Аллоҳ (тоати йўли)да ҳаққоний жидду жаҳд қилинглар! У сизларни (шу дин учун) танлади ва динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади. Отангиз Иброҳимнинг дини (Ислом)ни (ушлангиз)! Токи (қиёматда) пайғамбар сизларга гувоҳ бўлиши учун, сизлар эса (қолган) одамларга гувоҳ бўлиши­нгиз учун (Аллоҳнинг) ўзи сизларни илгари (муқаддас китобларда) атагандек, мана шу (Қуръон)да ҳам мусулмонлар деб атади. Бас, намозни баркамол адо этинглар, закотни беринглар ва Аллоҳга боғланинглар! У сизларнинг хо­­жа­­­н­­гиз­­­дир.­ Бас, У нақадар яхши хожа ва (мадад сўраган мўминларга) нақадар яхши мададкордир!" (Ҳаж, 78).

Ушбу оятда Ҳақ таоло йўлида жидду жаҳд қилишимиз бую­р­ила­ди. Имом Насафий: "Аллоҳ (тоати йўли)­­да ҳақ­қоний жидду жаҳд қи­­­­ли­нг­­­­­­лар!" мазмунли ояти каримани "нафс­га қарши, ҳою ҳавас, истак­ларга қарши курашинглар", деб тафсир қилганлар.

"У сизларни (шу дин учун) танлади ва динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади". Яъни, Ўз дини – Исломни сиздан кейинги кишиларга ўзгаришсиз етиши учун сизларни танлади. Дин арконларининг биронтасида: таҳоратда, намозда, рўзада, ҳажда бўлсин, банданинг зиммасига оғир, тоқати етмайдиган нарса йўқ.

Ибн Аббос ва Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) "Динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади" оятидаги ҳараж калимасини – танглик, чорасизлик, деб тафсир қилганлар. Масалан, сув топилмаган, ёки аъзоларига сув тегса касали оғирлашиши мумкин пайтларда таяммум қилиш, сафардаги киши тўрт ракатлик фарз намозларни қаср қилиши ва рўза тутишнинг унга ихтиёрлилиги, руку ва саждага қодир бўлмаган узрли кишиларнинг имо-ишора билан намоз ўқиши каби яна кўплаб енгилликлар берилган.

"Отангиз Иброҳимнинг дини (Ислом)ни (ушлангиз)!" Иброҳим (алайҳиссалом) Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) боболаридир. Ҳар бир пайғамбар ўз уммати учун ота ҳукмида бўлади. Ҳадисда: "Мен сизларга отангиз кабидирман", дея марҳамат қилинган. Бошқа оятларда ҳам, жумладан, Оли Имрон сураси 95-оятида: "Иброҳимнинг (алайҳиссалом) динига эргашинглар", деб амр этилади.

"(Қиёматда) пайғамбар сизларга гувоҳ бўлиши учун, сизлар эса (қолган) одамларга гувоҳ бўлишингиз учун ­­(Аллоҳнинг) ўзи сизларни илгари (муқаддас китобларда) атагандек, мана шу (Қур­­­ъ­­он) да ҳам мусулмонлар деб атади". Аллоҳ таоло биз уммати Муҳаммадияни Таврот, Забур ва Инжилда шарафли ном билан "мусулмон" деб атади ва Қуръони каримда Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бандаларга Аллоҳ таолонинг амрларини етказганига, биз мусулмонларни Пайғамбарлар (алай­ҳимуссалом) рисолатларини инсонларга адо этганларига гувоҳ қилди. Бу биз мусулмон умматлар учун юксак шарафдир.

"Бас, намозни баркамол адо этинглар, закотни беринг­лар ва Аллоҳга боғланинглар! У сизларнинг хожангиздир. Бас, У нақадар яхши хожа ва (мадад сўраган мўминларга) нақадар яхши мададкордир!" (Ҳаж,78). Намозни комил адо этиш, закотни мамнуният билан бериш, барча ишларда Аллоҳ таолога таваккал қилиш банда учун қандаям яхшидир. Гуноҳ ишлар қилсак ҳам У бизни ризқлантиради. Барча ишларимизни адо этишимизда мададкор, улуғ ва беҳожатдир. Фақат Унга сиғинамиз, Ундангина мадад сўраймиз. Зеро, У бизнинг ягона хожамиздир.

 

Насафий, Исмоил Ҳаққий Бурсавий, Али ибн Муҳаммад Шавконий тафсирлари асосида Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.