“...Ким Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилар. Яна, уни ўйламаган жойдан ризқлантирар. Ким Аллоҳга таваккул қилса, Аллоҳ унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишни қилгувчидир» (Талоқ, 2–3).

Саълабий айтади: Бу ояти карима кўпчилик муфассирлар айтишларича, Молик ибн Авф Ашжаъий ҳақида нозил бўлган.

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади. Мушриклар Молик ибн Авф Ашжаъийнинг ўғли Солимни асирга туширди. У Расулуллоҳга ушбу ҳолатдан арз қилди: “Ё Расулуллоҳ, ўғлимни душманлар асир қилиб олиб кетишди, онаси бунга чидолмаяпти, менга нима қилишни буюрасиз?”. Пайғамбаримиз унга: «Аллоҳнинг азобидан қўрқ ва сабр қил. Сенга ва аёлингга “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни кўп айтишни буюраман”», дедилар. Молик уйига қайтиб, аёлига бу гапларни етказди. Аёли бундан хурсанд бўлди, икковлашиб ўша сўзларни айта бошлашди.

Бир куни пойлашдан ғафлатда қолишганида, Солим фурсатдан фойдаланиб, асирликдан қутулди ва душманларнинг қўйларини олдига солиб (ўлжа сифатида) ҳайдаб, отасининг олдига келди. Бу қўйларнинг сони тўрт мингта эди. Ана шу воқеадан сўнг ушбу ояти карима нозил бўлди. Пайғамбаримиз қўйларни Ашжаъийнинг ўзига бердилар.

“Ким Аллоҳга тақво қилса, У унга чиқиш йўлини (пайдо) қилар”.

Бу ояти каримани Ибн Аббос “дунё ва охират ташвишлардан қутқаради”, деб тафсир қилган. Калбий эса бундай тафсир қилади: “Ким Аллоҳ таоло азобидан қўрқиб, мусибат пайтида сабр қилса, унга дўзахдан жаннатга чиқиш йўлини кўрсатади”.

Абул Олия ушбу оятни “Ҳамма машаққат ва ташвишлардан чиқиш йўлини” деб; Рабиъ ибн Ҳайсам “Одамларга қийин бўлган ҳамма нарсадан чиқиш йўлини унга кўрсатади”, деб; Ҳусайн ибн Фазл “Ким фарзларни адо этиш борасида Аллоҳ таоло азобидан қўрқса, унга азобдан қутулиш йўлини кўрсатади”, деб тафсир қилган.

“Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирар”. Яъни, савоб ёзади, унга берган неъматларини баракотли қилиб қўяди.

Саҳл ибн Абдуллоҳ айтади: “Ким Аллоҳ таоло азобидан қўрқиб, суннатга риоя қилса, Аллоҳ уни бидъат аҳлига бўладиган азобдан қутқаради ва уни жаннатга киргизади”.

Умар ибн Усмон Садафий айтади: “Ким Аллоҳдан қўрқса, яъни У белгилаб берган чегарадан чиқмаса, гуноҳлардан узоқ турса, Аллоҳ таоло уни ҳаромдан ҳалолга, тангликдан кенг-мўлликка ва дўзахдан жаннатга чиқаради ва унга умуман кутмаган ва умид қилмаган жойидан ризқ беради”.

Абу Зарр айтади: Пайғамбар : “Мен бир ояти каримани биламан, агар одамлар унга амал қилишса, уларга кифоя қилади”, дедилар. Сўнг “Ким Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилар. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирар” ояти каримасини ўқидилар ва уни бир неча марта такрорладилар (Абу Нуъайм, “Ҳиля”).

Ибн Аббос айтади. «Расулуллоҳ “Ким Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилар. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирар” оятини ўқидилар. Сўнг: “Дунё шубҳаларидан, ўлимнинг даҳшатларидан ва Қиёмат кунининг шиддатларидан қутулиш йўлини”, дедилар» (Дайламий ривояти).

Имрон ибн Ҳусайндан ривоят қилинади. Расулуллоҳ бундай марҳамат қилдилар: “Ким фақат Аллоҳга умид боғласа, Аллоҳ таоло унинг ҳамма эҳтиёжини беради ва ризқини кутмаган еридан етказади. Ким дунёга умид боғласа, Аллоҳ таоло уни дунёсига ташлаб қўяди” (Табарий ва Байҳақий).

Ибн Аббос ривоят қилади. «Расулуллоҳ бундай марҳамат қилганлар: “Ким истиғфорни кўп айтса, Аллоҳ таоло унга ҳамма ташвишлардан қутулиш, ҳар қандай тангликдан чиқиш йўлини кўрсатади ва кутмаган еридан ризқлантиради”» (Абу Довуд ва Ҳоким).

“Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга кифоя қилар”. Яъни, ким ишини Аллоҳ таолога топширса, қийин бўлган барча нарсаларда Аллоҳ таоло унга кифоя қилади.

“Албатта, Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишини қилгувчидир”. Масруқ айтади: “Аллоҳ таоло Ўзига таваккул қилган кишиларнинг гуноҳларини мағфират қилади ва уларга кўп ажр беради”.

Рабиъ ибн Ҳайсам айтади: “Ким Аллоҳга таваккул қилса, уни бошқаларга муҳтож бўлишдан асрайди; ким Унга имон келтирса, Аллоҳ уни ҳидоят қилади; ким Унга қарз берса, қийматини ўтайди; ким ўзини Унга ишониб топширса, уни асрайди; ким Унга дуо қилса, ижобат этади. Аллоҳ таолонинг Каломида буларнинг тўғрилигини тасдиқловчи оятлар бор”.

 

Имом Қуртубий тафсири асосида Нўъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади.