Шоира Хоний (асли исми биби Марямхон) 1884 йили Қўқон яқинидаги (ҳозирги Ўзбекистон тумани) Ойимчақақир қишлоғида китобдорлар оиласида туғилган. Отаси Мирзо Убайдуллохон ҳожи XVII аср охири – XIX аср бошларида Умархон ва Муҳаммад Алихон саройида нашъу намо топган шоирлар Мирзо Қаландар (Мушриф) ва Мирзо Айюб (Беҳжат) шажарасига мансуб экани ҳақида “Тазкираи Қайюмий”да маълумотлар бор. Онаси Мастурабону ҳам даврининг машҳур оқила, муҳтарама аёлларидан эди. Марямхон вояга етганида Исфаранинг Шўртанг қишлоғида истиқомат қилувчи амакиваччаси Мирзо Валихонга турмушга узатилиб, иккалаларидан Муҳаммад Рауфхон исмли ўғил дунёга келган. У 1957 йили ҳаж ниятида йўлга чиққан. Аммо ўша даврда мафкуравий тақиқ кучли, йўллар тўсиқ эди. Бироқ шоира ортга қайтмай, ҳаж ниятида қадами етган ҳудудда яшаб қолади. Ниҳоят, 1967 йил декабр ойида Қўрғонтепа вилояти Жиликўл тумани Узунавлиё ота қишлоғида вафот этади.

Қўқон адабий муҳити зийнати бўлмиш Нодира, Увайсий каби шоиралар шеъриятининг Хоний ижодига таъсири катта.

Хоний ўз даври аёллари ўртасида шеърий дафтар битиш билан машҳур бўлган. Шеърларини тўплаб, 1958 йили девон тартиб қилади.

Шоира девонини, “Мавлуднома”, “Меърожнома” каби асарлари ҳамда тариқат пирлари Абдулқодир Жилоний ва Баҳоуддин Нақшбандларга бағишлаб ёзган шеърий маноқибларини тадқиқ этиш муҳим аҳамият касб этади.

Бугунгача шоиранинг 8023 мисрадан иборат қўлёзма девони, “Воқеаи ҳоилаи Карбалойи пурбало”, “Нозимбек ва Козимбек” достонлари, ўнга яқин шеърий тўплами ва мактубларидан иборат адабий мероси аниқланди. Ҳозир бу асарлар шоира авлодлари ва мухлислари қўлида, шунингдек, ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи жамғармасининг Музайяна Алавия архиви (инв.рақами 72)да ҳамда Қўқон шаҳар Ғафур Ғулом номидаги адабиёт музейи жамғармасининг Фироқий (инв.рақами 190), Мирзойи Ҳўқандий (инв.рақами 144), Чарҳий (КП рақами 5964/5) архиви материаллари қаторида сақланмоқда.

Салима ЭШОНОВА,

филология фанлари номзоди

 

 

Мирзо Марямхон ХОНИЙ

 

Нури имон айлагил йўлдош...

 

* * *

Аё Парвардигорим, нури имон айлагил йўлдош,

Ямон йўлдин чиқар ожизларинг, лутфунгни айлаб фош.

 

Ҳидоят бер, ямон бидъат, касофатдин йироқ айла,

Шариат жодасида мустаҳкам эт, маърифат йўлдош.

 

Йироқ этма, Каримо, аҳли суннат вал жамоатдин,

Муқим ўлсун ҳама яхши амаллар ўзиға йўлдош.

 

Ҳама аҳли халойиқдин чиқиб қочмиш паноҳингға,

Адувлар жабрига ҳам истиқомат, сабр бер, бардош.

 

Иноят этмасанг мушкул асири бенаволарга,

Нечунким, аҳли бидъатлар залолат айлагонлар фош.

 

Паноҳингга қочир ғамбодаларни, Қодиро, Субҳон,

Яноштур яхшиларга, этмасунлар ямон бир йўлдош.

 

Мени ғамбода Хоний, беадад кулфат чекибдурман,

Дариғ этма иноят хастадин, эт яхшига ўхшош.

 

* * *

Худойим бандаларга лутфу эҳсонин аён этмиш,

Кимиким бандаликда собит ўлса, олийшон этмиш.

 

Яронлар вақт ўтмай тоати Ҳақға бўлунг қоим,

Кими иҳмол этар, ўз жонига қаттиғ зиён этмиш.

 

Намозу рўзани вақтидин ўткармай адо айланг,

Худовандим ибодат айлагонни шодмон этмиш.

 

Ҳалимлик пеша айланг, такобир бўлмангиз зинҳор,

Такобир феъли шайтон бирла ҳамроҳ деб баён этмиш.

 

Ўзунгизни йироғ айланг ҳама фитна, адоватдин,

Адоватпеша муфсиддин имон нурин ниҳон этмиш.

 

Этинг парҳез ялғону хиёнат, сирни очмоғдин,

Бу янглиғ феъли бадларни жаҳаннамга равон этмиш.

 

Саховатлик қули доим каримлик пеша айлайдур,

Мулойим феълу хушатворларга лутф аён этмиш.

 

Бахилликдан қочинг доим, алар озорга мойил,

Дилозору бахил ўзига дўзах ошиён этмиш.

 

Бу янглиғ ҳоллардин Хоний мискинни йироғ этгил,

Умиди бегарон бирла жанобингга фиғон этмиш.

 

* * *

Лутф ила тортгил ўзунгга бемадоринг, ё Ҳафиз!

Сохлагил амну амонда беқароринг, ё Ҳафиз!

 

Меҳри жонони сиёҳпуш зору муштоқ айлади,

Тезлик бирла етур зору низоринг, ё Ҳафиз!

 

Умрлар ҳижрон ўтида ўртанар маҳзуну хор,

Жилвагар бўлғайму деб гулгун узоринг, ё Ҳафиз!

 

Тоқатим тоқ ўлди, етмайдур фиғону нолишим,

Қайдин инган бўйи деб кетти мадорим, ё Ҳафиз!

 

Истионатлар сўраб ҳар ерда бузруквордин,

Етсам эрди нақди жон этсам нисорим, ё Ҳафиз!

 

Дод-фарёди чиқар ҳар бурчидин толибларинг,

Чарла толиблар била, чиқсун ғуборим, ё Ҳафиз!

 

Ҳажр шоми, бас, узун, субҳ этдиролмай доғмиз,

Етса гар бўйи насим, хуш ашки жорим, ё Ҳафиз!

 

Бедаво дардим давосини бериб, йўлла ўзунг,

Йўқса армон бирла тўзулгай ғуборим, ё Ҳафиз!

 

Ҳоний, чиқмоқға қаронғудин мадорим қолмади,

Еткур эмди битмайин сабру қарорим, ё Ҳафиз!

 

* * *

Хўблик даркор эса кавну макондин уз тамаъ,

Ҳақни алтофидин ўзга жумла жаҳондин уз тамаъ.

 

Софлик бирла битургай қорингни Ҳаййи Қадим,

Етмоға ўзига барча “ин” у “он”дин уз тамаъ.

 

Зикру фикри ҳазрати маъбуди барҳақ айлагил,

Дил ғуборини ювуб суду диёндин уз тамаъ.

 

Тун-саҳарлар зикри “иллаллоҳ”ни одат айлагил,

Йўл топарни хоҳласанг, рўйи жаҳондин уз тамаъ.

 

Гар мусулмонга ёрдам этмасанг, қилма зиён,

Барҳам ур суду зиён, ғайр аз Субҳондин уз тамаъ.

 

Икки дунё обрўсин истасанг, мардона бўл,

Белни маҳкам боғлагил, яхши-ямондин уз тамаъ.

 

Рост юргил, рост тур, фикри дигаргун ўлмасун,

Бешариат урма дам, ҳар бадгумондин уз тамаъ.

 

Хонийи афгор, ҳушёр ўл, пушаймон суди йўқ,

Бандаликда собит ўл, чуну чаҳондин уз тамаъ.

 

* * *

Ўйласам, олам юзида ман каби гумроҳ йўқ,

Маърифатлардин адошгон ҳамдами дилхоҳ йўқ.

 

Орзуйи дилга етмай, нола айлаб най каби,

Рўзу шаб афғон чекиб, айтурга дил огоҳ йўқ.

 

Вожгун, золим фалакни гардишидин додлар,

Ҳақ соридин шафқате ҳолимга бир бегоҳ йўқ.

 

Дилни ғафлат пардаси буркаб олиб, этмиш қаро,

Чора топмай дардига йиғлар, карамлик шоҳ йўқ.

 

Бу жароҳатлик юракка сиғмагай бир шодлик,

Қайси бир ғамга эзилсун, ҳамдами дилхоҳ йўқ.

 

Ҳақдин ўзга меҳрибон йўқ, ҳоли зорим билгудек,

Бу тариқа коҳишимдин ҳеч ким огоҳ йўқ.

 

Ҳасрати бисёр, андуҳи фузун Хонийни сўр,

Ё Илоҳи, сандин ўзга меҳрибон бир шоҳ йўқ.

 

* * *

Қодиро, Парвардигоро, зорларга раҳм қил,

Дилфигору беқарор, беморларга раҳм қил.

Хору зору мубтало, хунборларга раҳм қил,

Кўҳи ғамда музтариб бедорларга раҳм қил,

Ғам ҳужумида эзилган хорларга раҳм қил.

 

Гарчи исён чўлида оворамиз ҳасрат била,

Банди ханноси лаъинда сарғариб фурқат била,

Хоби ғафлат бирла ўтти умримиз роҳат била,

Уйғониб бир йўл ҳаловат қилмаган тоат била,

Дил ғуборин ювмагон кўб хорларга раҳм қил.

 

Истироҳатда ётиб, асло ўзига келмагон,

Бу каби ғафлатда охир на бўлонин билмагон,

Зоди роҳи охиратга белни маҳкам бўғмагон,

Бехабарликда гуноҳи тоғу чўлга сиғмагон,

Пур надомат дийдаси хунборларга раҳм қил.

 

Сол ҳидоят йўлига афтодаи ҳайронларинг,

Пардаи исматга чулға нотавон гирёнларинг,

Минг пушаймону надоматда дили бирёнларинг,

Бевасила йўл тополмай йиғлагон сўзонларинг,

Ғамда ўртанган дили беморларга раҳм қил.

 

Нотавон гумроҳлар сори узат шафқатларинг,

Дил ғубори тоза бўлсун жўш уруб раҳматларинг,

Оч юзига боби жаннат, ёғдуруб неъматларинг,

Илтифот айла карамдин Хонийга қурбатларинг,

Ноумид этма, дили афгорларга раҳм қил.

 

Фардлар

 

* * *

Ташналаб дарёга бордум, топмадим сув сойда,

Сув агар жаннатда бўлса, ташнага на фойда.

 

* * *

Фил ўлса хасминг, десангки: зарар топмай,

Бир пашшага оламда еткурма зарар асло.