Ким ҳидоят йўлига юрса, бас, ўзи учун юрар. Ким (ҳидоят) йўлидан чалғиса, у ҳам ўз зиёнига чалғир. Ҳеч бир гуноҳкор ўзганинг гуноҳини кўтармас. То пайғамбар юбормагунимизча (бирор кимсани) азобловчи бўлмадик" (Исро, 15).

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади. Валид ибн Муғийра Макка аҳлига: "Менга эргашинглар, Муҳаммаддан юз ўгиринглар. Сизларни оғирликларингиз (юкингиз) менинг бўйнимга, мен сизларнинг қилган ишингиз учун жавоб бераман", деди. Аллоҳ таоло Валид ибн Муғийранинг сўзлари ботил, беҳуда; Аллоҳ ва Унинг расулига итоатсизлик гуноҳ эканидан огоҳ этиб, шу ояти каримани нозил қилди.

Ким ҳидоятда бўлса, ҳақ йўлдан юрса, пайғамбарга эргашса, энг аввало, ўзига фойда. Шунда унинг оқибати ҳам гўзал бўлади. Залолатга кетса, тўғри йўлдан бўйин товласа, гуноҳ ишларни қилса, бу фақат ўзи учун зарардир.

Бандалар солиҳ амаллари, ибодатлари ила Аллоҳ таолонинг розилигига эришади. Исро сурасининг 7-оятида: "Агар эзгу иш қилсангиз ўзларингизга эзгулик қилган бўлурсиз. Агар ёвузлик қилсангиз ҳам ўзи­нгиз учундир..." дея ҳар бир инсон савобли иш қилиши ва гуноҳ ишлардан қайтиши буюрилган.

"Ҳеч бир гуноҳкор ўзганинг гуноҳини кўтармас". Бирор инсон бошқа бир кишининг гуноҳини кўтармайди. Ҳар бир жон қилмишининг жазосини олади. Фотир сурасининг 18-оятида яна бундай дейилади: "(Қиёмат кунида) ҳеч бир гуноҳкор ўзганинг гуноҳини кўтармас. Агар оғир гуноҳ эгаси ўз гуноҳини кўтаришга чақирилса, (гарчи чорланувчи) қариндоши бўлса-да, у (гуноҳ)дан бирор нарса юклатилмас. (Эй Муҳаммад), Сиз фақат Парвардигорларидан ғойибона қўрқадиган ва намозни баркамол адо этадиган зотларнигина огоҳлантира олурсиз. Ким (гуноҳдан) пок­ланса, у фақат ўзи учун пок­ланган бўлур. Қайтиш фақат Аллоҳ ҳузуригадир".

Қиёматда ҳар бир банда каттаю кичик қилган барча амалларидан сўралади. Бошқаларни жоҳилона адаштирган ҳам қилмиши учун жавоб беради. Ҳатто йўлдан оздирилган кишининг қилган гуноҳлари ҳам унга юкланади. Аммо бу билан адашган кимсанинг гуноҳи камаймайди. Қуръони каримда: "Улар (бу ёлғон сўзларни) қиёмат кунида, ўзларининг барча гуноҳларини ҳамда ўзлари жоҳилона йўлдан оздирган кимсаларнинг гуноҳларидан ҳам бўйинларига олиш учун (айт­гандирлар). Огоҳ бўлингизки, улар бўйнига олган нарса (гуноҳлар оқибати) жуда ёмондир" (Наҳл, 25), дейилган. Бу Аллоҳ таолонинг бандасига одиллиги ва раҳматидир.

"То пайғамбар юбормагунимизча (бирор кимсани) азобловчи бўлмадик". Пайғамбар юборилганлиги тўғрисида сабаб ва ҳужжат қоим қилинмасдан туриб, дўзахга ҳеч ким ташланмайди.

Қуръони каримда бундай мар­ҳамат қилинади: "Ҳар қачон унга янги гуруҳ (кофир бўлганлар) ташланганда, унинг қўриқчилари: "Сизларга (дунё­да бирор) огоҳлантирувчи (пайғамбар) келмаганмиди?" – деб сўрайдилар. (Улар) дерлар: "Ҳа, ҳақиқатан, бизга огоҳлантирувчи келган эди, (лекин бизлар уни) ёлғончига чиқарганмиз..." (Мулк, 8–9).

Демак ҳақ йўлдан чалғимай, имон-этиқодда собит қадам бўлиб, эзгу амалларни давомли равишда бажарсак ўзимиз учун фойдалидир.

 

Насафий, Ибн Касир, Байзовий тафсирлари асосида ТИУ тадқиқотчиси Исомиддин АҲРОРОВ тайёрлади.