“Мулоқот” журналининг бундан бир неча йил олдин чиққан бир сони қўлимга тушиб қолди. Унда Севара Пўлатованинг “Мусулмонлар – тинчлик элчилари” мақоласи диққатимни тортди. Яхши ёзилган. Яқин тарихимизнинг бизга унчалик маълум бўлмаган саҳифалари, хусусан, Мовароуннаҳр мусулмонлари идорасининг тарихи ҳақида қизиқарли маълумотлар берилган. Ўша мақоладан бир неча кўчирма:

 

“1942 йил... Тошкентда Эшон Бобохон ва у кишининг фарзанди Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон, илм аҳллари – Мулла Содиқ Домла, Абдураззоқ Эшон ва бошқалардан иборат қўмита тузилди. Ташкилий қўмита раиси этиб 83 ёшли Эшон Бобохон, котиб этиб 35 ёшли Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон тайинланди. Шундан сўнг 1943 йилнинг октябрида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг 1-қурултойи бўлиб ўтди. Унда... диний назорат раиси – муфтий лавозимига Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, Ўзбекистон қозиси этиб Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон сайландилар”.

“1944 йили СССР мусулмонларининг Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон бошлиқ вакиллари биринчи маротаба Саудия Арабистонига ҳаж сафарига жўнадилар. 1945 йили мамлакатимиз мусулмонларининг бошқа бир гуруҳи Саудия Арабистонида яна ҳаж сафарида бўлдилар. 1946 йилги ҳаж сафарига Зиёвуддинхон раҳбарлик қилди”.

Бу кўчирмада икки ҳурматли зот номлари қайта-қайта эсланган. Менда бир савол туғилди: “Хўш, улар бошлаган бу олижаноб ишда яна кимлар иштирок этган?” Маълум бўлишича, 1943 йили қўмита раисининг муовини этиб сайланган, 1945 йилги ҳаж сафарига Эшон Бобохон билан бирга раҳбарлик қилган шайх Муродхўжа Солиҳий ҳам динимиз йўлида катта хизматлар қилган. Нима учундир мақолада у кишининг исмлари келтирилмаган. Ҳолбуки, диния назорати ташкил этилишига доир архив ҳужжатларида у кишининг исмлари қайд этилади.

Муродхўжа Солиҳий даврининг етук олим кишиси, моҳир ташкилотчи эди. Бу зотнинг невараси тарих фанлари доктори, профессор Темир Ғиёсов маълум қилишича, домла 1870 йили Тошкентда туғилган, Бухоро мадрасаларида таҳсил олган, Тошкент мадрасаларида мударрислик қилган. Араб, турк, форс тилларини, Ислом тарихи, калом ва фиқҳ илмини чуқур эгаллаган. 1917 йил бошида Тошкентда ўтказилган мусулмон ўқитувчилари қурултойида янги таъсис этилган кенгаш раиси этиб сайланади. Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” асарини ўзбек тилига ўгирган ва 1904 йили “Шавқи Гулистон” номи билан нашр эттирган. Мутахассислар бу нусхани энг тўкис таржима деб топишган. Шайх Муродхўжа Солиҳий ташаббуси билан ҳижрий тақвим чоп этилган. У киши диний идора журналини чиқаришда ҳам иштирок этади.

Муҳтарам шайхнинг неваралари профессор Зумрадхон Тожиева оиласида у зотнинг диний идора ташкил этилишига доир ноёб фотоалбоми сақланади.

Муродхўжа Солиҳий 1951 йили кексалиги туфайли нафақага чиқиб, 1953 йили вафот этади ва Қорасув мавзеидаги Жўрабек қабристонига дафн қилинади.

Динимизни мураккаб шароитларда авайлаб, сақлаб қолган бундай ўнлаб, юзлаб солиҳ аждодларимизни эслаш, ҳақларига дуолар қилиш авлодлар елкасидаги бурч эканини доим ёдда тутайлик.

 

Анвар ТОЖИЕВ,

фахрий журналист