Сизга маълум, “Ўтган кунлар” романи қаҳрамони, тошкентлик Юсуфбек ҳожининг ўғли Отабек Авлиёота шаҳри остонасидаги жангларда ҳалок бўлади. Аҳмад Яссавий зиёратгоҳида Амир Темур ясаттирган қирқ қулоқли улкан қозон бор. Унинг довруғи дунёга кетган, айниқса, Марказий Осиё мамлакатларида қозонни табаррук ёдгорлик деб билишади.

Хўш, Авлиёота шаҳри билан қирқ қулоқли қозоннинг бир-бирига қандай алоқаси бор? Юзаки қаралса, уларни боғлаб турадиган ҳеч қандай восита йўқдек. Лекин “Қозончи авлиё” номини олган Абдулазиз Қашқарий ҳақида билган одам калаванинг учини осон топиб олади.

Замонасининг машҳур устаси Абдулазиз Қашқарий XIV аср ўрталари ва XV аср бошларида яшаб ўтган. Қашқарда туғилган, кейинчалик оила аъзолари билан ҳозирги Қозоғистоннинг Чимкент вилоятидаги Сузоқ (аслида “Сузук ота”) қишлоғига кўчиб келиб, шу ерда яшаб қолган.

Ҳарбий юришларнинг бирида Амир Темур Сайрамда тўхтайди. Бир қанча уста, ҳунарманд ва олимларни йиғиб: “Сиғими катта, лекин бесўнақай бўлмаган қозон ясаш керак. Унда пиширилган овқат тўрт минг кишига етадиган бўлсин”, деб топшириқ беради. Шундан кейин бўлажак қозон устида кўп олимлар бош қотиришади. Абдулазиз Қашқарий ҳам чизма-режа ишлаб чиқади. Унинг лойиҳаси Амир Темурга маъқул келиб, иш бошлашга изн беради. Орадан кунлар ўтиб, диаметри икки метру қирқ беш сантиметр, оғирлиги бир ярим тонна келадиган катта қозон тайёр бўлади. Унга олтмиш челак сув сиғар, баландлиги ҳам ўртача эди. Қозон етти хил маъдандан – пўлат, темир, қўрғошин, кумуш, олтин, мис ва рух аралашмасидан қуйилади. Ҳажми катта бўлишига қарамай, овқат пиширишга кам ўтин сарфланарди. Мана шу нодир қозонни ясагани учун Абдулазиз Қашқарийни “Қозончи уста авлиё” деб атай бошлашади.

Амир Темур шарофати билан дунё юзини кўрган ушбу тарихий дошқозон ҳам собиқ иттифоқ даврида турли синовларни бошидан кечирди. Эллик тўрт йил мобайнида Санкт Петербург “Эрмитаж”ида сақланди. Ҳозир эса Хўжа Аҳмад Яссавий зиёратгоҳидан жой олиб, дунёнинг турли бурчакларидан келаётган зиёратчилар, сайёҳларга беминнат хизмат қилмоқда. Ушбу дошқозонга сув ва қанд солиб қайнатилиб, меҳмонларга тарқатиб турилади.

Умрини ҳалол меҳнат, гўзал ҳунари билан одамларга яхшилик қилиб ўтказган Абдулазиз Қашқарий ўзи яшаган Сузоқ қишлоғидаги “Қора буро” қабристонига дафн этилган.

Вақтлар ўтиб, машҳур қозончи устанинг номи изсиз йўқолиб кетмади. Бутун бошли шаҳар ва вилоят Абдулазиз Қашқарий шарафига “Авлиёота” деб аталди. Гарчи собиқ совет даврида бу вилоят “Жамбул Жабаев” деб номланган бўлса-да, тарихий ҳақиқат барибир қарор топди. Ҳудудга яна “Авлиёота” номи қайтарилди.

 

Нажот НИЁЗОВ