Жиноятларни аниқлашда самарали бир усул бор – бармоқ изларини солиштириш. Бугун бармоқ излари шахсни тасдиқловчи ишончли хужжатдир.

Ҳеч бир инсоннинг бармоқ излари бошқасиникига ўхшамайди. Барча одамларнинг бармоқ излари бир-биридан фарқли. Эдуард Генри 1875 йили бармоқ изини шахсни тасдиқловчи ҳужжат сифатида ишлатиш мумкинлигини илмий асослаган бўлса, 1884 йилдан Англияда расман далил сифатида қўллаш қабул қилинди.

Инсоннинг бармоқ излари жуда ажойиб яратилган. Инсон қанча кексайса ҳам, у излар асло ўзгармайди, йўқолмайди. Ҳатто бир сабаб билан тери шилиниб кетса ҳам, янги чиққан терида яна олдингидай из бўлади.

Ҳозир бармоқ изларини ўрганишнинг янги – “дактилоскоп” (бармоқ изларига қараб инсон шахсини аниқлаш) деб аталувчи усул билан жиноятчиларни топишда қулайликларга эришилмоқда.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Инсон унинг (чириб кетган) суякларини сира тўплай (тиклай) олмайди, деб Биздан гумон қилурми?! Йўқ, Биз (ўша куни) унинг бармоқларини (ҳам тиклаб) текислаб қўйишга қодирмиз!” (Қиёмат, 3–4). Бу ояти карима диққатимизни бармоқ учларига қаратади. Инсонлар оғиз, бурун, кўз, қулоқ каби аъзолари фарқли бўлса ҳам, бир-бирига ўхшаши мумкин. Ҳатто бу ўхшашликдан ҳайрон қоламиз. Аммо бармоқ учларининг бир-бирига ҳеч ўхшамаслиги, инсонни ҳайратда қолдиради.

Неча-неча миллиард инсонларнинг бармоқ изларини фарқли яратган Буюк Аллоҳ таоло, албатта, уларни қайта яратишга ҳам қодир. Ояти каримада инсоннинг нозик бармоқларига ишора қилинишида жуда чуқур маъно бор.

Инсон танасида яна қанча сирлар яширин. Буни англаган ақлли инсон Яратганнинг чексиз қудратига тан беради, имон келтиради.

 

Зебунисо ҲУСАЙН тайёрлади.