“Улардан кейин (дунёга) келганлар айтурлар: “Парвардигоро, бизларни ва бизлардан илгари имон билан ўтганларнинг гуноҳларини кечир. Қалбларимизда имон келтирганларга нисбатан нафрат пайдо қилма! Парвардигоро, Сен меҳрибон ва раҳмлисан!” (Ҳашр, 10)

Бу ояти каримадан олдинги оятларда муҳожир ва ансорларнинг сифатлари зикр этилган. Бу оятда эса улардан сўнг қиёматгача дунёга келадиган мусулмонларнинг сифатлари қандай бўлиши лозимлиги баён этилган.

“Улардан кейин (дунёга) келган­лар”дан мурод тобеинлар ва қиёматгача келадиган мусулмонлардир.

Мусъаб ибн Саъд айтади: “Мусулмонлар уч рутбададир. Икки рутба ўтган, фақат охирги бир рутба қолган – ана шу рутбада бўлишингиз сиз эриша оладиган энг катта ютуқдир”.

Бу оят саҳобаларни яхши кўриш вожиблигига далилдир. Шунинг учун аҳли суннат вал жамоатда бўлган киши саҳобалардан бирортасини сўкмайди, уларни ёмон кўрмайди ва аҳли қибладан ҳеч кимни кофирга чиқармайди.

“Парвардигоро! Бизларни ва бизлардан илгари имон билан ўтганларнинг гуноҳларини кечир!”

Ойша онамиз­ (розийаллоҳу анҳо) бундай деган эканлар: «Мен Пай­ғамбаримизнинг (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу уммат кейингилари олдингиларини лаънатламагунича йўқ бўлмайди” деганларини эшитганман» (Ибн Касир бу ҳадисни Бағавийдан ривоят қилиб келтирган).

Демак, ўтган буюк зотлар алломаи замонларни беҳурмат қилиш, уларни лаънатлаш умматни ҳалокатига сабаб бўлар экан.

«Ибн Умар (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: “Расулул­­лоҳнинг (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганларини эшитганман: “Саҳобий­ларимни сўкаёт­ганларни кўрсангиз “Сизларнинг ёмонларингизни Аллоҳ лаънатласин!” деб айтинг» (Имом Термизий ривояти).

Шаъбий айтади: “Яҳу­дий­лар ва нас­роний­лар рофизийлардан* битта хислати билан устун туришади – яҳудийдан “миллатингизнинг энг яхшилари кимлар?” деб сўрасангиз, дарҳол “Мусонинг (алайҳиссалом) асҳоби”, деб жавоб беришади. Насронийларга шу савол берилса, ҳеч иккиланмай “Исонинг (алайҳиссалом) асҳоби”, дейишади.

Рофизийлардан “Миллатингиз орасида энг ёмонлари кимлар?” деб сўрасангиз, “Муҳаммаднинг (алайҳис­салом) асҳоби”, деб жавоб беришади. Ҳолбуки, улар саҳобийлар ҳақига мағфират сўрашга буюрилган”.

“Қалбларимизда имон келтирганларга нисбатан нафрат пайдо қилма!” Ояти каримада ҳозирги кунимизда ғоят долзарб бўлиб турган масала ечими баён қилинган. Бу нафрат ҳар қандай келишмаслик, фитна, парокандалик боис қалбда пайдо бўладиган нафратдир.

Бу оят мўминларни бир-бирларига нафрат қил­мас­ликка буюради. Бу илоҳ­ий фармонга тўлиқ амал қилинса, инсонлар орасида дўстлик, биродарлик қарор топади.

Аллоҳ таоло қалбимизда мўминларга нисбатан наф­рат пайдо бўлишидан сақласин.

Қуртубий тафсири асосида Нўъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади.