Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашишларида яхшилик йўқ. Фақат садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир. Кимда-ким Аллоҳ розилиги учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз(Нисо, 114).

Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашишларида яхшилик йўқдир...”

Мотуридий мазкур маъноли оят тафсирида бундай дейдилар: «Ояти каримадаги “نَّجْوَى” “наж­ва” сўзининг икки маъноси бор. Биринчиси “қавм”, “одамлар”, иккинчиси “яшириш”, “сирли гаплашишдир”. Агар “нажва” сўзининг “шивирлаб гаплашиш” маъносини олсак, оятнинг маъноси бундай бўлади: “Уларнинг  кўп шивирлашишларида яхшилик йўқ, шивирлашиш фақат садақага буюриш, одамлар орасини ислоҳ қилиш ҳақида бўлсагина яхшидир”».

Агар “нажва” сўзининг “қавм” маъносини олсак, унда оятнинг маъноси: “Уларнинг кўп қавмларида яхшилик йўқ. Фақат садақа, эзгулик ва одамлар орасини ислоҳ қилишга буюрадиган қавмда яхшилик ва хайр бор”.

“Муножот” сўзи ҳам “нажва” сўзининг ўзагидан келиб чиққан, Унинг маъноси “Аллоҳга қалбан, яширин нола қилиш”дир. Ибн Умардан  ривоят қилишларича, Расулуллоҳ  айтадилар: “Агар уч киши йиғилишса, улардан иккиси ўзаро шивирлаб гаплашмасин, бу учинчи инсонни хафа қилади”. Инсонни хафа қилиш, унга зарар етказиш ҳисобланади. Ўзгага зарар етказиш динимизда ҳаромдир.

Одатда инсонлар яхши амалларни ҳаммага маълум қилгилари келади, гуноҳ ишлар эса бекитиқча маслаҳат қилинади, фитналар ҳам махфий равишда уюштирилади.

“...Фақат садақа беришга, эзгуликка...” Абу Умомадан  ривоят қилинади. Расулуллоҳ  дедилар: “Ҳар бир яхшилик садақадир, жаннатга энг аввал кирадиган кишилар аҳли-маъруф, яхшилик қилувчи, ҳалокатга боис гуноҳлардан тийилган кишилардир”.

Расулуллоҳ : “Яхшилик кўрсатишга лойиқ ва нолойиқ кишига ҳам яхшилик кўрсат. Агар яхшилик кўрсатишга лойиқ инсонни топсанг, у сенинг яхшилик кўрсатишингга ҳақлидир. Агар сен яхшилик қилмоқчи бўлган инсон яхшилик кўрсатишингга нолойиқ бўлса ҳам, сен яхшилик қил, чунки сен яхшилик қилиб, савоб олишга муҳтожсан”, дедилар.

Яхшилик қилишдан мақсади Аллоҳнинг розилиги бўлган инсон ҳаммага, яхшига ҳам, ёмонга ҳам яхшилик қилаверади.

Мовардий айтади: “Ким­нинг қўлидан яхшилик келса, фурсат борида яхшилик қилсин. Ожиз бўлиб қолишидан олдин уни тезлатсин. Яхшилик қилиш имкони ҳамиша бўлавермайди. Ҳали имкон бор деб чалғиб юрмасин. Қанчадан-қанча ўзига ишонганлар, имкони қўлдан кетгач, надоматга қолган”.

Расулуллоҳ  айтадилар: “Ким­га яхшилик қилиш эшиги очилса, унга кирсин, чунки бу эшик қачон ёпилишини билмайди”.

Абу Ҳурайра  ривоят қилади: “Сизлар мол-дунёингиз билан одамларни хурсанд этолмайсиз, балки сизнинг очиқ юзингиз ва чиройли хулқингиз уларни хушнуд этади”.

Аббос  айтади: “Яхшилик уч нарса билан комил бўлади: Уни тезроқ бажариш, кичик бўлса-да, давомли қилиш, уни яширин бажариш. Яхшиликни тезроқ қилсанг, ютуққа эришибсан, оз ва давомли қилсанг, уни катталаштирибсан, яширин адо этсанг, мукаммал бажарибсан”.

“...ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир”.

Набий   Абу Айюбга  айтдилар: “Сенга Аллоҳ ва Унинг расули яхши кўрадиган ишни ўргатайми? Агар инсонларнинг ораси бузилса, ислоҳ этасан, агар бир-биридан узоқлашиб кетса, уларни яқин қил!”.

Авзоий : “Аллоҳ таолога икки кишининг ўртасини ислоҳ қилиш учун ташланган қадамдан кўра севимли қадам йўқ. Ким икки­ кишини яраштириб қўйса, Аллоҳ таоло уни дўзахдан озод қилади”, деган.

Ибн Умардан  ривоят қилинади. Расулуллоҳ  айтадилар: “Садақа­нинг яхшиси одамлар орасини ислоҳ қилишдир”.

“...Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз”. Бу Аллоҳ таолонинг ваъдасидир. Аллоҳ таоло ваъдасига асло хилоф қилмайди.

 

Абу Мансур Мотуридий, Ибн Касир, Қуртубий, ­Жасос, Ваҳба Зуҳайлийларнинг тафсирлари  сосида Бадриддин САДРИДДИН ўғли тайёрлади.