофиз Абу Исҳоқ Иброҳим Ҳарбий эса, уни инкор этган[11] барча муҳаддис уламолар ривоятнинг саҳиҳ эмаслигини бир овоздан таъкидлашган.

Абул Баракот Насафий: “Исро ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) бўлган”, дейди[12].

Доктор Аҳмад Абу Зайд билан доктор Абдул Азиз Усмон Тувайжирий: “Аржаҳ[13] сўзга кўра, беш вақт намоз ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) Исро ва Меърож кечаси фарз қилинган”, дейишади[14].

Қози Иёз: “Бир эмас, бир қанча олим Исро ҳодисаси ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) юз берганини айтган”, дейди[15].

Имом Бағавий: “Меърож ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) бўлганига илм аҳли иттифоқ қилган”, дейди[16].

Хулоса

Жобир билан Абдуллоҳ ибн Аббос (ро­зий­ал­лоҳу анҳум): “Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи васаллам) рабиул аввал ойининг душанба куни ҳам туғилганлар, ҳам ваҳий у зотга рост туш орқали кела бошлаган, ҳам меърожга чиққанлар, ҳам Мадинага ҳижрат қилганлар, ҳам вафот этганлар”, дейишган[17].

“Ибн Асийр Жазарий: “Исро воқеасининг душанба куни бўлгани менинг назаримда саҳиҳдир”, деган. Ибн Мунир ушбу гапни ихтиёр қилган”[18].

Шайх Али Нойиф Шаҳҳуд: “Исро ва Меъ­­рож ҳодисаси кўпчилик ва муҳаққиқ уламо­ларнинг сўзларига кўра, ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Тадқиқот ва мушоҳада қилинганидан ке­йин, Исро ва Меърож ҳодисаси рабиул аввал ойида  бўлганига ишонса бўлади”, дейди[19].

Мулла Али қори ибн Муҳаммад Султон Ҳанафий: «Исро ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Ибн Асийр: “Мана шу саҳиҳдир”, деган», дейди[20].

Аллома Бадриддин Айний Ҳанафий: “Исро ҳодисаси ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Бу кўпчилик уламоларнинг сўзидир. Ҳатто Ибн Ҳазм бу борада муболаға қилиб, ижмоъни нақл қилган”, дейди[21].

Демак, Исро ва Меърож воқеаси ҳижратдан бир йил олдин, яъни, пайғамбарликнинг 13-йили рабиул аввал ойида, душанба куни бўлгани ҳақиқатга яқиндир. Бу вақт милодий 621 йилнинг сентябр ёки октябр ойига тўғри келади.

Ўшанда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қамарий 52 ёшга тўлган эдилар.

Аллоҳ таоло Ўзининг буюк ҳикмати ила  бу ҳодисанинг аниқ вақтини унуттирди.

Аллома Бадриддин Айний Ҳанафий: “Исро кечасида “рағоиб” намозини ўқиш ўйлаб топилган, унинг асли-асоси йўқ”, дейди[22].

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари: “Исро кечаси тўпланиб, илмий суҳбатлар ўтказиш кейинги давр­ларда юзага чиққан. Баъзи аҳли илмлар мазкур улуғ ҳодисани ёдга олиш билан бирга кўпчиликка унинг аҳамиятини эслатиш ва дину диёнат йўлида ваъзлар қилишни мусулмонлар учун фойдали деб бу ишни ўтказишган.

Исро кечасидаги алоҳида намозлар ва бошқа нарсалар ҳужжатсиз ишлардир”, дейди[23].

Абдул Азим ЗИЁУДДИН,

Тошкент Ислом институти “Диний фанлар” кафедраси мудири

 



[1]. Исро сураси 1-оят.

[2]. Нажм сураси 18-оят.

[3]. «Ат-тамҳид лима фил муваттои минал маъоний вал асонид” (8/48).  

[4]. Бу кечани “Рағоиб кечаси” дейишади.

[5]. “Таржиҳ” – маълумотлар ичидан кучли, вазни оғир, эҳтимоли кўп ва ҳақиқатга яқинини аниқлаш.

[6]. Олусий тафсири, (23/46).

[7]. “Ар-раҳиқул махтум”. “Биринчи ақаба” байъати пайғамбарликнинг 12-йили, ҳаж мавсуми (милодий 621 йил июл ойи)да ва “Иккинчи ақаба” байъати пайғамбарликнинг 13-йили, ҳаж мавсуми (милодий 622 йил июн ойи)да бўлган.

[8]. “Зуҳратут тафосир” (1/4322), “Хотамун набиййин” (2/94).

[9]. Ибн Ҳажар Асқалоний, “Фатҳул Борий”, 7-жуз; Муҳаммад Саййид Тантовий, “Ат-тафсирул васит” (1/2590); Муҳаммад ибн Юсуф Солиҳий, “Субулул ҳудо вар рашод фи сийрати хойрил ъибод” (3/65).

[10]. “Ал-бидоя ван ниҳоя”, 3/107.

[11]. Ҳофиз ибн Ражаб, “Латоифул маъориф”, (233).

[12]. “Тафсирун Насафий” (Исро сураси 1-оят тафсири).

[13]. “Аржаҳ” – кучлироқ, вазни оғирроқ, эҳтимоли кўпроқ, ҳақиқатга яқинроқ.

[14]. “Ас-сийратун набавия” (1/73); “Ас-сийратун набавия” (1/56).

[15]. Аш-шифо би таърифи ҳуқуқил Мустафо” (1/180).

[16].  “Тафсирул Бағавий” (5/64).

[17]. Абу Бакр ибн Абу Шайба ривояти; Ибн Касир, “Ал-бидоя ван ниҳоя” (3/107).

[18]. Олусий тафсири (10/357).

[19]. “Ас-сийратун набавия дурусун ва ъибарун” (1/461).

[20]. “Шарҳул виқоя” (1/180).

[21]. “Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий”, “Меърож” боби.

[22]. “Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий” (6/115).

[23]. “Зикр аҳлидан сўранг”, 7-сон.